ЖССТ ҳукуматларни тиббиёт ходимлари хавфсизлигини оширишга чақирди
Олам
−
17 Сентябрь 2020
7259Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) жаҳон ҳамжамиятини COVID-19 пандемияси шароитида тиббиёт ходимларини ҳимоя қилишни яхшилашга чақирди. Бугун, 17 сентябрь куни Женевада Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан чоп этилган тиббиёт ходимларининг хавфсизлиги тўғрисидаги Хартияда ушбу соҳада ҳукуматлар томонидан қабул қилиниши таклиф қилинган чоралар кўрсатилган.
"COVID-19 пандемияси барчамизга соғлиқни сақлаш ходимларининг дардни енгиллаштириш ва ҳаётни сақлаб қолишдаги муҳим ролини эслатди. Агар тиббиёт ходимлари хавфсиз бўлмаса, ҳеч бир мамлакат, шифохона ёки клиника беморлар хавфсизлигини таъминлай олмайди”, дейди ЖССТ Бош директори Тедрос Адан.
Бош директорнинг сўзларига кўра, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан илгари сурилаётган "Тиббиёт ходимларининг хавфсизлиги тўғрисидаги низом" соғлиқни сақлаш соҳаси мутахассислари учун хавфсиз иш муҳитини таъминлашда ва "ўқитиш, уларга ҳақ тўлаш ва ҳурмат кўрсатишда" бир қадам ташланганлигини англатади.
Шу муносабат билан ЖССТ коронавирус пандемияси "соғлиқни сақлаш ходимлари ва уларнинг оилаларини мисли кўрилмаган хавф остига қўйишига" эътибор қаратди. Ташкилотнинг дастлабки маълумотларига кўра, тиббиёт ходимлари орасида COVID-19 билан касалланиш "умумий аҳолига нисбатан анча юқори". Кўпгина мамлакатларда соғлиқни сақлаш ходимлари аҳолининг 3 фоизидан камроғини ташкил қилса, баъзи ҳолларда инфекция юқтириб олганларнинг 14 фоизини тиббиёт ходимлари ташкил этмоқда. "Жаҳон миқёсида COVID-19 билан касалланган минглаб соғлиқни сақлаш ходимлари вафот этди", дейди ЖССТ.
Шу муносабат билан ташкилот Хартияда ҳукуматни шифокорларнинг меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича бир қатор шошилинч чораларни кўришга чақирмоқда. Хусусан, тиббиёт ходимлари ва беморларнинг хавфсизлигини таъминлаш бўйича стратегиялар ўртасидаги мувофиқлаштиришни такомиллаштириш, тиббиёт ходимларининг соғлиғини ҳимоя қилиш бўйича миллий дастурларни ишлаб чиқиш, иш жойларида зўравонликдан ҳимоя қилишни таъминлаш, психологик муҳитни яхшилаш, шунингдек, "жисмоний ва биологик хавф-хатарлардан" ҳимоя қилиш таклиф этилмоқда. Хартиянинг нашр этилиши 17 сентябрда нишонланадиган Бутунжаҳон беморларнинг хавфсизлиги кунига тўғри келди. "Тиббий ходимларнинг хавфсизлиги –беморларнинг хавфсизлиги учун устувор вазифадир" деган шиор бу йилнинг асосий мавзуси бўлди.
LiveБарчаси