Ўзбекистон халқаро рейтинглардан бирида юқори ўринни эгаллади
Жамият
−
22 Февраль 2020
5509Ўзбекистон хавфсиз туризм бўйича дунёда 46, МДҲда 1-ўринни эгаллади.
Мазкур рейтингни Франциянинг "Insurly" портали эълон қилган. Рейтингни тузишда табиий офат эҳтимоли, соғлиқни сақлаш даражаси, жиноятчилик бўйича аҳвол, жумладан террорчилик ва йўл-транспорт ҳодисалари ҳисобга олинган.
2020 йилда сайёҳлар хавфсизлигини таъминлаш бўйича 1-ўрин 100 балдан 93,4 балл олган Швейцарияга берилди. Иккинчи ўринга 92,7 балл билан Сингапур лойиқ кўрилди. Учинчи ўринни эгаллаган Норвегияга 91,1 балл берилган.
Сайёҳлар учун энг хавфсиз мамлакатлар ўнталигига шунингдек, Люксембург, Кипр, Исландия, Дания, Португалия, Финляндия ва Япония ҳам киритилди.
Ўзбекистон ушбу рейтингда 70,3 балл олиб 46-ўринни эгаллаган. Рейтинг тузувчиларнинг фикрича, туристлар учун энг катта хавф, бу табиий офатлардир. Бу йўналишда Ўзбекистонга атиги 25 балл берилди. Аммо, Ўзбекистоннинг соғлиқни сақлаш тизими юқори даражадалиги қайд этилди ва 81 балл берилди.
Порталда таъкидланишича, Ўзбекистонга келган сайёҳларга террорчилик таҳдиди умуман йўқ.
Дунё рейтингида 46-ўринни эгаллаган Ўзбекистон МДҲда доирасида биринчи бўлди.
Рўйхатда Ўзбекистондан кейинги ўринлар қўйидагича бўлди: Беларусь (48-ўрин), Озарбайжон (52), Туркманистон (60), Молдова (66), Грузия (68), Қозоғистон (71), Арманистон (72), Украина (83), Россия (86), Тожикистон (93), Қирғизистон (106) эгаллади.
2020 йилда сайёҳлар учун энг хавфли мамлакатлар учлигига Марказий Африка Республикаси, Конго Демократик Республикаси ва Жанубий Судан киритилди.