Ўзбекистон коронавирусга қарши тура оладими?
Таҳлил
−
15 Март 2020
26813Дунё яралибдики, у ўз бошидан жуда кўп офатларни кечирди. Бунга Жаҳон урушларини, қўзғалонлар, давлат тўнтаришлари, террорчилик ҳаракатлари, табиий офатларни мисол қилиб келтириш мумкин. Бу даҳшатли ҳодисаларга турли даврларда инсоният ҳаётига даҳшат солган касалликларни қўшса, муболаға бўлмайди, назаримизда.
Бугун бутун дунё коронавирусга қарши курашмоқда. Даставвал, Хитойда пайдо бўлган ушбу касаллик, кўп ўтмай сайёранинг барча қитъасига тарқалиб улгурди. Океан ортида жойлашган Шимолий ва Жанубий Америка давлатлари ҳам, тиббиёт жуда илдамлаб кетган Европа мамлакатлари ҳам, Африканинг олис ўлкалари ҳам бу касалликка мезбон бўлди.
Дунё нима тахминда?
Коронавирус тарқалишига оид кўплаб мақола ва эшиттиришлар дунё оммавий ахборот воситаларида эълон қилина бошлади. Сиёсатчилардан тортиб, оддий одамларгача бу вирус қандай келиб чиққани бўйича ўз тахминларини ўртага қўйди. Кимдир буни кимё комбинатидаги бахтсиз ҳодиса деса, яна кимдир вирус келиб чиқишини хитойликларнинг яшаш тарзига боғлади. Ушбу вирусни АҚШнинг биологик қуроли сифатида ҳам талқин қилганлар ҳам топилди.
Сўнгги маълумотларга кўра, дунё бўйича 163 418 киши коронавирусга чалинган. Вирусни юқтирган 6086 киши вафот этган. Аммо умид буткул сўнмаган. 76 219 киши вирусни енгиб, ҳаётга қайтган.
Афсус билан шуни таъкидлаш лозимки, бугун, 15 март куни коронавирус пандемияси Ўзбекистонда ҳам қайд этилди.
Ўзбекистон коронавирус билан кураша оладими?
Шу ўринда, аниқ маълумотларга таянамиз. Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирус аломатлари, унга чалинмаслик йўллари каби турли фойдали мазмундаги тарғибот-ташвиқот ишларини олиб борди.
Бундан ташқари, Ўзбекистон бу муаммони енгиш учун моддий, тиббий ва илмий жиҳатдан барқарор. Бунга талай мисолларни келтириш мумкин. Масалан: хориждан қўшимча 500 та сунъий нафас берувчи янги ускуна сотиб олинган. Вирусология ва юқумли касалликларни даволовчи шифохоналар зарур тиббий ашёлар билан таъминланган.
Шуни айтиш мумкинки, мамлакатда бир марталик тиббий ниқобнинг нархи сунъий ошиб кетиши назоратга олинди. 3 ой ичида эса Ўзбекистонда ниқоб ишлаб чиқариш 10 бараварга оширилди ва экспорти тўхтатилди.
Қолаверса, озиқ-овқатларнинг нархи кескин ошиб кетишига йўл қўйилмайди. Бу бўйича тегишли ташкилотлар, жумладан, Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Давлат солиқ қўмитаси иш олиб бормоқда.
Нима йўл тутиш керак?
Аввалоқ, ваҳимага тушмаслик, дунёдаги айрим мамлакатларда кузатилганидек – озиқ-овқат дўконлари, дорихоналарга ўзимизни уришдан тийилишимиз керак. Бугун коронавирус ҳақидаги хабарлар тарқалганидан кейин пойтахт Тошкентдаги айрим супермаркетларда озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган турнақатор навбатлар, вилоятлар йўналишида қатнаётган ҳайдовчиларнинг кира ҳақини сунъий оширишлари – қуруқ ваҳимадан ўзга нарса эмас. Бундай вазиятда кўча-куйда, бозор-ўчарда тарқалаётган турли мишмишли хабарларга ишониш ҳам ярамайди. Расмий ташкилотларнинг ижтимоий тармоқларда эълон қилиб борилаётган хабарларини кузатиб бориш, тавсияларига амал қилиш лозимлиги – барчамиз учун, албатта, яхшиликка хизмат қилади.
Шу ўринда бир гапни айтиб ўтишни лозим топдик. Коронавирус ҳақида турли ёлғон маълумотлар тарқатиб, аҳоли ичида ваҳима кўтаришга сабабчи бўладиган гап-сўзларни ёйиб юрувчи айрим кимсаларга тегишли жазо қўлланилишини эслатиб ўтамиз. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳам маълум қилди.
Буюк ҳаким Абу Али ибн Сино шундай деган эди:
“Ваҳиманинг ўзи ярим касалликдир.
Хотиржамлик ярим соғликдир.
Сабр эса шифонинг бошланишидир”.
LiveБарчаси