Ўзбекистон мактаблари қоғоз кундаликларга қайтяптими?
Жамият
−
04 Февраль 12033 2 дақиқа
Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистондаги мактабларда анъанавий (қоғоз) кундаликлар, синф журналлари жорий этилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ушбу хабарлар юзасидан муносабат билдирди.
Қайд этилишича, қоғоз кундаликларга оид маълумотлар ҳуқуқий асосга эга эмас. Ўзбекистон Президентининг 2018 йил 5 сентябрдаги “Мактабгача ва мактаб таълими тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ҳамда 2019 йил 29 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига асосан айни вақтда мамлакатдаги мавжуд барча умумтаълим мактаблари ўқувчиларининг давомати ва фанларни ўзлаштириш баҳолари eMaktab электрон журнал тизими орқали амалга оширилиб келинмоқда.
Бундан кўзланган мақсад ўқитувчилардаги иш юкламасини камайтириш, ўқув жараёнини ташкил этишда замонавий ахборот-комуникация технологияларини жорий этишдан иборат. Ушбу жараён халқаро тажрибада ҳам ўзини оқлаган.
Билдирилишича, мазкур тизим жорий этилиши натижасида ота-оналарнинг ўз фарзандларининг дарсларни ўзлаштириш даражасини масофавий кузатиш имконияти яратилиб, ўқувчиларни баҳолашда шаффофлик таъминланиб келинмоқда. Шунингдек, педагоглар фаолиятига доир турли қоғозбозликларнинг камайишига эришилган.
“Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан мамлакатимиз мактабларига анъанавий кундалик ва синф журналларига қайтиш бўйича топшириқ берилмаганини маълум қилиб, юртимизда амалга оширилаётган рақамлаштириш жараёнлари ортга қайтмас тус олганлигини алоҳида таъкидлаб ўтамиз”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси