Ўзбекистон коронавирус аниқланмаган давлатга инсонпарварлик ёрдами юборди
Жамият
−
09 Апрель 2020
22752Ўзбекистон Тожикистонга коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олишга кўмаклашиш учун инсонпарварлик ёрдами жўнатди. Ёрдам Ўзбекистон Президентининг топшириғига мувофиқ юборилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Тожикистонга юборилган дўстона ёрдам коронавирусни бартараф этиш учун биринчи навбатда эҳтиёж сезиладиган тиббий буюм ва воситалар ҳамда озиқ-овқат маҳсулотидан таркиб топган.
“Инсоният учун умумий офатга айланган ушбу касалликка барча давлатлар баҳамжиҳат бўлиб курашса, хавфу хатарни тезроқ бартараф этиш мумкин. Бу масалага Ўзбекистон алоҳида эътибор билан қарамоқда. Ён қўшнимиз Тожикистонга кўрсатилган ёрдам ҳам ана шундай эзгу мақсадга йўналтирилгани билан аҳамиятлидир”, дейди Сурхондарё вилояти Фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ж.Абраматов.
Инсонпарварлик юкида эпидемияга қарши курашда зарур бўладиган ҳимоя комбинезонлари ва кўзойнаклари, суюқ натрий гипохлориди, респираторлар, қўлқоп ҳамда пирометрлар, шунингдек, ун маҳсулотлари бор.
Бугун инсонпарварлик ёрдами юкланган поезд Сурхондарё вилоятидан Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.
Ўзбекистон бугунгача коронавирусга қарши курашда кўмаклашиш учун Хитой, Эрон, Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатди.
Маълумот учун, Тожикистонда бугунгача коронавирус билан боғлиқ ҳолат расман тасдиқланмаган.
LiveБарчаси