Ўзбекистонда кўчмас мулк сотиб олиш кўрсаткичи пасайди
Жамият
−
17 Сентябрь
33622024 йил август ойида Ўзбекистонда кўчмас мулк бозори бироз пасайди. Бу ҳақда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълум қилди.
Таҳлилларга кўра, август ойида июль ойига нисбатан олди-сотди 3,5 фоизга кам бўлиб, савдолар сони 23 мингтани ташкил этган. Август ойида 22,2 мингта кўчмас мулк олди-сотди битимлари рўйхатга олинган.
Йиллик ўлчовда фаолликнинг сезиларли даражада пасайиши кузатилмоқда: уй-жой савдоси 20,8 фоизга камайди, бу эса уй сотиб олишга қизиқишнинг камайишини кўрсатади.
Август ойида ҳудудлар кесимида кўчмас мулк билан боғлиқ битимларнинг энг катта пасайиши Сирдарё (22,6 фоиз) ва Хоразм вилоятларида (13,2 фоиз), шунингдек Тошкент шаҳрида (9,7 фоиз) қайд этилди.
Шунингдек, йиллик ўлчовда фаолликнинг пасайиши кузатилмоқда. Навоий, Наманган ва Тошкент вилоятларида кўчмас мулк савдосининг пасайиши ҳар бир ҳудудда 30 фоиздан ортиқни ташкил қилди.
Августда Тошкент шаҳрида ижара уй-жой бозоридаги вазият барқарорлашди, бу ерда ижаранинг ўртача нархи 1 кв.м. учун 8,3 долларни ташкил қилди, бу ўтган ойдаги кўрсаткичга тўғри келади. Ўтган ойларга нисбатан нархларнинг пасайиши кузатилмоқда: июль ойида - 0,6 фоизга, июнда - 1,2 фоизга. Шундай қилиб, август ойида бозор икки ойлик пасайишдан кейин барқарорликни кўрсатди.
Бу турли омиллар, жумладан, ижарачилар фаолиятидаги мавсумий тебранишлар билан боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, ўқув йилининг бошида уй-жой ижарасига талаб ошиши мумкин.
Тошкент туманига қараб уй-жой ижараси нархидаги фарқлар ҳам барқарорлигича қолмоқда. Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида ижара нархининг юқорилиги сақланиб қолмоқда, бу ерда ўртача ижара нархи ҳар квадрат метр учун тахминан 10 долларни ташкил этади.
Бошқа томондан, Бектемир ва Сергели каби ҳудудларда бюджет ижарачилари, шу жумладан талабалар учун ижарага олиш имконияти янада жозибадор бўлиб қолмоқда, бу ерда ижара ҳар квадрат метр учун ўртача 6 доллар туради.
Агар ўтган йилнинг август ойида Тошкент шаҳрида ижарага бериладиган уй-жойларнинг ҳар квадрат метри ўртача 9 долларни ташкил этган бўлса, йил давомида 7,3 фоизга пасайиш қайд этилиб, бу бозорнинг ушбу сегментидаги умумий пасайиш тенденциясидан далолат беради.
Шу билан бирга, йил давомида ижара нархининг сезиларли пасайиши Яккасарой туманида - 14,8 фоизга, Яшнобод туманида - 13,3 фоизга, Шайхонтоҳур туманида - 11,5 фоизга ва Юнусобод туманида – 10 фоизга кузатилди.
Иккиламчи кўчмас мулк бозоридаги ҳолат
Жорий йилнинг август ойида республикада иккиламчи уй-жой нархи 0,7 фоизга ошган бўлса, ўтган йилнинг август ойидан бошлаб уй-жойнинг 1 кв.м учун ўртача нархи 9,7 фоизга ошди.
Шу билан бирга, иккиламчи уй-жой нархи Хоразм – 21,4 фоизга, Сурхондарё – 14,6 фоизга, Бухоро – 13,4 фоизга, Қашқадарё – 13,3 фоизга вилоятларида сезиларли даражада ошгани қайд этилди.
Тошкент шаҳридаги иккиламчи уй-жой бозорида нархлар бироз пасайганидан сўнг, август ойида барқарорлик кузатилди: нархлар атиги 0,2 фоизга ошди ва ҳар квадрат метр учун 1128 долларни ташкил этди.
Пойтахтнинг аксарият туманларида иккиламчи уй-жойлар нархи ўзгаришсиз қолди, фақат Миробод ва Олмазор туманларида уй-жойлар мос равишда 1,7 фоиз ва 1,3 фоизга қимматлашди.
Тошкентнинг яна учта туманида нархлар тушиб кетди. Хусусан, Шайхонтоҳур - 1,1 фоиз, Сергели – 0,9 фоиз ва Чилонзор туманларида – 0,6 фоиз.
Йил давомида Тошкентда иккиламчи уй-жойларнинг ўртача нархи 4,2 фоизга ошди.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида 2024 йилнинг август ойи охирида охирги бир неча ой ичида илк марта уй-жой ижараси нархи кўтарилганди.