Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентда тантанали кутиб олинди
Спорт
−
01 июл 7924 2 дақиқа
Бугун, 1 июль куни илк бор футбол бўйича Жаҳон чемпионатида қатнашган Ўзбекистон миллий терма жамоаси Тошкентга қайтиб келди. Пойтахт аэропортида футболчиларни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда тадбирда иштирок этган QALAMPIR.UZ журналисти хабар берди.
Маросимда ҳукумат вакиллари, жумладан, Бош вазир Абдулла Арипов ҳам иштирок этиб, сўзга чиққан. Шунингдек, Давлат хавфсизлик хизмати раиси Баҳодир Қурбонов, Спорт вазири Адҳам Икромов, Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умурзоқов ва бошқа расмийлар футболчиларни кутиб олиш учун аэропортга йиғилган.

“Омадсиз футболчилар, диван экспертлари кўп бўлади. Уларни кечириб юборинглар. Шуни унутмангки, бугунги авлоднинг жасорати келгуси авлодлар учун мустаҳкам пойдевор бўлади. Янги ғалабалар, янада юксак марралар сари олға!” дейди Абдулла Арипов ўз нутқида.

Шунингдек, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Элдор Шомуродов турнирдаги қайд этилган натижага қарамай, қўллаб-қувватлаган мухлисларга раҳмат айтди.

“Биринчи навбатда, учрашувимизга, шунақа натижага қарамай, бизни қўллаб-қувватлаган барча шу ерга келган, қўллаб-қувватлаган, Америкада турганимизда қўллаб-қувватлаб турган барча мухлисларга миннатдорчилигимизни билдирамиз”, дейди жамоа сардори.

Терма жамоа ҳужумчисининг сўзларига кўра, мундиалда қатнашиш мамлакат футболи учун ютуқ бўлди.

“Барча футболчилар жаҳон чемпионатида борини берди. Шуни айта оламан. Ёмон натижага қарамай, бу нарсадан Ўзбекистон футболи ва Ўзбекистон ютди деб ўйлайман, чунки шунча одамларни бирлаштира олдик шу футбол орқали. Бу, бунинг ўзи бизни фахрланишга арзийди деб ўйлайман. Албатта, натижа учун барчадан узр сўраймиз”, дейди Элдор Шомуродов.
Live
Барчаси