Шавкат Мирзиёев ва Шаҳбоз Шариф ОАВ учун баёнот берди

Жамият

image

Ўзбекистон ва Покистоннинг Афғонистонни тинч ривожлантириш ҳамда Фаластин масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги позициялари яқин. Бу ҳақда бугун, 26 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Шаҳбоз Шариф оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашувда маълум қилди.

Шавкат Мирзиёев сўзининг аввалида учрашувлар самарали бўлганини алоҳида қайд этиб, ушбу тарихий ташриф Ўзбекистон-Покистон стратегик шериклигида янги саҳифа очишини таъкидлади.

Қайд этилишича, Ўзбекистон Президенти кейинги йилларда икки томонлама ҳамкорлик жадал ривожланиб бораётганини юксак баҳолаган. Товар айирбошлаш ҳажми 400 миллион доллардан ошган, 130 та қўшма корхона ташкил этилган, Карачи ва Тошкентда савдо уйлари очилган. Тошкент ва Лаҳор ўртасида авиақатновлар тикланган.

Билдирилишича, ҳукуматлараро комиссия самарали фаолият юритмоқда, сиёсий маслаҳатлашувлар, қатор ишбилармонлик тадбирлари ва Ўзбекистон саноат кўргазмаси муваффақиятли ўтказилди.

“Шу кунларда Покистоннинг етакчи компанияларидан иборат нуфузли делегация пойтахтимизда бўлиб турибди. Бугун бизнес вакиллари билан алоҳида учрашув ўтказиб, қўшма режаларни муҳокама қиламиз”, деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, олий даражадаги музокаралар чоғида томонлар кўп қиррали ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”ни белгилаб олгани, Олий даражадаги стратегик шериклик кенгашини ташкил этишга келишиб олингани таъкидланди.

“Ўзаро савдо ҳажмини кескин ошириш ва номенклатурасини кенгайтириш, саноат кооперациясини кучайтириш, транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқликни ривожлантириш, бизнесни қўллаб-қувватлаш ва унга қулай шароитлар яратиш масалалари диққат марказида бўлди”, дейилади Президент матбуот хизмати хабарида.

Бундан ташқари, фармацевтика, аграр тармоқ, қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, геология ва минерал ресурслар, тўқимачилик, чарм саноати ва бошқа тармоқлардаги лойиҳаларни илгари суриб, тайёр маҳсулотларни учинчи мамлакатлар бозорига экспорт қилиш муҳимлиги таъкидланган.

Глобал ва минтақавий тузилмалар, шу жумладан Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва бошқалар доирасидаги яқин алоқалар ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга келишиб олинган.

“Афғонистонни тинч ривожлантириш, Фаластин масаласини дипломатик йўл билан ҳал этиш борасидаги позициялар яқин экани таъкидланди”, дейилади хабарда.

Шу билан бирга, хавфсизлик соҳасида, терроризм, трансмиллий жиноятчилик, гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланиши ва бошқа замонавий таҳдидларга қарши курашиш борасидаги ҳамкорликни кенгайтиришдан икки томон ҳам манфаатдор экани билдирилган.

Музокараларда маданий-гуманитар ва туризм соҳаларидаги алмашинувни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Маданият ва санъат фестивалларини ўзаро ўтказиш, сайёҳлар оқимини, шу жумладан "Умра плюс" дастури доирасида ошириш юзасидан келишувларга эришилган.

Якунда эришилган келишувлар ва имзоланган битимларни ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш учун икки мамлакат ҳукуматлари томонидан кенг қамровли "йўл харитаси" қабул қилиниши таъкидланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон Шаҳбоз Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг