Ўзбекистон нега дезинфекцион туннеллардан воз кечаётгани сабаби айтилди
Бу қизиқ
−
18 Сентябрь 2020
9459Аввалроқ, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси баёнига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига асосланиб мамлакатда дезинфекция туннеллари тақиқланаётгани ҳақида хабар берган эдик. Хўш, нега? Дезинфекцион туннеллар самарасизми, унга сарфланган маблағлар энди нима бўлади? Ушбу саволлар билан QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековга мурожаат қилинди.
“Дезинфекцион туннеллар АҚШ, Россия, Франция давлатлари сингари кўплаб давлатлар қаторида Ўзбекистонда ҳам узоқ муддат давомида қўлланиб келинди. Ушбу восита ҳаво, одамлар устки кийим-бошлари, кичкина габаритли транспортларни дезинфекция қилиш учун мўлжалланган.
Дезинфекцион туннелларда вируслар, жумладан коронавирус ва бошқа микроорганизмларни нобуд қиладиган дезинфекция воситалари ишлатилади.
Республика махсус комиссия қарорига кўра ҳозирги кунда бинолар ва бошқа объектларга кираверишда дезинфекцион тунеллар ўрнатиш тўхтатилди. Ушбу қарор Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиясига кўра қабул қилинди.
Олимлар, вирусологлар томонидан ўтказилган тадқиқотлар асосида дезинфекцион туннеллари орқали дезинфекция ўртача 5-30 секундни ташкил этиб, вирусларни инактивация қилиш учун бу вақт етарли эмас деган хулосага келинди”, дейди республика бош санитария инспектори.
Отабековнинг таъкидлашича, ҳозир ҳам баъзи давлатларда хусусан Италия, Сингапур, Малайзияда ҳам дезинфекцион туннеллардан фойдаланишга рухсат берилган.
Унга кўра, айни вақтда коронавирус касаллиги ташхиси, даволаш усуллари ва профилактикаси қаратилган тадбирлар такомиллашиб бормоқда.
“Шу пайтгача ЖССТнинг ҳам аниқ таклифлари йўқ эди. Ҳатто, коронавирус касаллигига чалинганларни даволаш бўйича протоколлар ҳам мунтазам ўзгариб борди ва Ўзбекистонда шу кунга қадар 6 та даволаш протоколи амалиётга киритилди”, дейди Нурмат Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, ЖССТ кеча, 17 сентябрь куни бутун дунё мамлакатлари ҳукуматларини тиббиёт ходимларига шароит яратиш ва уларнинг таҳдидлардан ҳимоя қилиш чораларини кўришга чақирганди.
LiveБарчаси