Ўзбекистон коррупция индексида уч поғона пастлади
Жамият
−
10 Февраль 1663 2 дақиқа
Ўзбекистон 2025 йил якунлари бўйича Коррупцияни қабул қилиш индексида 182 та давлат орасида 124-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилга нисбатан уч поғонага паст кўрсаткичдир. Бу ҳақда бугун, 10 февраль куни “Transparency International” халқаро ташкилоти эълон қилган ҳисоботда сўз боради.
Унга кўра, 100 баллик тизимда Ўзбекистон 31 балл тўплаган. Ўтган йили бу кўрсаткич 32 баллни ташкил этган. Индексда 0 балл коррупциянинг жуда юқори, 100 балл эса жуда паст даражасини англатади.
Ташкилот маълумотига кўра, дунё бўйича коррупция даражаси ошишда давом этмоқда. Ҳатто АҚШ, Канада, Янги Зеландия ва айрим Европа давлатларида ҳам кўрсаткичлар ёмонлашган.
Дунё бўйича 2025 йилда коррупция ҳолати ўртача кўрсаткич 42 баллни ташкил этди. Бу сўнгги ўн йилдан ортиқ даврдаги энг паст натижа ҳисобланади. Дунё мамлакатларининг учдан икки қисмидан кўпроғи 50 баллдан кам балл тўплаган.
Рейтингда Дания саккиз йилдирки етакчиликни сақлаб қолмоқда – 89 балл. Ундан кейинги ўринларда Финляндия (88 балл) ва Cингапур (84 балл) жойлашган. Энг қуйи ўринларни Жанубий Судан, Сомали ва Венесуэла эгаллаган.
Россия 22 балл билан 157-ўриндан жой олди. Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистон 96-ўринни, Қирғизистон 142-ўринни, Тожикистон 166-ўринни, Туркманистон 167-ўринни, Афғонистон эса 169-ўринни эгаллади.
Маълумот учун, Ўзбекистон 2023 ва 2024 йилларда ушбу рейтингда 121-ўринда бўлган, ундан олдинги йили эса 126-ўринни қайд этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда коррупция ҳақида хабар берган шахсларга ҳимоя ордери берилиши ҳақида маълум қилинганди.
Жамшидбек Амиров
Live
БарчасиСомалида самолёт Ҳинд океани қирғоғига қўнди
10 Февраль
Хитойда гуманоид робот инсонга ҳужумга қилди
10 Февраль