Ўзбекистон мундиалнинг кашфиёт жамоаси бўлиши мумкин – Аршавин

Спорт

image

Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатида “ўлим гуруҳи”га тушган бўлса-да турнирнинг кашфиёт жамоаси бўлиши мумкин. Бу ҳақда “Арсенал” ва Россия терма жамоасининг собиқ футболчиси Андрей Аршавин “Sport-express” нашрига берган интервьюсида сўз очди. 

“Саралашдан ўтишнинг ўзи улар учун муваффақият. Бироқ ҳозир янги форматга кўра, ҳатто гуруҳда учинчи ўринни олган жамоа ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин. Шунинг учун имкониятлар бор. Ўзбекистон терма жамоаси Португалия ва Колумбия билан “ўлим гуруҳи”га тушиб қолган бўлса ҳам, менимча, улар турнирнинг кутилмаган кучли жамоаларидан бири бўлиши мумкин. Конго Демократик Республикаси (КДР) билан даражада катта фарқ йўқ. Мен яқинда Ўзбекистон терма жамоасининг ўйинини кўрдим ва йигитлар менга ёқди. Шомуродов яхши ўйнади. Улар рақобатбардош жамоа”, дейди Андрей Аршавин.

Шунингдек, у “Манчестер Сити” ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов ҳақида ҳам фикр билдирган.

“У бу мавсумда “Манчестер Сити”нинг энг яхши уч футболчисидан бири бўлди – бу ажойиб ютуқ. Ҳусанов ҳақида аввал билмасдим, у “Сити”га келгунига қадар унчалик таниш эмас эди. Унинг трансферига ҳам шубҳа билан қарагандим, аммо у ўзини жуда яхши кўрсатди. У ўзини ўзи шакллантирди. Лекин Гвардиоланинг талабларига мослаша олгани ва унга ишонч билдирилгани ҳам катта роль ўйнаган. Ҳар ҳолда, Ҳусанов – ўз меҳнати билан етилган футболчи”, дейди Аршавин.

Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси 2026 йилги Жаҳон чемпионатида “К” гуруҳида Португалия, Конго Демократик Республикаси ва Колумбия билан рақобат олиб боради.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Жаҳон чемпионати Андрей Аршавин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг