Инфаркт қилган доллар, қидирилаётган блогерлар, Гулноранинг уйлари, йўли очилган Умра, аэропортдан кетган Жўраева - Ҳафта таҳлили
Таҳлил
−
13 Август 2023
13205Дунёнинг ҳеч бир мамлакати йўқ-ки, унга АҚШ доллари кириб бормаган бўлса. Ва дунёнинг ҳеч бир бозори йўқ-ки, АҚШ долларида муомала қилинмаса ёки у қадрсиз бўлса. Кўп жиҳатдан унинг дунё бозорида тутган ўрнини унгача ва ундан кейин ҳеч бир банкнотда учрамаган “In God We Trust”, яъни “Биз Худога ишонамиз” сўзлари билан боғлайдиганлар ҳам бор. АҚШ долларида ушбу ёзув 1957 йилда пайдо бўлиб, 1963 йилдан буён доимий равишда қўлланиб келинади. Хуллас, бу ҳафта АҚШ доллари барча давраларда асосий муҳокама мавзуси бўлди. Ким жамғариб қўйган сўмларини доллар қилишга тушиб қолган бўлса, яна кимдир долларда олган қарзини қандай тўлаш ғамида. Айниқса, ижарага автомобилу уй олганларнинг кайфияти чатоқ бу ҳафта. Ассалому алайкум! Доллар хаёлимизни ўғирлаган навбатдаги ҳафта таҳлили билан танишинг.
Инфаркт қилган доллар
Гапни доллардан бошладим, доллар билан давом эттирсам. Ҳар ҳолда пул яхши нарса.
Тугаётган ҳафта Ўзбекистонда сўм долларга нисбатан қадрсизланиб, долларнинг банклардаги қиймати 12 минглик довондан ўтди. Айни вақтда тижорат банкларида 1 долларни майдалашнинг энг юқори қиймати 11 980 сўмдан бошланиб, 12 060 сўмгача бўлган қийматни ташкил этмоқда. Сотиб олиш эса 12 100 сўмдан бошлаб, 12 135 сўмгача таклиф этилмоқда.
Ўзбекистон Марказий банкининг аниқлик киритиши бўйича, 10 август куни сўм долларга нисбатан 3,5 фоизга қадрсизланган ва бу йил бошидан буён 7,6 фоизни ташкил этмоқда. Хўш, алмашинувда бу кескин ўзгаришнинг сабаби нимада? Марказий банкнинг аниқлик киритишича, асосий савдо-ҳамкор давлатлар миллий валюталарининг сезиларли қадрсизланиши ташқи савдо ва пул ўтказмалари канали орқали сўмнинг реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига олиб келган. Хўш, қайси ўша асосий савдо-ҳамкор давлатлар? Россия ва Туркия!
Ўзбекистоннинг савдо ҳамкорларида миллий валюта қадрсизланиши ҳисобига улардан экспорт тушумлари ва пул ўтказмалари ҳажмида пасайиш кузатилган.
"Марказий банк келгусида алмашув курсининг кескин қадрсизланиши олдини олиш бўйича етарли инструментларга эга бўлиб, зарур ҳолларда қўшимча интервенциялар амалга ошириш орқали тебранишлар юмшатиб борилади", дейилади Марказий банк хабарида.
2023 йил 1 август ҳолатига кўра, Ўзбекистоннинг ялпи олтин захиралари 33,6 миллиард сўмни ташкил этиб, ички валюта бозорида сўм алмашув курсининг кескин тебранишларининг олдини олиш мақсадида марказий интервенцияларни бозорда валюта сотувини амалга ошириш учун етарли ҳисобланади.
Маълум қилинишича, мазкур тўғриланиш реал самарали алмашув курсининг узоқ муддатли трендига қайтишига олиб келади ва мувозанатли курс валюта тушумларини ошириш орқали бозорда таклиф ўсишига хизмат қилади, яъни банкларга валюта тушумини кўпайтиради. Реал самарали алмашув курси йил охиригача ва ўрта муддатли истиқболда нисбатан барқарор бўлади.
Россияда вазият оғир
Ўзбекистонга йирик миқдордаги хорижий валюта Россиядаги меҳнат муҳожирлари жўнатмалари орқали кириб келишини ҳисобга олсак, Россияда вазият анча чатоқ. 11 август куни Россиядаги биржа савдолари чоғида АҚШ долларининг рублга нисбатан курси 2022 йилнинг 25 мартидан буён илк бор 1,59 фоизга ошиб, 99 рублга етди.
Кейинроқ доллар курсининг ўсиши бироз секинлашиб – 98,98 рублгача қайтган. Шу билан бирга, евро курси 2022 йилнинг 23 мартидан буён илк бор 109 рублга етган.
Россия Марказий банкининг изоҳ беришича, товарлар ва хизматлар импорти ва экспорти номутаносиблиги рублнинг заифлашишида ҳал қилувчи омил бўлиб қолмоқда. Шунингдек, валютанинг девальвация бўлиши ва капиталнинг чиқиб кетиши ўртасидаги боғлиқлик ҳақидаги фаразлар асосли эмаслиги таъкидланган.
Тошкентда ўлиш нархи қанча?
Гап пулга бориб тақаларкан, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланганини эшитиб, юрак ҳовучлаб қолганларга бир нарсани эслатиб қўймасам бўлмайди.
угаётган ҳафтада Тошкент шаҳри қабристонларида қабр қазиш ва дафн маросими учун пуллик хизматлар кўрсатиш тарифлари тасдиқланди.
Бу бўйича Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов 8 август куни "Тошкент шаҳрига тегишли қабристонларда гўр қазиш ва маросим хизматлари учун пуллик хизматлар кўрсатиш тарифларини белгилаш тўғрисида"ги қарорни имзолади.
Гўр қазиш ва дафн маросими учун пуллик хизмат кўрсатиш тарифлари Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳудудида жойлашган қабристонларда бир хилда қўлланилади.
Келтирилишича, қабристонларда Ислом динига мансублар учун битта гўр қазиш нархи катта-кичиклигига кўра, 60 ёки 150 минг сўмни ташкил этади. Бошқа дин вакиллари учун гўр қазиш нархи эса 60 — 120 минг сўм этиб белгиланган. Қабр устига қўйиладиган рақамли устунча нархи 40 ё 50 минг сўм.
Шунингдек, Ислом динига мансублар учун битта тобут тайёрлаш нархи 1 миллион 560 минг сўм, сартахта 1 миллион 250 минг сўм, махсус транспорт воситаларидан фойдаланиш 1 соат учун 80 минг сўм этиб тасдиқланган.
Шунингдек, бир қатор пуллик хизматлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Улар билан QALAMPIR.UZ сайтига жойлаштирилган мақолада танишишингиз мумкин.
Гулнора Каримова мулкларидан айрилдими?
Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримованинг Буюк Британиядаги учта ҳашаматли мулки мусодара қилинди. Бу ҳақда Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюросининг Twitter саҳифасида маълум қилинди.
8 август куни Британия Олий судида Гулнора Каримованинг учта ҳашаматли мулки мусодара қилинган.
“Ўзбекистон собиқ президентининг қизи Каримова ва унинг оиласи 20 миллион фунт стерлинглик (тахминан 25 миллион доллар) мулкни коррупцион фаолиятидан тушган даромадлардан сотиб олган”.
Ушбу мулклар Googosha'нинг Белгравиядаги иккита квартираси ва Суррейдаги уйи экани келтирилган.
Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси даъволарига кўра, Каримова 2004-2012 йиллар давомида телекоммуникация компанияларидан Ўзбекистон бозорига киришига ёрдам бериш эвазига юзлаб миллион доллар пора олган.
“Биз бугунги кунда ушбу мулкларни назорат қилиш учун бир нечта оффшор ҳисоб ва компанияларни ўз ичига олган мураккаб молиявий йўлни танладик. Бу қарор бизнинг ишимизда ва Буюк Британиядан пулларни йўқ қилиш бўйича давом этаётган ҳаракатларимизда олдинга қадамдир”, дейди Лиза Ософский, Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси директори.
Гулноранинг қизи Имон Каримова эса онасининг Буюк Британиядаги мол-мулки мусодара қилингани ҳақидаги маълумотни рад этиб, Instagram'ига пост жойлади ва кўп ўтмай уни ўчириб юборди.
Унинг сўзларига кўра, кўчмас мулк компаниялари тугатилган ва мулклар автоматик равишда Буюк Британия ҳукуматининг номинал назоратига ўтган. Йирик миқдордаги фирибгарликка қарши курашиш бюроси ҳам мулкларни мусодара қилишини эмас, балки икки хонадон ва Каримованинг уйини “назорат қилиш”ини билдирган.
Шунингдек, Имон Каримова Гулнора Каримова мулкларини муваффақиятли ҳимоя қилгунича яхши ҳолатда қолиши учун бюро бошқарувига ўтказилганини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган ой 51 ёшни қаршилаган Гулнора Каримова айни вақтда бир қатор жиноятларда айбланиб, ҳибсда сақланмоқда. Каримовлар оиласининг кенжа қизи Лола Каримова-Тиллаева эса Ислом Каримов вафотидан сўнг АҚШга кўчиб кетган. Собиқ Биринчи хоним Татьяна Каримова Тошкентда истиқомат қилмоқда. Гулноранинг қизи Имона Тошкентга тез-тез келиб туради. Мана, қарийб 10 йилки, унинг ўғли Исломдан дарак йўқ. У ҳозир Англияда, уйланган, ўғли бор.
Икки блогер қидирувга берилди
Ўзбекистонда айрим блогерларнинг жиноий жавобгарликка тортилиши, улар устидан иш қўзғатилиши давом этмоқда. Ўтган ҳафта блогер ва журналист Абдуқодир Мўминов 7 йилу 3 ойга озодликдан маҳрум қилиниб, блогер Олимжон Ҳайдаров товламачиликда айбланиб, қўлга олинган бўлса, жорий ҳафтада яна икки блогер – “Санжар Хўжа” тахаллуси билан танилган Санжар Икромов ҳамда “Detektiv Uz” номи остида фаолият олиб борган Шерали Комилов қидирувга берилгани маълум бўлди.
Ички ишлар вазирлиги юқорида номи келтирилган шахслар нима учун қидирилаётганини очиқлади.
Маълум қилинишича, 1988 йилда туғилган Санжар Равшанович Икромов 2011 йилнинг 1 март куни Тошкент шаҳри Олмазор туманида фуқародан автомашиналар олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Сергели автомобиль бозоридан арзонга Nexia автомашинасини олиб беришни ваъда қилиб, 20 миллион сўм пулни алдов йўли билан ундириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборганликда айбланмоқда.
Ҳолат юзасидан 2012-йил 31 март куни Тошкент шаҳри Олмазор тумани ИИБ томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “а” банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, гумондор Санжар Икромов “терговдан яширингани” сабабли, унга нисбатан қидирув эълон қилинган.
1979 йилда туғилган Шерали Комилов эса муқаддам 2011 йилда Жиноят кодексининг 165-моддаси (товламачилик), 2022 йил 14 март куни 168-модда (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди билан судланган.
Ички ишлар вазирлиги берган маълумотларга кўра, у 2021-йил 6 июнь куни бир аёлга ўзини мустақил журналист ва блогер деб таништириб, аёлнинг ўғли – 1999 йилда туғилган йигитга нисбатан Қашқадарё вилояти Косон тумани жиноят ишлари судининг Жиноят кодексининг 119-моддаси (жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб ғайритабиий усулда қондириш) 3-қисми “б” банди ҳамда 137-моддаси (одам ўғирлаш) 2-қисми “а”, “в” бандлари бўйича ҳукмини ижтимоий тармоқлар орқали эълон қилиб, “сунъий шов-шув кўтариб”, “суднинг кейинги инстанция қарорларига таъсир ўтказиб”, жазони енгиллаштириб беришни ваъда қилган ҳамда жабрланувчидан 5 миллион сўм миқдорида пул ундириб, ўз эҳтиёжларига сарфлаб юборган.
Шунингдек:
- 2021 йилнинг 17 декабрь куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яна бир аёлнинг ишончига кириб, собиқ турмуш ўртоғи қарз бўлиб қолган маълум миқдордаги алимент пулини ундириб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан алдов йўли билан 5 миллион сўм миқдорида пулни олиб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган;
- яна бир ҳолатда 2021 йилнинг декабрь ойида фуқарони уй-жой билан боғлиқ муаммоли масаласини ҳал этиб беришни ваъда қилиб, жабрланувчидан турли вақтларда 3 миллион сўм, сўнг 300 АҚШ доллари миқдорида пулларини алдов йўли билан ундириб, ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган;
- 2022 йилнинг 19 декабрь куни ижтимоий тармоқлар орқали Қарши шаҳар 5-сон тергов ҳибсхонаси ходими ва Қарши шаҳар ИИБ вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ходимини шаъни ва қадр-қимматини камситувчи сўзлар билан ҳақорат қилган.
Ҳозирда Шерали Комилов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” банди, 140-моддаси (ҳақорат қилиш) 3-қисми “а” банди билан қўзғатилган жиноят ишлари доирасида хавфли рецидивист деб топилиб, тергов органларидан яширинганлиги сабабли қидирув эълон қилинган.
"Уммон"чи Зоҳид қамалмайдиган бўлди
Ёдингизда бўлса, собиқ “Уммон” гуруҳи хонанда Зоҳид Рисқиев ўтган йилнинг сентябрь ойида пойтахт Тошкентнинг Юнусобод туманида ўзи бошқариб кетаётган BMW автомобилида йўл-транспорт ҳодисасига учраган эди. Даҳшатли авария оқибатида автомобилда бўлган 22 яшар йигит воқеа жойида вафот этган. Яна икки йўловчи Жавоҳир Йўлдошев ҳамда Жасур Искандаров Юнусобод тумани 7-шаҳар клиник шифохонасига олиб келинган.
9 август куни Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг очиқ суд мажлисида Зоҳид Рисқиевга оид жиноят иши кўриб чиқилди.
Суд унга жазо тури ва миқдорини белгилашда содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси, шу билан биргаликда Жиноят кодексининг 7, 8-моддаларида кўрсатиб ўтилган одиллик ва инсонпарварлик тамойиллари ҳамда Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида"ги Қарори талабларидан келиб чиққан.
Шунингдек, Зоҳид Рисқиевга жазо тайинлашда, унинг айбига иқрор бўлиб, қилмишидан пушаймонлигини, жабрланувчининг қонуний вакили ва жабрланувчиларнинг даъвоси йўқлиги, уларнинг судланувчига нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлашни сўраб берган фикрини, судланувчининг соғлиғи оғир аҳволда эканлигини инобатга олиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми санкциясида назарда тутилган муайян ҳуқуқдан, яъни транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлашни, шу билан биргаликда тайинланаётган озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтамасдан туриб ҳам уни хулқини назорат қилиш орқали тузатиш мумкин деган фикрга келиб, унга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб, тайинланаётган жазони шартли деб ҳисоблаб, синов муддати белгилашни мақсадга мувофиқ деб ҳисобланган.
Шу тариқа жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман судининг 2023 йил 9 августдаги ҳукмига кўра, Зоҳид Рисқиев Жиноят кодексининг 266-моддаси (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, унга 3 йил транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Зоҳид Рисқиевга нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддасини қўллаб ва тайинланган жазони шартли деб ҳисоблаб, 2 йил синов муддати белгиланди.
"Док-1 Макс" ёстиғини қуритганлар 21 нафар эмас, 65 нақар
Бир кишининг ўлимига сабабчи бўлган Зоҳид Рисқиев вафот этган йигитнинг яқинлари даъвоси йўқлиги сабаб нисбатан енгил жазо олмоқда, аммо 65 кишининг ҳаётига зомин бўлганларга қандай жазо берилади? Гап “Док-1 Макс” сиропи ҳақида кетмоқда. Ҳа, нотўғри эшитмадингиз. Ушбу сиропни ичиб, қурбон бўлганлар 65 нафарни ташкил этмоқда! Ўзбекистонда 65 нафар! Шунча пайт жамоатчиликдан яшириб келинган бу рақам бу ҳафта Олий суднинг баёнотида акс этди.
11 август куни Тошкент шаҳар судида жами 21 киши устидан “Quramax Medikal” МЧЖ ва “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК масъул ходимлари оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни бошланди.
Судланувчиларнинг 16 нафари эркак ва 5 нафари аёл бўлиб, уларнинг 7 тасига “қамоққа олиш”, 12 тасига “муносиб хулқ-атворда бўлиш тўғрисида тилхат” ва 2 тасига “гаров” тарзидаги эҳтиёт чоралари қўлланилган.
Улар Жиноят кодексининг 184, 28,186-3, 186-3, 25,205, 205, 207, 28,209, 209, 210, 211, 212, 228-моддаларида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқда.
Ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Муса Юсупов раислигида биринчи инстанцияда кўриб чиқилмоқда.
Айбланувчилар орасида 1972 йилда Ҳиндистон Республикасида туғилган, “Quramax Medikal” МЧЖ директори ҳамда 1982 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, бир вақтда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори ва унинг ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш давлат маркази” ДУК директори лавозимларида ишлаган Сардор Қориев ҳам бор.
Маълумот учун, Ҳиндистоннинг Marion Biotech фармацевтика компанияси томонидан ишлаб чиқарилган “Док-1 Макс” сиропи Ўзбекистонда аввалига 20 нафар боланинг ўлимига сабаб бўлгани айтилган эди. Кейинроқ компания дори воситалари ишлаб чиқаришда саноат даражасида ишлатиладиган заҳарли моддадан фойдалангани маълум бўлди. Доридан зарар кўрганлар вафот этганлар билан чеклангани йўқ. Ушбу дорини истеъмол қилиб, ногиронга айланган ва тўшакка михланган болалар ҳам бор. Уларнинг ота-онаси аслида вафот этганлар 65 нафардан кўплигига шама қилиб, суддан энг олий жазони кутаётганини билдирди.
Ушбу иш бўйича судга тортилган ҳиндистонлик фуқаронинг адвокати суддан унга белгиланган қамоққа олиш эҳтиёт чорасини мижози вегетариан бўлгани сабаб уй қамоғига ўзгартиришни сўради. Судья адвокатнинг илтимосини рад этди. Мазкур суд мажлисидан тайёрланган махсус лавҳани QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.
Реанимацияда ётган бемор терговга мажбуран олиб кетилдими?
Ижтимоий тармоқларда Сурхондарё вилояти Бойсун туманидаги шифохонада ётган аёлни прокуратура ва бир нечта ички ишлар ходимлари терговга олиб кетаётгани акс этган видеолар тарқалди. Бу эса жамоатчилик орасида катта муҳокамаларга сабаб бўлиб, “шармандалик” дея таърифланди. Бироқ вилоят прокуратураси аёл терговга эмас, балки уй қамоғига олиб кетилганини билдирди.
Унда айтилишича, Тез тиббий ёрдам Бойсун тумани бўлими собиқ бошлиғи ва катта ҳамшира 2019-2022 йилларда ўзларининг ихтиёрида бўлган жами 220,7 млн сўм иш ҳақини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилган. Мазкур ҳолат юзасидан жорий йилнинг 10 июнь куни Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг туман бўлими томонидан уларга нисбатан Ўзбекиcтон Республикаси Жиноят кодексининг 167-моддаси (Ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) 3-қисми “а” банди ҳамда 228-моддаси (Ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўтказилган дастлабки тергов жараёнида жиноят ишида гумон қилинувчи тариқасида жалб қилинган ҳамшира соғлиғи ёмонлашгани сабаб жорий йилнинг 3 август куни туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган. Шу куни бирлашманинг реанимация бўлими бошлиғи врач-реаниматолог томонидан аёлга невроз циркулятор дистония аралаш тури ҳамда астеноневротик синдроми каби ташхислар қўйилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган.
Шундан сўнг 4 август куни Сурхондарё вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси врач-невропотологи томонидан аёл кўрикдан ўтказилиб, унинг умумий аҳволи қониқарли деб топилган ва унда бирор-бир потологик рефлекслар касаллиги аниқланмаган. 5 август куни аёлнинг соғлиғи қониқарли бўлганлиги сабабли уйига жавоб берилган.
Тергов давомида, жиноят иши бўйича етказилган зарар тўлиқ қопланганлиги сабабли айбланувчиларга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилмаган.
“Аёлнинг касал ҳолида сўроқ қилиш тергов ҳаракатига жалб этиш учун туман прокуратурасига олиб борилгани ҳолати рад этилади. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан жиноят иши юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилади муносабатда.
Шу ўринда савол туғилади: Модомики ўтказилган текширувлар натижасида аёлнинг саломатлиги жойида деб баҳоланган бўлса, нега у шифохонадан ўз оёғи билан чиқмай, кушеткада олиб чиқиб кетилди? Тергов пайтида ҳушидан кетгани сабаби нима? Унга нисбатан ҳеч қандай тазйиқ бўлмаганми ё аёлнинг аввалдан шундай касали бўлганми? Бу саволлар ҳозирча очиқ қолмоқда?
Ўзбекистон америкалик оиланинг уйини тунади
Америка Қўшма Штатларининг Нью-Йорк штатида 24 ёшли Ўзбекистон фуқароси эр-хотинни гаровга олиб, уларнинг уйини тунади ва машинасини ўғирлаб кетди.
У жорий йилнинг 16 июль куни хитойлик шериги билан бирга Нью-Йоркнинг Квинс тумани Флашинг мавзесида ўзларини Федерал қидирув бюроси ходими сифатида таништириб, шу ҳудудда яшовчи оиланинг уйига бостириб кирган. Шундан сўнг, улар уй эгаларини боғлаб қўйиб, қурол билан қўрқитган. Уларни бир неча соат давомида шундай ҳолда ушлаб туриб, уйини тунаган.
“Кейин ўзбекистонлик йигит ва шериги турли буюмлар, жумладан, кредит карталари, алоҳида буюртма бўйича тайёрланган сумкалар, қимматбаҳо заргарлик буюмлари, жабрланувчилардан бирига тегишли уяли алоқа мосламаси, жабрланувчиларнинг Mercedes-Benz автомобили калитлари ва тахминан 30 000 доллар миқдоридаги криптовалютани ўғирлаган”.
Ўзбекистонлик ва унинг шериги уйни тунаб бўлгач, 15 дақиқалик таймер ўрнатган ва жабрланувчиларни бўшатиб, улар қочиб кетгунга қадар кутишини тайинлаган. Эр-хотин шу куни ярим кечаси полицияга хабар берган.
Ўзбекистонлик йигит ўғирланган машинани ҳайдаб бориб, Манхеттендаги автотураргоҳга жойлаштирган. 19 июль куни у машинани олиб кетиш учун келган ва калитларни сўраб, тўхташ жойи ходимига мурожаат қилган. У автомобиль ўзиники эканини исботлаш учун сохта гувоҳномани ҳам кўрсатган.
Полиция томонидан ҳибсга олинган ўзбекистонлик ва унинг шериги талончилик ҳамда ўзини федерал агентлар сифатида кўрсатишда айбланмоқда.
Эндиликда уларга нисбатан 20 йилгача қамоқ жазоси тайинланиши мумкин.
Умрага бориш ҳам, юбориш ҳам осонлашди
Тугаётган ҳафтада анчадан буён кутилаётган воқеа содир бўлди. Ўзбекистонда хусусий тур компанияларига Саудия Арабистонида Умра зиёратини ташкил этиш ҳуқуқини бериш бўйича талаблар тасдиқланди. Бу бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Умра" тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишда зиёратчиларнинг манфаатларини самарали ҳимоя қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарори қабул қилинди
Қарорга кўра, “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишга оид хизматларни кўрсатиш билан боғлиқ туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг алоҳида фаолият йўналиши ҳисобланиб, мазкур фаолият фақат маҳаллий туроператор томонидан амалга оширилиши белгиланди.
Туристик фаолиятни амалга ошириш лицензияси чиқиш туризми кичик турининг “Умра” хизматларини кўрсатиш фаолияти бўйича қўшимча лицензия талаблари ва шартлари жорий этилади. Унга кўра, 100 минг АҚШ долларидан кам бўлмаган маблағларни Туризм қўмитасининг Хавфсиз туризм жамғармасига захира қилиб қўйиш, “Умра” хизматлари давомида зиёратчиларнинг гуруҳ раҳбари этиб Ўзбекистон мусулмонлари идораси билан тузиладиган шартнома асосида унинг диний билим ва кўникмаларга эга бўлган мутахассисларини тайинлаш, “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператор штатида диний (исломий) таълим йўналишлари бўйича республика таълим муассасаси ёки Ўзбекистон халқаро ислом академиясининг тегишли бакалавриат таълим йўналиши ёхуд магистратура мутахассислиги битирувчиси бўлган камида бир нафар мутахассиснинг бўлиши, “Умра” хизматларини вояга етмаган фуқароларга кўрсатмаслик, “Умра” хизматларини Саудия Арабистони Подшоҳлигидаги ҳамкор ташкилот ўртасида имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга ошириш белгиланди.
2023 йил 1 октябрдан “Умра” хизматларини кўрсатувчи туроператорлар фаолиятини рейтинг асосида баҳолаш тизими жорий этилади.
Қарорда белгиланган қўшимча лицензия талаб ва шартлари 2023 йил 1 ноябрдан қўлланилади ҳамда улардан лицензияни қайта расмийлаштиришда аризани кўриб чиқиш учун тўланадиган йиғим ва лицензия учун давлат божи ундирилмайди.
Бугунгача Умра тадбирларини ташкил этиш Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йилдаги “Ҳаж” ва “Умра” тадбирларини ташкил этиш ва ўтказишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида«ги қарори асосида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва унинг Саудия Арабистонидаги ҳамкор ташкилоти ўртасида ҳар йили имзоланадиган шартномага мувофиқ амалга оширилиб келинаётган эди. Ушбу қарорда хусусий тур операторларнинг Умра тадбирларини ташкил этишига йўл қўйилмаслиги борасида ҳеч қандай сўз бормаган ва сўнгги вақтларда мамлакатда Умра зиёратини ташкил этувчи тур компаниялар сони кўпайгандан кўпайди. Ана энди уларнинг қонуний фаолият юритишига шароит яратилди. Бироқ, улар орасида кўзни чирт юмиб, 100 минг долларни депозит сифатида Туризм қўмитасининг жамғармасига қўшқўллаб топширадиган нечта марди топиларкан, кўрамиз. Ҳозирча тур операторлар бу қарордан на хурсанд, на хафа.
Судлардаги иккилик стандарти. Адолатнинг манзили қаер?
Эсингиздами, шу йилнинг апрель ойида Тошкентда 26 ёшли йигит 17 ёшли қизга тегажоғлик қилганди. Тугаётган ҳафтада унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Очиғи суднинг ҳукмидан шокка тушган бир мен эмас. Ижтимоий тармоқ ларзага келмоқда.
1997 йилда туғилган йигитга нисбатан қўзғатилган иш Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида суд раиси Сардорбек Содиқов бошчилигида, Жиноят-процессуал кодексининг 19-моддаси (судда жиноят ишларининг ошкора кўрилиши) талабларига мувофиқ ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ йигит Жиноят кодексининг 25,118-моддаси (номусга тегишга суиқасд қилиш) 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилиб, унга 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўташ белгиланди.
Айни вақтда судьянинг қарори қатор эътирозлар ва ҳақли саволларни келтириб чиқармоқда. Вояга етмаган болаларга жинсий тажовуз қилганлар, меҳрибонлик уйидаги вояга етмаган қизларни йиллар давомида зўрлаб, жинсий алоқа қилиб келганлар жазодан қутилиб қолаётган ёки енгил жазо олаётган бир пайтда ёш йигитнинг 10 йилга қамалиши қанчалик одилона ва адолатли қарор деган саволлар бериляпти.
Жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман суди эса вояга етмаган қизни уйига мажбуран кўтариб олиб кириб, тан жароҳати етказиб, номусига тегмоқчи бўлган йигитни жорий йилнинг 7 июль куни оқлаб, қамоқдан чиқаргани эса эътирозларга сабаб бўлмоқда. Бош прокуратурадан ушбу икки ҳолат бўйича суд ҳукмининг қонунийлигига баҳо бериш сўралмоқда.
Аэропортни тарк этган Жўраевадан қандай из қолди?
2021 йилнинг февралидан буён “Uzbekistan Airports” бошқаруви раиси лавозимида фаолият юритиб келаётган Раъно Жўраева ҳафта бошида лавозимини тарк этди. Уни бошқа лавозимидан озод этилганлардан фарқли ўлароқ Бош вазир ўринбосари Очилбой Раматов ва Илҳом Маҳкамов ҳурмат ва эҳтиром билан кузатиб қўйди.
Раъно Жўраева билан тузилган меҳнат шартномаси нима асосда ва нега муддатидан аввал бекор қилингани сабаблари очиқланмаган. Узунқулоқ гапларга қараганда, Раъно Жўраева узоқ йиллар Россия яшаб, юқори лавозимларда фаолият юритган. Шунингдек, унинг ўзбекистонлик миллиардер Алишер Усмоновнинг лойиҳаларида бошчилик қилгани ҳақида гаплар юради. Ва Жўраеванинг “Uzbekistan Airports”дан кетишини Ғарбнинг Россия ва Усмонов компаниялари, унга алоқадор шахсларга санкциялар киритиши билан ҳам боғлаётганлар йўқ эмас.
Бошқа томондан Жўраеванинг лавозимидан кетиши ортидан Ўзбекистонда камдан кам ҳолатда учрайдиган ҳодиса кузатилди. Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегменти фаоллари Жўраева даврида аэропортларда катта ўзгаришлар қилингани, хусусан Тошкент халқаро аэропорти анча ўзгаргани, Раъно Жўраеванинг истеъфоси авиация соҳаси учун йўқотиш бўлганини ёзди.
Транспорт вазирлиги ҳам Жўраеванинг фаолиятидан мамнун. Вазирликнинг ёзишича, икки ярим йиллик раҳбарлик фаолияти давомида Раъно Жўраева компанияда катта ўзгаришларни амалга оширишга эришган. Хусусан, аэропортлар инфратузилмасини ривожлантириш, компания бошқарув тизимини такомиллаштириш ҳамда молиявий–иқтисодий кўрсаткичларини яхшилаш борасидаги саъй-ҳаракатлари ўзининг ижобий натижасини берган.
Жўраева кузатиб қўйилган куннинг ўзида “Uzbekistan Airports” акциядорлик жамиятининг бошқарув раиси вазифасини бажарувчи этиб Жавлонбек Ойбекович Умархўжаев тайинланган.
Доллар нархи тушади
Дастуримизни доллар билан бошлагандим. Шунча дилни хира қилувчи хабарлар орасида битта енгиллаштирадигани ҳам бўлсин энди. 14 август, душанба куни Ўзбекистонда доллар нархи бироз пасаяди. Марказий банкнинг маълум қилишича, долларнинг расмий курси 33,15 сўмга пасайиб, 12 041 сўм 88 тийинга тушади. Албатта, катта тушишмасдиров, лекин йўқдан кўра ҳарна деганларидек. Ҳамёнга ва рўзғорга барака! Саломат бўлинг.
LiveБарчаси