Ўзбекистон маҳсулотларининг Европага экспорти ҳажми 86 фоизга ошди

Жамият

image

Жорий йилнинг дастлабки беш ойида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи мамлакатлари ўртасидаги товар айланмаси 22 фоизга, Ўзбекистондан Европа Иттифоқига экспорт эса 86 фоизга ошди. Бу ҳақда Брюсселда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари - инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзоқов ҳамда Европа Кенгаши Президентининг Ташқи сиёсат бўйича Бош маслаҳатчиси Саймоном Мордю ўртасида бўлиб ўтган учрашувда маълум қилинди.

Қайд этилишича, энг катта ўсишни кўрсатган товарлар тоифалари орасида кимё саноати маҳсулотлари (6 марта ўсиш), тўқимачилик (90 фоизга ўсиш) ва озиқ-овқат маҳсулотлари (65 фоизга ўсиш) бор. Бунга кўп жиҳатдан Ўзбекистон томонидан 2021 йилда Европа Иттифоқининг “GSP+” Преференциялар бош тизимининг бенефициар мақомини олиши туфайли эришилган.

“Фурсатдан фойдаланиб, томонлар “GSP+” тизими доирасида ЕИ мониторинг миссиясининг Ўзбекистонга ташрифи якунларини муҳокама қилдилар ва ушбу тизимнинг бенефициари сифатида унинг афзалликларини амалда қўллаш мақсадида мамлакат томонидан ратификация қилинган барча 27 халқаро Конвенция талабларига риоя этилишини таъминлаш бўйича навбатдаги тадбирларни белгилаб олди”, дейилади хабарда.

Таъкидланишича, томонлар Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) қўшилиш мавзусига ҳам тўхталган. Хусусан, Ўзбекистон томони ЕИнинг Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиш бўйича Ишчи гуруҳининг 5-йиғилишини ташкил қилиш ва ўтказишда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорлик билдирган. Бу йўналишда ҳамкорлик қилиш бўйича навбатдаги саъй-ҳаракатлар белгилаб олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Европа Иттифоқи экспорт

Баҳолаганлар

200

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг