Ўзбекистон раҳбари ШҲТ саммитида 5 муҳим масалани илгари сурди

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев видеоанжуман тарзида ташкил этилган ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарлари саммитида иштирок этиб, бешта муҳим масалани илгари сурди. 

Биринчидан. Иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш масалалари алоҳида эътиборни талаб қилмоқда.

“Асосий мақсадимиз – савдо-иқтисодий алоқалар ва саноат кооперациясини жонлантириш.

Бунга эришишнинг энг самарали усули ўзаро савдодаги тўсиқларни бартараф этиш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, уларни уйғунлаштириш ва рақамлаштириш, мамлакатларимиз ўртасидаги электрон тижоратни ривожлантириш, ўзаро инвестицияларни рағбатлантиришни назарда тутадиган инқирозга қарши қўшма дастурларни амалга оширишдан иборатлигига ишонаман”, дейди Шавкат Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари пандемия шароитида савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқаларни ривожлантиришга янги, шу жумладан “ностандарт” ёндашувларни биргаликда ишлаб чиқишни таклиф этди. 

Унинг таъкидлашича, ушбу дастурлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича ШҲТ режасининг асоси бўлиши лозим.

Шунингдек, Озиқ-овқат хавфсизлиги соҳасидаги ҳамкорлик дастурини амалга ошириш бўйича аниқ чора-тадбирларни ишлаб чиқиш ҳаётий муҳим аҳамиятга эга.

“Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ўртасида Саноат кооперациясини рағбатлантириш дастурини қабул қилиш тарафдоримиз”, дейди Президент.

Иккинчидан. Пандемия рақамлаштириш жараёнини тезлаштирди. Ахборот технологиялари иқтисодий ўсиш “драйвери”га айланиб бормоқда.

“Ўзаро келишилган ўқув дастурлари асосида аҳолини ўқитиш, соҳа мутахассисларини тайёрлашга қаратилган ШҲТнинг рақамли саводхонликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқишни таклиф этаман.

Ушбу саммитнинг Рақамли иқтисодиёт соҳасидаги ҳамкорликка доир баёноти ўз вақтида қабул қилинмоқда, деб ҳисоблаймиз”, дейди Мирзиёев.

Учинчиндан. Бугунги шароитда биргаликдаги саъй-ҳаракатларни аҳолининг эҳтиёжманд қатламларини қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартиришга йўналтириш муҳимдир.

“Бу борадаги ҳамкорлигимизни мувофиқлаштириш мақсадида қашшоқликка қарши курашиш учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг йиғилишларини ўтказиш механизмини яратиш зарур, деб ўйлайман.

ШҲТга аъзо давлатларнинг ушбу йўналишдаги ҳамкорлиги дастурини ишлаб чиқиш, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича келишилган чораларни ишлаб чиқиш учун Ўзбекистонда халқаро форум ўтказишни таклиф этаман”, деган Президент Шавкат Мирзиёев.

Унга кўра, ушбу ташаббусни рўёбга чиқаришда Хитой Халқ Республикасининг муваффақиятли тажрибаси фойдали бўлади. 

Тўртинчидан. Мамлакатларимизда аҳоли соғлиғига хавф туғдираётган янги хатар ва таҳдидларга биргаликда қаршиш курашиш кўламини кенгайтириш жуда муҳим аҳамиятга эга.

“Бугун инсоният аввал маълум бўлмаган инфекциялар билан тўқнаш келмоқда. Уларга қарши курашиш кундалик турмушимизнинг бир қисмига айланмоқда.

Шу муносабат билан бугунги саммитда Эпидемия таҳдидларига қарши курашиш бўйича қўшма чора-тадбирларнинг комплекс режаси қабул қилинишини олқишлаймиз.

Унинг амалга оширилишини таъминлаш, хавфли инфекцион касалликларнинг тарқалиши тўғрисидаги ахборот билан таъсирчан алмашинувни йўлга қўйиш муҳимдир.

Мамлакатларимизнинг соҳага ихтисослашган шифохоналари ўртасида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш мақсадида Эпидемияга олиб келувчи касалликларга қарши курашиш бўйича тиббиёт муассасалари тармоғини яратишни таклиф этамиз.

Ушбу тармоқ доирасида инфекцион касалликларни диагностика, профилактика қилиш ва даволаш бўйича тажриба алмашиш, қўшма врачлар гуруҳлари фаолиятини ташкил этиш ва уларни тайёрлашга қаратилган ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга ошириш мумкин”, деган Президент.

Фурсатдан фойдаланиб, Шавкат Мирзиёев барча шерикларга, аввало Россия ва Хитойга коронавирус инфекциясига қарши курашишда кўрсатилган катта ёрдам ва кўмак учун миннатдорлик билдирган.

“Пандемия шароитида соғлиқни сақлашга янги масофавий технологияларни жорий этиш зарурати ҳам ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан Телетиббиёт соҳасидаги ҳамкорлик концепциясини ишлаб чиқишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Концепцияда врачларни кенг турдаги касалликларни даволашда телетиббиёт усулларига ўқитиш ҳамда ушбу соҳадаги илғор тажриба алмашишни назарда тутиш муҳим”, деган Ўзбекистон раҳбари.

Бешинчидан. Бугунги шароитда терроризм, экстремизм ва наркобизнес таҳдидлари нафақат сусаймаяпти, балки кучайиб, янги шакллар касб этмоқда.

“Ёшларни ёллаш ва радикаллаштириш, террорчиларни молиялаштиришда ахборот технологиялари, ижтимоий тармоқларнинг роли ортиб бормоқда.

Шу маънода, ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор туризмасини Ташкилот маконида хавфсизликни таъминлаш бўйича принципиал жиҳатдан янги вазифаларни ҳал қилишга мослаштириш зарурати ортиб бормоқда.

Шу муносабат билан ваколатли идораларнинг амалий мулоқотларини бир неча баробар кўпайтириш, ҳамкорликнинг янги механизмларини ишлаб чиқиш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Жорий вазиятни мунтазам муҳокама қилиш, шу жумладан ахборот маконидаги хатар ва таҳдидларга қарши курашиш борасидаги қўшма чора-тадбирларни келишиш муҳим.

Пировардида, ШҲТ минтақасида тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга умумий ҳиссамиз шунга боғлиқдир”, дейди Мирзиёев.

Ўзбекистон раҳбари баён этилган барча йўналишларда кузатувчи мамлакатлар, мулоқот бўйича шериклар ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни фаоллаштиришни таклиф этди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев ШҲТ мажлиси

Баҳолаганлар

41

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг