Мирзиёевдан узоқлашган Умурзоқов, Саидани мақтаган Байден, дакки эшитган Қудбиев, қулаган кўприк ва собиқ ҳокими жавоб бераётган Қибрай – Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
19 Август 2023
26173Ит одамни эмас, одам итни тишлагани янгилик. Ҳафта давомида содир бўлган воқеаларни саралашда шу қоидага амал қиламиз ва айрим ҳолларда бир ҳафталик дастуримизга етадиган даражада муҳим воқеаларни топиб бўлмай қолади. Аммо бу ҳафта шу қадар қайноқ, шу қадар юқорида мен айтган тамойилимизга мос ва хос бўлган воқеалар содир бўлдики, қай биридан бошласам экан, деб роса бош қотирдим. Бу йил олий таълим муассасаларига ҳужжат топширган йигит-қизларнинг ярми лоқал 56,7 бўлган кириш балини ҳам тўплай олмаганими, долларнинг ошганидан тез уришни бошлаган юрагим эндигина ўз ўрнига тушганда АИ-92 маркали бензин нархи 600 сўмга ошиб турганими, тушиши ваъда қилинган долларнинг кун сайин ошиб кетаётганиними, қай бирини айтай? Айтсам тилим, айтмасам дилим оғрийди. Демак, навбатдаги ҳафта воқеалари таҳлили билан танишинг.
Кўприк битмай туриб қулади
Ҳафталик таҳлилимизни ўтган ҳафтанинг охирида содир бўлиб, ҳафта бошида катта муҳокамаларга сабаб бўлган, аммо бунданда оғриқли мавзулар қаторида жуда тез унутилаёзган фожиани эслатишдан бошласам.
12 август куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Бобур” кўчасидан Ислом Каримов номидаги “Тошкент халқаро аэропорти”га олиб борувчи ва “Содиқ Толипов” кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи йўл ўтказгични қайта қуриш объектида узунлиги 42 метрлик 5 дона балкалар қулаб тушган.
Йўл ўтказгич қурилиши Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан амалга оширилаётган эди.
“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ берган маълумотларга кўра, воқеа оқибатида ҳеч ким жабрланмаган, бироқ тарқалган видеодан кўриш мумкинки, битта кран бетон тўсинлар остида қолган.
Транспорт прокуратураси ушбу ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилиб, 3 нафар мансабдор ушлангани, ҳодиса оқибатида 2 млрд 760 млн сўмлик зарар етганини маълум қилди.
Йўл ўтказгичнинг қулаши сабабларини ўрганиш учун ҳудудга етиб келган журналист ва унинг оператори ҳудуддан ҳайдаб чиқарилди, оператор дўппосланди, камерасига зарар етди. Воқеа юзасидан ИИВ Транспорт ва туризм объектларида хавфсизликни таъминлаш департаменти томонидан Жиноят кодексининг 277-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилди. Муштумзўр ходимни эса иш жойидагилар яхши гаплар билан эслади.
“Кеча содир бўлган воқеа жуда ёмон ҳолат. Қўл остимда ишлайдиган иш бошқарувчим жуда оғир-босиқ, унча-бунчага жаҳли чиқавермайдиган одам эди. У ҳозир ишдан бўшатилди. Мен унинг ишини оқламоқчи эмасман, аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор: журналистлар ҳудудга кирганида махсус кийимлар билан талабларга риоя қилган ҳолда киришса, ҳеч ким уларни ҳайдамайди, ҳеч ким уролмайди. Биз ҳам интервью олиш, видеоматериал тайёрлашга кўмаклашган бўлар эдик”, дейди “Кўприкқурилиш” УК 67-қурилиш отряди бош муҳандиси Жаҳонгир Набиев.
Мен сизга айтсам, бунгача ҳам журналистлар дўппосланган, уларнинг касбий фаолиятини амалга оширишига тўсқинлик қилинган ва кўп ҳолларда ўша қўлига эрк берганлар жазодан қутилиб қолган. Бу биринчиси эмас, ишонаманки, охиргиси ҳам бўлмайди. Бугун журналистни дўппослаш осон. Ҳолат бундан олдингилари каби безорилик ёки шунга ўхшаган моддалар билан малакаланади. Қарға қарғанинг кўзини чўқимайди дейишади. Журналистнинг фаолият юритишига тўсқинлик қилишни жиноий жавобгарлик сифатида белгилаш ҳақида режалар эса унутилиб, гаплар қуруқ ваъдалигича қолиб кетаверади.
“ГУВД”дан ўлик чиқди
Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида 33 ёшли фуқаро вафот этди. Бу ҳақда бошқарманинг ўзи хабар берди. Мен ҳозир ўқиб берадиган барча маълумотлар ИИББга тегишли ва буларга QALAMPIR.UZ’нинг алоқаси йўқ.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан Тошкент шаҳри худудида ўта оғир турдаги жиноятларни содир этган уюшган жиноий гуруҳнинг жиноий фаолиятини фош этиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 137-моддаси 2-қисми “в” банди (“Одам ўғирлаш”), 165-моддаси 3-қисми “а” банди (“Товламачилик”) ва 277-моддаси 2-қисми “б” банди (“Безорилик”) билан қўзғатилган жиноят иши доирасида, тезкор-тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 29 июль куни соат 22.00ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси “Биродарлар қабристони” ҳиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқарони уриб-дўппослаб, сўнг автоуловга мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб бориб, жабрланувчини эркига зид равишда ушлаб туриб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилганлар. Шунингдек, жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркия давлатида бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорида қарз олганлиги ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олишган.
Шунингдек тергов жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқарони Туркия давлатида бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб туриб, жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштиришга эришганлар. Жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларга мурожаат қилмай келган, бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, шифохонага “Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари” ташхиси билан ётқизилган.
Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари – 1990 йилда ва 1991 йилда туғилган фуқаро аниқланиб, қўлга олинган.
12 август куни 1991 йилда туғилган гумонланувчи фуқарога нисбатан Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексининг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ички ишлар органи ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар фуқаро ҳушига келмай, вафот этган. Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими “Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги” оқибатида юзага келган.
Юқорида баён қилганларимнинг ҳаммаси Ички ишлар бош бошқармаси томонидан берилган маълумотлар. Шу ўринда савол туғилади. Ички ишлар ўз баёнотида бир марта вафот этган фуқаро гумонланувчи эканини эслатяптию нега жиноятга оид маълумотларни қайд этаётганда ҳали суд ҳукми бўлмай туриб, ўша фуқаролар бу жиноятни содир этгани аниқ исботлангандек баён қилиняпти. Айбсизлик презумпцияси қаерда қолди? Жиноят ҳақиқатдан содир этилган ё этилмагани бўйича охирги сўз ҳаққи судники эмасми?
Дарвоқе, Бош прокуратурага кўра, Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасидан ўлик чиқиши ортидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш зарурати туғилгани сабабли, Жиноят кодексининг 206-(Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 235-(Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Боя журналистнинг дўппосланиши ва айбдорлар жазодан қутилиб қолиши биринчи ҳолат эмаслигини айтгандим. Жумладан, ички ишлар органларига ўз оёғи билан кириб борган фуқаронинг у ердан жасади олиб чиқилиши ҳам биринчи марта учраётгани йўқ. Жорий йилнинг 3 июнь куни Тошкент вилоятининг Бўка туманида фуқаро ИИБ ходимларининг ноқонуний сўроқ қилиши ва жароҳат етказиши оқибатида вафот этганди. Ўшанда ҳам лўли элатига мансуб бўлган 36 ёшли фуқаро марҳум Усмон Салимбоевни ноқонуний сўроқ қилган ва жароҳат етказган ходимларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.
Худди ўша пайтда“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ИИВ тизимини ислоҳ қилиш бўйича 10 таклиф билан чиқиб, сўнгги рўй берган қийноқ ҳолатлари юзасидан Ички ишлар вазирлиги раҳбарияти батафсил ахборот бериши ҳамда тизимда қийноқларга барҳам бериш бўйича аниқ режаларини жамоатчиликка тақдим этиши кераклигини айтганди. Аммо ҳали натижалар кўринганича йўқ.
Сардор Умурзоқов Администрация раҳбарлигидан кетди
Тугаётган ҳафтанинг журналистлар таъбири билан айтганда “ҳақиқий бомба” хабари 2022 йилнинг 16 июлидан бошлаб Президент Администрацияси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган Сардор Умурзоқовнинг вазифасидан озод қилиниши бўлди, десак хато бўлмайди. Ундан олдин ушбу лавозимда ишлаган Зайнилобиддин Низомиддинов қарийб олти йил Президент Администрациясини бошқарганини ҳисобга олсак, бир йил жуда оз фурсат. Умурзоқов нима учун бу лавозимдан четлатилгани сабаблари очиқланмади, аммо унинг кетиши ортидан Президент Администрацияси раҳбари лавозими ҳам тугатилди.
Шунингдек, давлат раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг тегишли фармони билан Администрация тузилмасига бир қатор ўзгартиришлар киритилди. Хусусан, Администрация раҳбари лавозимига мос равишда унинг ҳудудлардаги ёрдамчилари лавозимлари, Администрация раҳбарининг ҳудудлардаги ёрдамчилари котибиятлари ва ушбу котибиятлар фаолиятини мувофиқлаштириш шўъбаси ҳам тугатилди.
Умурзоқов эса ишсиз қолгани йўқ. У шу куннинг ўзида Президентнинг махсус топшириқлар бўйича маслаҳатчиси лавозимига тайинланди.
Сардор Умурзоқов 1977 йил 23 ноябрда Тошкентда туғилган. Тошкент давлат иқтисодиёт университетини ва Буюк Британиянинг Рэдинг университетини тамомлаган.
2007 йилда Молия вазирлиги Ғазначилиги бошлиғи ўринбосари, биринчи ўринбосари, Тошкент шаҳар Ғазначилиги бошлиғи лавозимларида ишлаган.
2014-2017 йилларда “Ўзбекчармпойабзали” уюшмаси бошқаруви раисининг маслаҳатчиси, 2017-2018 йилларда раис ўринбосари бўлган. Уюшма қайта ташкил этилиб, “Ўзчармсаноат”га айлантирилгач, 2018-2019 йилларда унга раислик қилган. 2019 йил 28 январда Инвестициялар ва Ташқи савдо вазири этиб тайинланган. 2020 йилнинг март ойидан Бош вазирнинг инвестициялар ва ташқи иқтисодий алоқалар масалалари бўйича ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири лавозимида фаолият юритган.
Узунқулоқ гапларга қараганда, Президент Администрациясидаги ўзгаришлар шу билан тугагани йўқ. Тез орада янги ва шов-шувли тай инловлар кутилмоқда.
Дарвоқе, 18 август куни Президент Шавкат Мирзиёев доимий анъанага содиқ қолиб, тадбиркорлар билан учрашди. Президент Матбуот хизмати тақдим этган суратлар ва телевидениеда эфирга узатилган учрашувда Сардор Умурзоқов иштирок этган бўлса-да, суратларда умуман кўринмади, телевидение эфирида ҳам йирик планда кўрсатилмади.
Байден Мирзиёевга қизи Саидани мақтаб мактуб ёзди
АҚШ Президенти Жозеф Байден Ўзбекистон Президентига мактуб йўллади. У ўз хатида АҚШ ва Ўзбекистон стратегик ҳамкорлиги йўлида Мирзиёев билан ишлаганидан, унинг қизи Саида Мирзиёевани Вашингтонда кутиб олиш шарафига муяссар бўлганидан мамнунлигини билдирган:
“Сизнинг раҳбарлигингизда Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида ишлаганимиз учун ташаккур.
Ўтган йил давомида биз ҳамкорлигимизни янги марраларга олиб чиқдик, жумладан, савдо ва инвестицион алоқаларимизни мустаҳкамлаш, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва минтақавий муаммоларни ҳал қилишда биргаликда ишладик”, дейди Жозеф Байден.
У ўз сўзида, Вашингтон Ўзбекистонда Мирзиёев бошчилигида олиб-борилаётган ислоҳотларни қатъият билан қўллаб-қувватлашини билдирган.
Жорий йилнинг март ойида Мирзиёевнинг тўнғич қизи – Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёева АҚШга бориб, сув масалалари бўйича бўлиб ўтган БМТ анжуманида Ўзбекистон номидан чиқиш қилиб, Вашингтонда бир қатор расмийлар билан учрашувлар ўтказгани хабар қилинганию лекин унинг Оқ уйда меҳмон бўлгани ҳақида маълумот берилмаганди. Байден ўз мактубида Саида Мирзиёеванинг Оқ уйга борганини ҳам хотирлаган:
“Қизингиз Саидани шу йил бошида Оқ уйда кутиб олиш шарафига муяссар бўлдик. Унинг ҳимояси ва сизнинг гендер ҳамда оилавий зўравонликни жиноий жавобгарликка тортишдаги дадил қатъиятингиз таҳсинга сазовор”.
Байден мактуб сўнгида Мирзиёевни анъанавий равишда сентябрь ойида бўлиб ўтадиган Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси йиғилишида иштирок этишга таклиф қилган.
“Мен яқинлашиб келаётган БМТ Бош Ассамблеясини интиқлик билан кутаман, унда биз халқларимиз ҳаётидаги энг муҳим вазифаларни ҳал қилишда муваффақиятга эришамиз. Умид қиламанки, сиз мен ва бошқа етакчилар билан биргаликда хавфсизлик, иқтисодий ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришиш учун қандай қилиб биргаликда ишлашни давом эттиришимиз мумкинлигини муҳокама қилиш учун 19 ёки 20 сентябрь кунлари C5+1 расмий учрашувига қўшиласиз”, дейди эҳтиром билан АҚШ раҳбари.
Дунёга машҳур “Forbes” нашри Байденнинг Ўзбекистон Президентига йўллаган хатини элакдан ўтказаркан, ушбу кичик мактубда Саида Мирзиёеванинг тилга олинишига дипломатия оламида муҳим аҳамият касб этишига алоҳида урғу берди.
“Саида Мирзиёева ўзини минтақада ва бошқа жойларда Оқ уй томонидан қўллаб-қувватланган ҳақиқий муаммолар ечимига бағишлади ва унинг саъй-ҳаракатлари Вашингтонда аниқ қадрланади”, деб ёзган колумнист Малик Кайлан.
“Док-1 Макс” ишида 33 минг доллар пора берилгани фош бўлди
16 август куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида 65 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлган “Док-1 Макс” сиропи ва бошқа дорилар юзасидан 21 кишига нисбатан жиноят ишини кўриш давом этди.
Суд мажлиси аввалида айбланувчиларнинг адвокати QALAMPIR.UZ журналистини суддан чиқариб юбориш ва бундан кейин ҳам иштирок этишига тақиқ қўйиш бўйича илтимоснома киритди. 1,5 соат давом этган муҳокамалардан кейин суд ушбу айбловни рад этди.
Судда “Quramax Medical” МЧЖнинг ҳиндистонлик директори яна бир яроқсиз дорига рухсат олиш учун 33 минг доллар пора берганини тан олди. Унинг адвокатлар саволига жавоб беришича, мазкур сумма аввалига 45 минг доллар бўлган, кейинчалик 33 минг долларгача қисқарган. Пулни эса Фармацевтика агентлигининг Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказида ишловчи ходим сўрагани айтилди.
Ҳиндистонлик тадбиркор бу пулларни “Marion Biotech” PVТ. Ltd корхонасида инспекцион текширув ўтказилишини тўхтатиш учун берган.
Айблов хулосасига мувофиқ, “Marion Biotech” корхонаси яна икки номдаги дори воситасини ҳам Ўзбекистонда сотишни режалаштирган. Бу дориларни рўйхатдан ўтказиш учун Дори воситалари тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат марказига ариза топширилган. Лекин дорини рўйхатдан ўтказиш учун зарур бўлган ҳужжатлар “Док-1 Макс” ҳужжатлари сингари ишончсиз, нотўлиқ ва нотариал тасдиқланмаган бўлган.
Хуллас, ушбу ҳолат бўйича суд мажлисидаги гап-сўзлардан кўриняптики, ҳали масала анча чигал. Қолаверса, айбланувчилар, айбланувчиларнинг суд мажлисида ҳозир бўлаётган яқинлари ўзининг суратга ва видеога олинмаслиги, умуман кўрсатилмаслиги, ҳатто, овози ҳам чиқмаслигини талаб қилмоқда. Суд мажлисида журналистларга нисбатан босимларни инобатга олиб QALAMPIR.UZ мазкур ишни ёритишни тўхтатди. Бизга журналистларимизнинг жисмоний ва маънавий хавфсизлиги кўпроқ муҳим.
Қибрайда ер сотиш касб қилиб олинган
Мамлакатни қўйинг, Қибрай тебраняпти, ҳали анча тебранса керак. Гап-сўзларга қараганда яқинда ишдан олинган айрим раҳбарлар устидан ҳуқуқ-тартибот органлари ишлаяпти. Эсингизда бўлса август ойи бошида Президент Шавкат Мирзиёев Қибрай тумани ҳокими Мираъзам Мирқосимовни ишдан қувган эди. Лавозимдан четлатишлар шу билан тугагани йўқ. Тугаётган ҳафтада Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Қибрай тумани кенгашининг навбатдан ташқари сессиясига бориб, Мирқосимовдан қолган ўринбосарлар, ҳокимликнинг бошқа барча мутахассисларини вазифасидан озод қилди. Уларнинг фаолиятига ҳуқуқий баҳо берилади, “тоза” чиқса, кейин ишини давом эттиради.
Шунингдек, тумандаги барча давлат ташкилотларининг раҳбарлари, лавозимидан озод қилинади. Уларнинг фаолиятига ҳам бир ҳафта ичида баҳо берилади. Ҳуқуқ-тартибот идоралари бундан мустасно.
Қаердан бунча ғазаб, нима бўлди ўзи шундай Қибрайимизга дерсиз?!
Шу десангиз, Зойир аканинг айтишича, Қибрайда 20 минг нафар фуқаро меҳнат мигранти сифатида хорижга чиқиб кетган. Туманда олти ой якуни бўйича саноат маҳсулотлари, ўтган йилга солиштирганда, ишлаб чиқариш ҳажми ўзгармаган, аксинча 8 та корхона ўз фаолиятини тўхтатган. Тўхтатадиям-да! Кейинги икки йилда туманда ишлаётган 7 та экспортёр корхона бошқа туманларга ҳисоб рақамини кўчириб олиб кетган. Қибрай анча салқин жой, корхонамни совуқ урмасин дегандир-да. Камига қурилиш ва қишлоқ хўжалиги соҳасида жуда кўп қонунбузарлик, бошбошдоқлик бор. Ўх-хў бу нимаси энди. Ҳали уни ери бунга, буники унга бериб юборилган, дерсиз ҳам?!
Ҳокимбуванинг гапларига кўра, тумандаги 16 та маҳаллада биттаям боғча йўқ. Мурожаатлар билан ишлаш аянчли. 1697 та мурожаат келиб тушган бўлса, шундан атиги 8 фоизи ижобий ҳал этилган, холос. 8 та қабул, 128 та фуқаро. Яъни битта қабулда ўртача 4 та фуқаро қатнашган.
“Ҳоким қабул ўтказса, 4 нафар фуқаро келибди. Ким ишонади бунга? Кўзбўямачилик-ку бу! Юқоридагилардан келиб чиқиб, шунингдек, инвестиция, саноат соҳасида йўл қўйган камчиликлари боис, давлат раҳбари раислигида ўтказилган йиғилиш якунларига кўра, ҳоким Мираъзам Мирқосимов лавозимидан озод қилинган эди”, дейди Зойир Мирзаев.
Хуллас, Қибрайдаги машмашалар ҳали-вери тугамайдиганга ўхшайди. Кўрамиз, Зойир Мирзаев айтганидек, қанчалик натижа бўларкин?! Бу орада Музаффар Рашидов Қибрай туманига ҳоким этиб тайинланди.
Ҳафта қаҳрамони – Қудбиев
Тугаётган ҳафтада Президент Шавкат Мирзиёев анъанага содиқ қолиб тадбиркорлар билан учрашди. Ушбу учрашув тадбиркорларга берилган кўплаб имтиёзлар қаторида Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев Президентнинг танқидига учрагани, у маошини оқламаётгани ҳақида дакки эшитгани билан эсда қолди.
Ушбу тадбирда Шавкат Мирзиёев тадбиркорларга солиқ юкини кўпайтириш эмас, балки уларни қўллаб-қувватлаш орқали солиқ базасини кенгайтириш кераклигини айтиб ўтди.
“Ўтказилган сўровларда 62 фоиз тадбиркорлар солиқ соҳасидаги ислоҳатларимизни ижобий баҳолади. 38 фоизи биздан норози. Бизнеc вакиллари солиқ тизимидан ва солиқчилардан қанчалик рози деган савол мени жуда қийнайди. Мен ўйлайманки, сизларни ҳам қийнайди. Мураккаб солиқ маъмурчилиги, бизнесга ортиқча аралашиш тизимдаги коррупция ҳолатларини барчасидан, албатта, хабарим бор. Бу иллатдан қанча тез қутилсак, шунча кўп ишларимизда ўзгариш ва натижа бўлади”, дейди Президент.
Ўтказилган сўровларга қўшилган қиймат солиқ тўловчиларнинг 70 фоизи ушбу солиқнинг қайтарилишида солиқ узилишлари коэффициентини қўллаб-қувватлаш, яъни янги жорий қилинган Tax Gap тизими адолатсиз эканини билдирган.
“Қудбиев деган каттакон, сенга баҳо бу. Тизиминга баҳо. Ойликларингни оқламаяпсизлар. Халққа тўсиқ бўляпсизлар. Тадбиркорларга ёрдам бермаяпсизлар. Tax Gap деган бало тадбиркорларни қийнаяпти ва коррупцияга сабаб бўляпти”, дейди давлат раҳбари.
Президент бу гапларни айтгач, тадбиркорлар тик туриб қарсак чалди.
“Шунинг учун булар [тадбиркорлар] тик туриб қарсак чаляпти, “эй президент, кўзинг очилгани рост бўлсин”, деяпти”, дейди табассум билан давлат раҳбари.
45 нафар украин боласи Ўзбекистонга келтирилди
Украинага нисбатан уруш давом этаётган бир вақтда дам олиш ва реабилитация учун 45 нафар украин болалари Ўзбекистонга олиб келинди. Украина элчихонаси томонидан илгари сурилган мазкур ташаббус ўзбекистонлик бизнес вакиллари ва жамоат ташкилотлари томонидан қўллаб-қувватланган.
Болалар Украинанинг турли бурчаклари, Харьков, Херсон, Запорожье, Суми, Хмельницкий, Львов ва пойтахт Киевдан олиб келинган. Улар 12 кун мобайнида “Анор” болалар оромгоҳида дам олади.
Болалар Ўзбекистонга Польшанинг Катовице шаҳри орқали келтирилган.
Шунингдек, тугаётган ҳафтада Ўзбекистон тадбиркорлари ҳамда нодавлат нотижорат ташкилотлари томонидан йиғилган 10,5 тонна гуманитар ёрдам Укаринага жўнатилди. Ёрдам ҳажми 785 844 гривна, тақрибан 21 минг АҚШ долларига тенг бўлиб, ундан қишки пойабзал, спорт, болалар ва аёллар кийимлари ўрин олган. Қолаверса, умумий қиймати 157 771 гривна, тақрибан 4 минг АҚШ доллари бўлган тиббий шприцлар, тиббий пахта ва инфузион тизимлари жўнатилган.
Россиядаги мигрантлар Ўзбекистонга қайтмоқчи
Рубль "қулаши" ва долларнинг кўтарилиши фонида Россиядаги ўзбек мигрантлари даромадининг қарийб учдан бир қисмини йўқотди. Бунга ўзбек мигрантларининг мамлакатда ишлаб топган рублларини долларга айлантириб, уйига жўнатиши сабаб бўлган. Маълумки, рубль қийматининг тушиши ва долларнинг ошиши оқибатида мигрантларнинг даромадлари миқдори айирбошлаш вақтида кескин камаяди. Бу эса уларнинг молиявий аҳволини қийинлаштиряпти.
Бугунги кунда Россияда истиқомат қилувчи Ўзбекистон фуқароларининг сони 3 миллионга етган. Дунё бўйлаб барча меҳнат муҳожирлари орқали Ўзбекистонга кириб келган 17,5 миллиард долларнинг 14,5 миллиарди Россия ҳиссасига, қолганлари эса АҚШ, Япония, Канада, Жанубий Корея ва Қозоғистонга тўғри келади.
Билдирилишича, рублнинг қадрсизланишига қарамай, мигрантлар барибир ўз уйларига қайтмайди. Бундай тушишлар аввал ҳам кузатилган ва улар бунга мослашган.
“Рублнинг қулаши туфайли Россияни тарк этишлар бўлмайди. Бунинг ўрнига улар камроқ сигир сотиб олади ёки 500 эмас, 300 кишига тўй қилади. Чунки одамлар чарчаганларидагина кетишади. Улар одатда Москвада ишлаб топган пулига Тошкент вилоятидан квартира сотиб оларди. Энди эса ипотека кредити учун 4 миллион сўм тўлашлари керак. Мамлакат эса 2 миллион ёки 2,5 миллион иш ҳақи таклиф қилаётган бир вақтда, 4 миллионлик ипотекани қандай тўлаш мумкин?”, дейди Умумроссия ўзбеклар қурултойи Тафтиш комиссияси аъзоси Абдукарим Отажонов.
Москвадаги ўзбек диаспораси раҳбари Баҳром Исмоиловга кўра, меҳнат муҳожирларининг учдан бир қисми рублнинг доллар ва еврога нисбатан заифлашуви ҳамда бунинг оқибатида даромадларининг камайиши туфайли Россияни тарк этиши мумкин.
Рублнинг тобора қадрсизланиб бораётгани шароитида Россиядаги ўзбек мигрантларининг режаси қандайлиги ҳақида сўровнома ўтказилган. Унда жами 22 минг 800 нафар ўзбекистонлик қатнашган ва респондентларнинг 50 фоизи рублга нисбатан доллар курсининг ошиб бораётгани сабаб Россияни тарк этиш ҳақида ўйлаяпти. Иштирокчиларнинг 25 фоизи ҳали буни режалаштирмаган, қолган 25 фоизи эса борада бир қарорга келиб улгурмаганини айтган.
Исмоиловнинг сўзларига кўра, доллар курсининг ўсиши туфайли чет эл фуқароларининг Россиядаги даромадлари тобора пасайиб бормоқда. Унинг фикрича, меҳнат муҳожирларининг чиқиб кетиши, биринчи навбатда, энг кам ҳақ тўланадиган соҳалар – чакана савдо, умумий овқатланиш, тозалаш, етказиб бериш, қишлоқ хўжалигида юз беради.
Ўтган вақт мобайнида рублнинг қиймати нафақат доллар ва еврога, балки МДҲ мамлакатлари валюталарига нисбатан ҳам анчагина пастлади. Хусусан, 2021 йилга нисбатан ўртача ҳисобда ўзбек сўми 20 фоизга ўсган. 14 август куни Москва биржасидаги савдолар чоғида 2022 йил март ойи охиридан бери биринчи марта доллар курси 101 рублдан, евро эса 110 рублдан ошди. Марказий банк маълумотларига кўра, йил бошидан буён рус миллий валютасининг алмашув курси 26,4 фоизга пасайган.
Қирғизистоннинг 4 та пансионати 49 йилга Ўзбекистонга ўтди
Қирғизистон халқаро суд қарорига кўра, Ўзбекистонга 40 миллион АҚШ доллари тўлаши керак. Бишкекда ҳозир тўлаш учун бунча пул йўқ. Шу боис Ҳукумат Ўзбекистонга мамлакатдаги 4 та пансионатни 49 йил ишлатиш ҳуқуқини бермоқда. Булар Иссиқкўл соҳилида жойлашган “Дилором”, “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Бўстон” пансионатлари.
Ўзбекистон пансионатларнинг ҳар бирига 15-20 миллион доллардан сармоя киритмоқчи.
Мазкур 4 та пансионат СССР парчаланганидан кейин Ўзбекистон томонининг мулки бўлиб қолган, бироқ 2016 йил апрелида давлатлар ўртасидаги муносабатлар кескинлашгани фонида Темир Сариев бошчилигидаги ҳукумат объектларни миллийлаштирган. Дам олиш масканларининг номлари қирғиз тилига таржима қилиниб, “Роҳат” – “Олтин-Жай ”, “Дилором” – “Энесай”, “Золотые пески” – “Бостери” деб ўзгартирилган. Аммо “Бўстон” пансионатининг номи ўзгаришсиз қолган.
Ўзбекистон бу қарорга жавобан халқаро арбитражга даъво аризаси берган.
2017 йилнинг декабрида Сапар Исоқов бошчилигидаги Қирғизистон ҳукумати Бишкек тўртта пансионатни Ўзбекистонга беришга қарор қилгани, бироқ ерни ўзида сақлаб қолаётгани ҳақида хабар берган. Бунинг эвазига Ўзбекистон пансионатларга сармоя киритиши ва халқаро арбитраждан даъвосини қайтариб олиши керак эди. Аммо 2019 йил 8 май куни ҳукумат матбуот хизмати Сапар Исоқов ва Ўзбекистон ўртасидаги келишув имзоланмаганини айтган.
2020 йилда Қирғизистон ҳукумати “Золотые пески”, “Роҳат” ва “Дилором” давлат пансионатларини хусусий мулкка ўтказиш ниятида эканини маълум қилган. 2022 йилнинг апрель ойида эса Давлат мулкини бошқариш жамғармаси суд жараёнлари давом этаётганини, бироқ музокаралар фаоллашганини маълум қилди.
Туркия аэропортидаги масжидда ўзбекистонлик ўғирлик содир этди
Туркиянинг Истанбул халқаро аэропорти намозхонасида ўзбекистонлик эркак ўғирлик содир этди. Ушбу ҳолат аэропортга ўрнатилган кузатув камераларига тушиб қолган ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари томонидан тарқатилди.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик икки эркак терминалдаги масжидга кирган. Айни шу вақтда масжидда бир неча киши ухлаб ётган эди. Шунда ўзбекистонлик иккиовлондан бири ухлаётган эркакнинг сумкасини олиб, уни дўстининг ёнига олиб борган ва сумкадаги пулларни чўнтагига солиб, сумкани яна ухлаётган кишининг боши томонга қўйиб қайтган. Ердан топсанг ҳам санаб ол деган нақлга риоя қилган ҳолда, эркак ўмарган пулларини масжид таҳоратхонасига кириб, санаб чиққан. Буларнинг ҳаммаси кузатув камераси хотирасида акс этган.
Сумкасидаги пул ўғирланганини пайқаган йўловчи ҳолат ҳақида зудлик билан полицияга хабар берган. Бу вақтда эса ўзбекистонлик эркаклар ҳали аэропортни тарк этмаган эди. Улар аэропортдан чиқиб кетаётганда қўлга олинган.
Полиция бўлимида баённома расмийлаштирилиб, ўғирликни содир этган шахс қамоққа олинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь