Ўзбекистон Олимпиадага тайёрми?
Спорт
−
16 Июль
5925Бугун, 16 июль куни Олимпия ва паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларидаги иштироки олдидан матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжуманида Спорт вазири Адҳам Икромов, Миллий Олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов, Ўзбекистон футбол ассоциацияси биринчи вице-президенти Равшан Эрматов, Ўзбекистон дзюдо федерацияси раиси Азиз Комилов, Ўзбекистон бокс федерацияси раисининг биринчи ўринбосари Сакен Пўлатов, Ўзбекистон таэквондо WT ассоциацияси раиси Шерзод Тошматов иштирок этиб, ОАВнинг саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон делегацияси ўз тарихида энг катта таркиб билан Олимпиада ўйинларида иштирок этади. Делегация аъзолари 19 та спорт турида 90 нафар спортчи билан 75 та лицензия бўйича баҳсларга киришади. Шунингдек, футбол, камондан отиш, аёллар кураши ва сувга сакраш дастурларида ўзбек атлетлари илк марта тўрт йилликнинг энг йирик спорт турнирида мамлакат шарафини ҳимоя қилади.
Тадбирда Адҳам Икромов спортчиларнинг тайёргарлигига алоҳида тўхталиб, Парижда улардан ўзбек спорти тарихидаги энг яхши натижа кутилаётганини билдирди.
Жорий Олимпиада баҳсларида Ўзбекистон делегацияси таркибида 67 нафар спортчи дебют қилиши кутилмоқда. Шунингдек, спортчилар орасида 4 нафар Олимпиада чемпионлари ҳам бор. Яъни таэквондо баҳсларида Улуғбек Рашидов, боксда Ҳасанбой Дўсматов ва Баҳодир Жалолов, оғир атлетикада эса Акбар Жўраев медаллар учун кураш олиб боради.
Маълумот учун, Олимпиада ўйинларининг очилиш маросими 26 июль куни бошланиб, 11 августга қадар давом этади. Ўзбекистонлик спортчиларнинг турнирдаги иштирокини 24 июль футбол бўйича Темур Кападзе бошчилигидаги жамоа бошлаб беради.
LiveБарчаси