Ўзбекистон Россиядан қўрқадими? Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
18 Февраль
19685Журналист, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори Шерзодхон Қудратхўжа билан кўпинча гапимиз гапимизга тўғри келмайди, қарама-қарши фикрлари кўп. Аммо бу сафар у билан ҳамфикрмиз.
Ўзбекистон Маданият вазири Озодбек Назарбеков билан эса муносабатларимиз жуда илиқ ва кўп йиллик. Бироқ бу унинг вазир бўла туриб масъулияти чекланган жамиятга таъсисчилиги ёки унинг хизмат автомобили кўчада одам уриб юборганини яшириш мумкинлигини англатмайди. Навальний билан эса умуман алоқамиз йўқ. Лекин унинг ўлими нафақат россияликлар, балки дунёдаги ўзгаришларга ўзини дахлдор деб билган барча учун ўта таажжубли. Эътиборингизга Ҳафта воқеалари таҳлилини ҳавола этамиз.
Озодбек Назарбековнинг хизмат машинаси велосипедчини уриб юборди
Ҳафта охири Озодбек Назарбеков яна диққат марказида турибди. Унинг хизмат машинаси 16 февраль куни Андижон вилояти Қорасув шаҳрида велосипедда ҳаракатланиб кетаётган эркакни уриб юборган.
Ҳодиса акс этган видеодан кўриш мумкинки, велосипед ҳайдовчиси йўлнинг белгиланмаган қисмидан кесиб ўтаётган бўлган. Автомобиль уни уриб юборгач, ундан биринчи бўлиб вазир Назарбековнинг ўзи отилиб тушган ва ёрдам кўрсатишга уринган. Ижтимоий тармоқларда эса Назарбековнинг шифохонагача боргани акс этган суратлар тарқалди.
Маданият вазирлигининг маълум қилишича, тиббий текширувлар натижасида йўловчининг соғлиғи билан боғлиқ жиддий, хавотирли ҳолат йўқлиги аниқланган.
Лола Каримова-Тилляева АҚШдаги қасрини сотди
1999 йил 16 февралда Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг ҳаётига суиқасд уюштирилганди. Тошкент осмони қора тутунлар билан тўлган, мамлакатдаги энг йирик қўпорувчилик ҳаракатлари амалга оширилган ўша машъум кун ҳақида QALAMPIR.UZ’нинг видеосида батафсил билиб олишингиз мумкин.
Ҳозир эса бошқа нарса ҳақида гаплашамиз. 99-йил воқеаларидан нақ 25 йил ўтиб, жорий йилнинг 16 февралида Америкадаги “The Wall Street Journal” газетаси Ислом Каримовнинг кенжа қизи Лола Каримова-Тилляева ўзининг Беверли-Хиллздаги тахминан 4450 квадрат метрлик “Le Palais” номли саройини 36 миллион долларга сотиб юборгани ҳақида хабар берди.
Маълумотларга кўра, Лола Каримова-Тилляева ва унинг турмуш ўртоғи, тадбиркор Тимур Тилляевга алоқадор компания 2013 йилда мазкур саройни 32,75 миллион долларга сотиб олган. Уй кимга сотилгани маълум эмас.
Уй 2011 йилда Лос-Анжелес ҳудудида кўплаб ҳашаматли уйлар қурган Жижи ва Белла Ҳадиднинг отаси Муҳаммад Ҳадид томонидан барпо этилган. Уй Беверли-Хиллз меҳмонхонаси рўпарасида жойлашган бўлиб, қўлда ўйилган француз оҳактош фасадига эга. Мулк ҳужжатлари шуни кўрсатадики, уйда еттита ётоқхона бор.
WSJ’нинг қайд этишича, Тилляеванинг Лос-Анжелесдаги уйи унга тегишли кўчмас мулк рўйхатидаги энг қиммати эмас. Тилляевларнинг Швейцариядаги қасри тахминан 47 миллион Швейцария франкига баҳоланган.
Маълумот учун, 2020 йил август ойида АҚШ матбуоти Лола Тилляева Қўшма Штатлардаги энг қиммат ҳудудлардан бири ҳисобланган Голливуд тепалигидаги бир эмас, учта виллани сотувга қўйгани ҳақида ёзган. Учала вилланинг ҳар бири 2014 йилда 16,1 миллион доллардан сотиб олинган, бироқ 2020 йил августида улар 18,9 миллион долларга баҳоланган.
Лола Каримова-Тилляева отасининг вафотидан сўнг, турмуш ўртоғи Тимур Тилляев ва фарзандлари билан АҚШга кўчиб ўтган. У масофадан туриб, “Сен ёлғиз эмассан” фонди ҳамда Ислом Каримов номидаги Республика хайрия жамоат фондини бошқариб келади. У АҚШда "The Harmonist" атторлик буюмлари брендига асос солган.
Шерзодхон Қудратхўжанинг интервьюси ортидан Ўзбекистон элчиси Россия ТИВга чақиртирилди
Бутун ҳафта давомида кенг муҳокама қилинган, кўпчиликнинг норозилигига сабаб бўлган мавзу бор. Бу ҳам бўлса, Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори ҳамда Миллий медиа ассоциацияси раиси Шерзодхон Қудратхўжа билан содир бўлган воқеа. Унинг блогер Кирилл Алтьманга берган интервьюсида айтган гапи кимсан Россиянинг жиғига тегибти.
Қудратхўжаям ўзининг муаллифлик гапини эмас, балки немис файласуфи Карл Маркс айтганини эслаб, “бир мамлакатда яшаб туриб, ўша ердаги халқнинг тилини билмайдиганлар ё босқинчи, ёки ахмоқ” деганди.
“Карл Маркс таъкидлаганидек, ўзи яшаётган мамлакатнинг тилини икки киши билмаслиги мумкин: биринчиси — босқинчи, кўпчиликнинг наздида улар босқинчидир, иккинчиси аҳмоқ, ўйлай олмайдиган, ўқий олмайдиган одам. Шундай экан, ўзлари бир хулоса чиқарсинлар. Хўш, улар босқинчими ёки аҳмоқ? Мендан хафа бўлишмасин”, деган Шерзодхон Қудратхўжа.
Унинг бу гапидан кейин Ўзбекистоннинг Москвадаги элчиси Ботиржон Асадов Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Ҳа-ҳа, таклиф қилинмади, чақиртирилди. Расмий Москва яқин орада Ўзбекистон ТИВдан ушбу "жирканч" баёнотларга тўғри баҳо берилган расмий изоҳ тақдим этишини талаб қилган.
“Бундай мулоҳазаларнинг мазмуни ва оҳанги Россия ва Ўзбекистонни боғловчи чуқур стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларига мутлақо зиддир”, дея ўз норозилигини ифодалаган Россия ТИВ.
Россиядаги сиёсий партия ҳамраисининг Ўзбекистонни босиб олиш ҳақидаги “Россия Сегодня” халқаро мультимедиа матбуот марказида жаранглаган баёноти ва шовинист тарихчининг Бутунроссия федерал телеканали НТВ эфиридан туриб, ўзбек миллатининг 3 минг йиллик тарихини йўққа чиқарадиган алжираши уларнинг субьектив фикри эмиш-у, университет ректорининг оддий YouTube каналига берган интервьюсида Карл Марксдан иқтибос келтириши “жирканч” баёнот экан. Бошим кал, кўнглим нозик, деб шуни айтсалар керак-да.
Бу ҳам етмагандек, МДҲ масалалари бўйича федерал агентлик (“Россотрудничество”) раҳбари Евгений Примаков Шерзодхон Қудратхўжа билан ҳар қандай мулоқот ва алоқаларни тўхтатганини эълон қилди.
“Ишончим комилки, жаноб Қудратхўжа нафақат ўзи, балки яқинлари ҳам Россияда ўқиш, у билан фойдали бизнес юритиш, стажировкада қатнашиш ва бошқа имкониятларни қўлга кирита олмаса, ҳатто ўзи ёқтирмайдиган давлатга шунчаки ташриф буюра олмаса ҳам, хафа бўлмайди”, дейди Примаков.
Россия ҳукумати ректорнинг шахсий фикрига нисбатан кескин жавоб қайтариши Ўзбекистон жамоатчилиги орасида норозиликларга сабаб бўлмоқда ва кўпчилик Қудратхўжани қўллаб-қувватлашини билдиряпти.
Аброр Мухтор Алийнинг шикояти рад этилди
Блогер Аброр Мухтор Алий (Аброр Абдуазимов) Шайхонтоҳур тумани ҳокимлигида бақир-чақир қилиб, жанжал кўтаргани учун 15 суткага қамалганидан хабарингиз бор. 13 февраль куни Аброр Абдуазимовнинг адвокати суд қарори устидан аппеляция шикояти ёзган. 14 февраль куни суд мажлиси бўлиб ўтган.
Суд адвокатнинг шикоятини рад этган ва Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Шайхонтоҳур туман суди қарори ўзгаришсиз қолдирилган.
Биринчи суд мажлисида Аброр Мухтор Алий ва унинг жанжалда иштирок этган шериги ҳам айбига иқрор эканини билдирганди.
Суд қарорига кўра, уларнинг ҳар иккаласига 340 минг сўм миқдоридаги жарима ва 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланганди.
Шунингдек, суд уларнинг оилавий шароитини инобатга олиб, судланувчиларни қамоқда сақлаш билан боғлиқ харажатлардан озод қилган.
Навальний ўлди
Россиялик мухолифатчи, Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси Алексей Навальний қамоқда ўлди. У Ямало-Ненец автоном округидаги Харп қишлоғида жойлашган 3-сонли “Қутб бўриси” ахлоқ тузатиш колониясида сақланаётган эди. Федерал жазони ижро этиш хизматининг Ямал-Нанец бўйича департаментининг маълум қилишича, 16 февраль куни Навальний сайрдан сўнг ўзини ёмон ҳис қилган ва дарҳол ҳушини йўқотган.
“Муассаса тиббиёт ходимлари зудлик билан етиб келди ва тез тиббий ёрдам бригадаси чақирилди. Барча зарур реанимация чоралари кўрилган, бироқ ижобий натижа бермаган. Тез тиббий ёрдам шифокорлари маҳкумнинг ўлимини тасдиқлади. Ўлим сабаблари аниқланмоқда”, дейилади хабарда.
Кремль матбуот котиби Дмитрий Песковнинг айтишича, Президент Путин ўша куннинг ўзидаёқ Навальнийнинг ўлимидан хабар топган.
Кўпчилик мухолифатчининг ўлимини Путин билан боғламоқда. Навальнийнинг ўлими ҳақидаги хабарларга биринчи бўлиб изоҳ берган Латвия Президенти Эдгар Ринкевич Россия расмийларини қотилликда айблади. Ринкевичга кўра, ҳозирги Россиянинг асл қиёфасини ҳамма билиши керак.
Буюк Британия Бош вазири Риши Сунак эса Навалнийнинг ўлимини рус халқи учун катта фожиа, деб атаган.
Ўз навбатида, АҚШ Президенти Жозеф Байден Навальнийнинг ўлимида бевосита Россия Президенти Владимир Путиннинг қўли борлигини айтди.
Мухолифатчининг ўлими ортидан Москвада жамоатчилик 16 февраль соат 17:00 дан бошлаб сиёсий қатағон қурбонлари ёдгорлиги олдига Навальний хотираси учун йиғилиб, гул қўйишни бошлади. Тошкентликлар ҳам Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси ва қатағон қурбонлари музейи олдига гуллар қўйиб кета бошлади.
17 февраль куни Алексей Навальний хотирасига бағишланган намойишларда камида 100 дан ортиқ киши ҳибсга олинди.
Навальнийнинг аёли Юлия Навальная Мюнхендаги хавфсизлик анжуманида минбарга чиқиш ёки чиқмаслик ҳақида ўйлагани ва ўзини Алексейни ўрнига қўйиб кўриб, нутқ сўзлашга қарор қилганини айтди. У сўзида Путин ва унинг Ҳукуматига, Россиянинг расмий ахборот агентликлари бераётган маълумотларга ишонмаслигини билдириб, эрининг ўлимида давлат раҳбари ва унинг тарафдорларини айблаган.
АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис Мюнхенда бўлиб ўтаётган хавфсизлик конференциясида Юлия билан учрашди. Вице-президент мухолифатчининг вафоти ҳақидаги хабарлардан чуқур қайғу ва ғазабда эканини билдирган.
Алексейнинг онаси Людмила Навальная эса ўзининг Facebook саҳифасида ўғлининг ўлими ҳақидаги хабарга изоҳ бериб, одамлардан таъзия билдирмасликларини сўраган.
"Мен таъзия эшитишни хоҳламайман. Биз ўғлимизни 12 февраль куни колонияда кўрдик, учрашдик. У тирик, соғлом ва хурсанд эди", деган.
Фарзанд доғини кўрган шўрлик она сиёсатчи вафот этган Харпдаги "Қутб бўриси" қамоқхонасига борди. Унга ўлим гувоҳномасини беришган, бироқ ўғлининг жасади кўрсатилмаган, Салехарддаги ўликхонада экани айтилган. Она айтилган манзилга борган, аммо у ерда ҳам ўғлининг жасади йўқлиги ҳақида жавоб олган.
Навальний билан боғлиқ хабарларни кўздан кечираётиб, унинг бир неча йил аввал берган интервьюсида 44 ёшида вафот этиши мумкинлиги ҳақида айтган гапларига кўзим тушди. Албатта, Навальний 44 ёшида вафот этмади, лекин гап унинг вафотида эмас, қандай вафот этганида кетмоқда. Пригожин бир, Навальний икки. Рўйхатнинг давомида кимлар борлиги кишини хавотирга солади.
Қирғизистонда нима гаплар?
Шу ҳафтада Қирғизистон Президенти Садир Жапаров мардларча қанча мулки борлигини очиқлади. Унинг ёзишича, Президент 20 миллион долларлик мулкка эгалик қилади ва уни қонунийлаштириш учун давлатга 1 миллион қирғиз соми миқдорида пул тўлаган.
"Менинг хорижда жамғармаларим йўқ, агар бўлса ҳам, уларни банкларимизга қўйган бўлардим. Мен намуна бўлмоқчи бўлдим ва биринчи бўлиб ўз мулкимни қонунийлаштирдим”, дейди Жапаров.
Шунингдек, Президент мамлакат пойтахти Бишкекда унга тегишли бино борлигини ва ундан 2020 йилги президентлик сайловларида штаб-квартира сифатида фойдаланганини маълум қилди.
Президент бой қирғизистонликларни 2024 йил 1 июлдан кучини йўқотадиган қонундан фойдаланиб, мулкини қонунийлаштириш ва хорижий банклардаги пулларини маҳаллий банкларга ўтказишга чақирди. Унинг қўшимча қилишича, давлат қонунийлаштирилган капитал 100 фоиз сақланишини кафолатлайди.
Қирғизистондан узоқлашмаймиз, мамлакатда нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги қонунга ўзгартириш киритиш таклифи 2023 йил бошида парламент депутати Нодира Норматова томонидан илгари сурилган эди. У қонунчиликка чет элдан маблағ олувчи нодавлат нотижорат ташкилотларига “хорижий вакил” атамасини киритиш, шунингдек, бундай ташкилотлар реестрини яратишни таклиф қилган. Бундай қонун Россияда 2012 йилда пайдо бўлган. Россияда улар “хорижий вакил” эмас, "хорижий агент" деб аталади. Мамлакатда бир неча юзлаб ташкилотлар ва шахслар "хорижий агентлар" рўйхатига киритилган.
Қирғизистонлик депутат эса реестрга кириш – ташкилотнинг мамлакатда фаолият юритишига рухсат берилганлигини билдиришини айтади.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Президент Жапаровга мактуб йўллаб, Қирғизистонда қабул қилиниши кутилаётган хорижий агентлар тўғрисидаги қонун лойиҳасидан хавотир билдирди. Қирғизистон раҳбари эса унга ёзган жавоб хатида катта жасорат билан Блинкендан республиканинг ички ишларига аралашмасликни сўради. Шунингдек, Жапаров нодавлат ташкилотлар “халқ орасида ёлғон, ишончсиз маълумот” тарқатаётгани сабабли АҚШ томонидан молиялаштирилган маблағлар аудитини ўтказишни таклиф қилди.
"Биз тенг ҳуқуқли ҳамкорлик тарафдоримиз ва барча давлатлар ва халқаро ҳамкорлар, жумладан, АҚШ билан ҳамкорлик қилишга тайёрмиз. Ягона илтимосим – мамлакатимизнинг ички ишларига аралашманг”, дейди Жапаров.
Президент мактуб якунида Блинкенни Қирғизистонга келиб, мамлакатда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари Конституция ва қонунлар билан ишончли ҳимоя қилинаётганини ўз кўзи билан кўришга таклиф қилган.
Пора билан ушланган прокурор-у судьялар
Коррупция жамиятни ичидан кемирадиган иллатдир. У ижтимоий адолатсизликни келтириб чиқаради. У билан курашиш ҳар биримизнинг, айниқса, бу учун масъул бўлган шахслар ва тузилмаларнинг бурчи. Бироқ онангни қози сўкса, додингни кимга айтасан деганларидек, коррупцияга қарши курашиши керак бўлганларнинг ўзи пора олиб ўтирса, бунга нима дейсиз.
Ўтаётган ҳафтада пора билан ушланган амалдорлар ҳақида шу қадар кўп хабарлар чиқдики, бу одатий ҳолдек туюла бошлади.
“Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ Қашқадарё филиали бош муҳандиси ўринбосари 4 минг доллар, Жиззах вилояти “Тоза ҳудуд” ДУК бош ҳисобчиси 5 минг доллар, Миллий Гвардиянинг Сирдарё вилоят Қўриқлаш бошқармаси хизматни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш бўлими бош инспектори 1500 доллар, Ўзбекистон Ҳакамлик судлари Ассоциациясининг Навоий вилоят ваколатхонаси ҳузуридаги доимий фаолият кўрсатувчи ҳакамлик суди судьяси 500 доллар ва 6 млн 250 минг сўм, Фуқаролик ишлари бўйича Қўқон туманлараро суди ходими 1 минг доллар пулни пора сифатида олаётган вақтида, жиноят устида ушланган.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. “Йирикроқ балиқ” Бухоро вилоятининг Когон туманида ушланди. QALAMPIR.UZ манбасининг маълум қилишича, 13 февраль куни ДХХ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда Когон тумани прокурори Баҳодир Ғуломов 90 минг АҚШ доллари олаётганда ушланган.
Аниқланишича, Баҳодир Ғуломов Бухоро вилояти прокуратураси иш юритувидаги "Когон ёғ-экстракция заводи" АЖ мансабдор шахсларига нисбатан жиноят иши бўйича қидирувда бўлган жамият таъсисчиси М.И.дан унга нисбатан қўлланилган қамоқ эҳтиёт чорасини бекор қилиш ва жиноят иши бўйича енгиллик қилиб беришини айтган.
Ҳозирда ҳолат юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Когондаги воқеадан Президент Шавкат Мирзиёев ҳам хабар топган. Президент 16 февраль куни Андижон вилоятига сафари давомида Хонобод шаҳрида ўтказган йиғилишда прокурорнинг қўлга олиниши бўйича унга киритилган маълумотларни очиқлади.
“Когон туманининг прокурори 100 минг доллар билан қўлга тушди. Мен буни нима учун элга айтяпман? Прокурор ўзининг ҳаракати билан бундай нарсалар амалга ошириляптики, ўзи курашчи бўлиб, унинг ҳодими ўғри бўлса, дардимизни кимга айтайлик? Индаманглар охиригача. Эртага суддан қайтмаслиги керак бу, дедим. Секин-секин 200 минг долларни гаплашган. 91 минг долларни олиб келяпти, йўқ қолганини ҳам олиб келасан деяпти. Униям индаманглар, дедим. Секин 3-куни 91 мингини олиб келганда, 101 мингини олиб келинглар деяпти”, дея воқеани тушунтиради Мирзиёев.
Маълумот учун, Баҳодир Ғуломов Когон тумани прокурори лавозимига 2022 йилнинг апрелида тайинланган эди. У аввал Бухоро вилояти прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаган.
Истанбулда “Моня хоним” қўлга олинди
Жиноят оламида “Моня” тахаллуси билан танилган Мунисахон Олижонова ҳам ўтаётган ҳафтада Туркиянинг Истанбул шаҳрида қўлга олинди. 2001 йилда туғилган Мунисахон одам савдоси жиноятини содир этганликда айбланиб, 2023 йилдан буён Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувда бўлган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ойда халқаро одам савдоси жинояти доирасида қидирувга берилиб, “Мадам Клод” тахаллуси билан танилган Нилуфар Мирханова, фирибгарлик айблови билан халқаро қидирувда бўлган ва Туркияда қўлга олинган Ўзбекистон фуқароси Рита Халилова, фуқароларнинг кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштиришда айбланиб, Туркияда қўлга олинган яна икки ўзбекистонлик Тошкентга депортация қилинганди.
“Қўқонлик табиб”нинг фаолияти юзасидан тезкор суриштирув ҳаракатлари тайинланган
Эшитдингизми, “Қўқонлик табиб” одамларни “куф-суф” қилиб даволаётган экан. Мижози кўп бўлса керак, унинг хавфсизлиги билан шахсий қўриқчилари шуғулланаркан.
Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг QALAMPIR.UZ’га маълум қилишича, “Қўқонлик табиб” номи билан танилган Иқболжон Солиевнинг фаолияти юзасидан ички ишлар органлари томонидан тезкор суриштирув ҳаракатлари тайинланган. Уни махсус ҳарбий кийимда қўриқлаётган 4 нафар “тан соқчи”сига эса Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 209-1-моддаси (вазирликлар, идоралар ва ташкилотлар ходимларининг формали кийим бошини қонунга хилоф равишда кийиб юриш) билан баённома расмийлаштирилган.
LiveБарчаси