Ўзбекистон келаси йилда ЕОИИда кузатувчи бўлиши мумкин

Жамият

image

"Ўзбекистоннинг Евросиё иқтисодий иттифоқида (ЕОИИ) кузатувчи мақомига эга бўлиши масаласи келаси йил ҳал қилиниши мумкин", деди Россия Федерацияси Федерация Кенгашининг Халқаро ишлар бўйича қўмитаси раисининг ўринбосари Фарит Мухаметшин. Бу ҳақда Интерфакс хабар бермоқда.

"Тушунишимизча, якуний тарзда, катта эҳтимол билан, келаси йили Ўзбекистон Евросиё иттифоқининг биринчи босқичида кузатувчи мақомига эга бўлиши борасидаги масала ҳал этилиши мумкин", деди Мухаметшин кеча, 7 октябрь куни қўмита йиғилишида сенаторларнинг 1-3 октябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширилган ташрифи ҳақида сўзлаб.

Aввалроқ, Федерация Кенгаши спикери Валентина Матвиенко, Ўзбекистон расмийлари мамлакатнинг Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиши масаласини кўриб чиқаётганини айтганди. 

"Биз биламиз ва маълум бўлдики, Ўзбекистон Президенти қарор қабул қилди ва Ўзбекистонни Евросиё иқтисодий иттифоқига қўшилиш масаласи ишлаб чиқилмоқда", деди Матвиенко Тошкентда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери Нурдинжон Исмоилов билан учрашувда "Менимча, бу Президентнинг оқилона қарори. Умид қиламанки, мувофиқлаштириш жараёни кечикмайди ва биз Евроосиё оиласи доирасида ҳамкорлик қила оламиз", деди у.

Унинг сўзларига кўра, ушбу мавзу бўйича музокаралар олиб борилмоқда.

"Бу осон иш эмас. Ҳамма нарсани мувофиқлаштириш, барча иштирокчи давлатлар билан, Евросиё комиссияси билан гаплашиш керак", деди Матвиенко.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистоннинг ЕОИИга аъзо бўлиши икки томонлама ҳамкорлик учун янги имкониятларни очиб беради, чунки "бу давлатлараро муносабатларимизда ҳозирда мавжуд бўлган баъзи тўсиқларни олиб ташланишига туртки беради".

Матвиенко Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг ЕОИИга аъзо бўлиши муҳимлигини тушунишини, аммо қарор қабул қилишдан олдин барча мумкин бўлган хавфларни ҳисобга олиши кераклигини айтди.

"У Ўзбекистоннинг, хусусан Евросиё иқтисодий иттифоқидаги иштирокини ўта муҳим деб билади. Бироқ, у тўғри қарор қабул қилиши учун жуда жиддий таҳлил талаб этилади," деди Матвиенко  шу йилнинг 1 октябрь куни Шавкат Мирзиёев билан музокаралардан сўнг. 

Маълумот учун, ЕОИИ 2015 йилда ташкил этилган. Ташкилот таркибига Aрманистон, Белорусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Россия киради. Молдова ташкилотда кузатувчи мақомига эга.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон ЕОИИ кузатувчи бўлиши

Баҳолаганлар

47

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг