Ўзбекистон ШҲТни кенгайтиришни қўллаб-қувватлади
Жамият
−
01 Сентябрь 2025 3405 2 дақиқа
Ўзбекистон Шанхай ҳамкорлик ташкилотини (ШҲТ) янги аъзолар ва ҳамкорларни қўшиш орқали кенгайтириш тарафдори. Бу ҳақда бугун, 1 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Тяньцзинь шаҳрида ўтаётган ШҲТ саммитида сўз очди.
“Биз Ташкилотнинг изчил кенгайиши тарафдоримиз. Чунки “ШҲТ модели”нинг муваффақияти унинг очиқлиги ва кенг кўламли ҳамкорликка йўналтирилганидадир. Биз ўз келажагини ШҲТ билан боғлиқ ҳолда кўраётган давлатларнинг интилишларини қўллаб-қувватлашга тайёрмиз”, деди Мирзиёев.
Ўзбекистон етакчисининг айтишича, ШҲТнинг мулоқот бўйича шериклари таркиби, жумладан, бошқа минтақа давлатлари ҳисобидан кенгайиб бораётгани ташкилотни Глобал Жануб мамлакатлари билан ҳамкорлик платформасига айлантиришга ёрдам беради.
Шунингдек, Мирзиёев ШҲТнинг самарадорлигини ошириш, унинг институтлари ва қарорларни амалга ошириш механизмларини мустаҳкамлаш зарурлигини қайд этган.
“Ташкилотни трансформация қилиш бўйича Самарқанд саммитида бошланган жараёнлар ушбу муҳим вазифаларни ҳал этишга ёрдам беради, деб ишонаман”, деди Ўзбекистон етакчиси.
Қайд этиш жоиз, ШҲТнинг Самарқанд саммити 2022 йил 16 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида бўлиб ўтган. Самарқанд саммитида Мирзиёев умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлида “Самарқанд бирдамлиги ташаббуси”ни илгари сурди. Самарқанд ташаббусининг асосий мақсади халқаро ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида барча манфаатдор давлатларни глобал цивилизациялараро инклюзив мулоқотга жалб қилиш, келишилган ёндашувлар ва ечимларни топиш, ишончни тиклаш, глобал кескинлик, ноаниқлик ва олдиндан айтиб бўлмайдиган ҳолатларни бартараф этишдан иборат. Ўзаро ҳамкорликнинг ушбу формати маданий-цивилизацион, миллатлараро, динлараро ҳамкорликни ривожлантириш орқали мавжуд қарама-қаршиликлар ва келишмовчиликларни юмшатиш учун дунё давлатлари ва халқларининг саъй-ҳаракатларини бирлаштиришга қаратилган. Моҳиятан, Самарқанд ташаббуси БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 2001 йилда қабул қилинган ва ҳукуматларни цивилизациялар ўртасидаги мулоқотни рағбатлантириш, маъқуллаш ва қўллаб-қувватлашга чақирувчи БМТнинг Цивилизациялар мулоқоти тўғрисидаги декларациясининг амалий ифодасидир.
Маълумот учун, ШҲТ 2001 йил 15 июнда Шанхайда ташкил топган. Дастлаб у олтита давлат – Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Хитой, Тожикистон ва Ўзбекистонни ўз ичига олган бўлса, 2017 йилда Ҳиндистон ва Покистон, 2023 йилда Эрон, 2024 йилда Беларусь ташкилотга аъзо бўлди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025