Ўзбекистон Россиядан келишилганидан икки баравар кўпроқ газ сўрагани очиқланди
Олам
−
27 Декабрь 2023
8242Ҳозирда “Газпром” Ўзбекистонга “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали техник жиҳатдан мумкин бўлган максимал ҳажмда газ етказиб бермоқда. Бу ҳақда “Газпром” раҳбари Алексей Миллер Россия Президенти Владимир Путин билан кеча, 26 декабрь куни бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.
“Декабрь ойида Ўзбекистонга совуқ ҳаво келди, ўзбекистонлик дўстларимиз ва ҳамкасбларимиз Ўзбекистонга газ етказиб беришни имзоланган шартнома бўйича кунлик мажбуриятларимиздан икки баравар кўпроқ ҳажмда оширишни сўрашди. Ҳозирда декабрь ойида биз Ўзбекистонга техник жиҳатдан мумкин бўлган максимал ҳажмдаги газни Марказий Осиё – Марказ газ қувури орқали етказиб берамиз”, дейди у.
Унинг қайд этишича, “Газпром” Ўзбекистонга газ етказиб бериш бўйича сўровларни тўлиқ қондиради..
2023 йил июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан икки йиллик газ сотиб олиш тўғрисида шартнома тузди, кунлик етказиб бериш ҳажми 9 миллион куб метрни, йиллик етказиб бериш эса деярли 2,8 миллиард куб метрни ташкил қилади.
Ушбу шартнома бўйича етказиб бериш 2023 йил 7 октябрда бошланган. Шу билан бирга, Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ соҳасидаги ҳамкорлик горизонти 15 йилни ташкил этади ва узоқ муддатли ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома 2024 йил ўрталарида тузилиши мумкин. “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Россия газини тескари йўналишда етказиб бериш 2025 йилнинг ноябридан кечиктирмай амалга ошиши керак.
Эслатиб ўтамиз, Мустақил давлатлар ҳамдўстлигининг кеча, 26 декабрь куни Санкт-Петербургда бўлиб ўтган норасмий саммити доирасида Россия Президенти Владимир Путин Қозоғистон ва Ўзбекистон раҳбарлари билан газ соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилди.
LiveБарчаси