“Ўзбекистон” меҳмонхонаси нега сотилмаяпти?
Жамият
−
13 Сентябрь 2019
6969Аввалроқ, Тошкентдаги сотувга қўйилган “Ўзбекистон” меҳмонхона мажмуасининг нархи туширилгани ҳақида хабар берган эдик. Бу меҳонхонанинг иккинчи марта арзонлашиши эди.
Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги “Ўзбекистон” меҳмонхонаси сотилиши бўйича расмий баёнот берди.
“Вазирлар Маҳкамасининг замонавий меҳмонхона хизматлари кўрсатиш учун шароитлар яратиш ва улардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида 2018 йил 14 августда қабул қилинган “Меҳмонхона соҳасига қўшимча инвестицияларни жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 661-сонли қарорига мувофиқ, “Оtel O`zbekiston” ҚК МЧЖнинг 80,13 фоиз давлат улуши модернизация ва реконструкция қилиш мажбурияти билан оммавий савдоларга қўйилиши белгиланди.
Мазкур давлат улуши 33,0 млн долларни ташкил этиб, 3 йил муддатда бўлиб тўлаш ҳамда 2 йил ичида 100,0 млрд сўм миқдорда инвестиция мажбуриятлари киритиш шарти билан танлов савдоларига чиқарилди. Бугунги кунга қадар 50 дан зиёд маҳаллий, хорижий инвестор билан музокаралар олиб борилганига қарамай, ҳеч қайси бир инвестор томонидан мазкур меҳмонхона мажмуасини сотиб олиш юзасидан аниқ таклифлар берилмади.
Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Бино сотилмаётганининг асосий сабаблари нимада? Нарх наво қайси мезонлар асосида белгиланган? Инвестор ва тадбиркорларнинг талаб ва истаги нима?
Айтиб ўтиш жоизки мазкур сотиш механизми 2003 йилдан бери қўлланиб келинаётган, аввалги қонунчилик (03.07.2014 й. ПҚ-2200) талаблари ҳамда ўша кездаги жамиятнинг таъсис шартномасига асосан, давлат улуши 31, 6 млн. АҚШ долларини ташкил этган ва бошланғич нархни ана шу қийматдан пасайтириш имкони бўлмаган. Шунинг учун савдоларнинг бошланғич нархи 33,0 миллион доллар этиб белгиланган эди.
Инвесторлар билан бўлиб ўтган музокараларда меҳмонхона жойлашуви қулай, сайёҳларни жалб этиш борасида имкониятлари кенглигига катта қизиқиш билдирилмоқда. Аммо, мазкур давлат активининг нархи бугунги кундаги реал ҳолатига нисбатан баланд экани, йиллик даромадлар ҳисоб китоб қилинганда ҳам уни қоплаш учун бир неча 10 йиллар керак бўлиши қолаверса, хоналар баландлиги ва кенглиги 4 ёки 5 юлдузли меҳмонхоналар талабига тўғри келмаслиги, бино қурилишида бетондан фойдаланилгани боис, уни бузиб қайта қуришга ҳам жуда кўп меҳнат ва маблағ сарф этилишини айтишган.
Аксарият инвесторлар эса, жамиятнинг тўлиқ 100 фоиз улушини сотиб олиш истагини билдиришган. Жамиятнинг қолган 19,87 фоиз улуши эса хусусий мулкка тегишлидир. Хусусий мулкни сотиш ёки сотмаслик фақатгина жамият таъсисчилари томонидан ихтиёрий равишда амалга оширилади. Чунки у давлат ҳимоясида.
Ана шу омиллар сабаб, тарғибот ташвиғот ишлари олиб борилишига қарамай, мазкур давлат активи сотилмаяпти.
Албатта йирик мулкий мажмуалар, корхоналарнинг сотилиши бир мунча муддат ва алоҳида ёндашув талаб қиладиган жараёндир. Боз устига, иқтисодиётда бозор “талаб” ва “таклиф” тамойиллари асосида шаклланади. Ҳар бир инвестор корхона ёки объектга инвестиция киритишидан олдин унинг фаолиятини ўрганиб, молиявий таҳлиллар қилади ва тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин сармоя киритишга қарор қилади.
Давлатимиз раҳбарининг тегишли ҳужжатига кўра, ошкора савдоларда икки ой мобайнида сотиб олиш бўйича талабнома тушмаса, нарх босқичма-босқич пасайтириб борилади. Бугунги кунда Ўзбекистон меҳмонхонаси комплексининг нархи 20 фоизга пасайтирилиб, 26,4 млн. доллар миқдорида қайта савдоларга чиқарилди ва шу нархдаги танлов 16 сентябрда бўлиб ўтади.
Шу ўринда яна бир қўшимча. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисида”ги Қонуни 20-моддасига асосан, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари давлат тасарруфидан чиқариш ва хусусийлаштириш тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан жамоатчилик назоратини амалга оширишга ҳақлидир. Шу боис, Агентлик барча хусусийлаштириш жараёнларида жамоатчилик назоратини ўрнатишга чорлаб қолади ва бу йўналишда хамкорлик қилишга тайёр эканини маълум қилади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси жорий йилнинг февраль ойида сотувга қўйилганди.