Ўзбекистон Қозоғистонга ярим йилда 12,6 млрд куб метр сув берди
Жамият
−
05 Апрель 5910 2 дақиқа
Сўнгги олти ой ичида Ўзбекистон Қозоғистонга 12,6 миллиард куб метр сув юборди. Бу режалаштирилганидан 1,7 миллиард куб метрга кўпроқ. Бу ҳақда Қозоғистон Сув ресурслари ва ирригация вазири Нуржан Нуржигитов бугун, 5 апрель куни Самарқандда ўтаётган халқаро иқлим форумининг учинчи ялпи мажлисида сўз очди.
“Ушбу сув жанубий вилоятлардаги деҳқонларни суғориш даврида таъминлаш учун ишлатилмоқда. Сув дипломатияси ва халқаро ҳамкорлик – вазирлигимиз фаолиятидаги асосий йўналишлардан биридир. Трансчегаравий сувларни тақсимлаш ва бошқариш, тажриба алмашиш ва илғор технологияларни биргаликда жорий этиш бутун Марказий Осиёда сув хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди”, деди вазир.
Шунингдек, вазир иқлим ўзгаришларига мослашиш, сув ресурсларини бошқаришда янги ёндашувларни жорий этиш, шунингдек, минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш орқали сув танқислигининг олдини олиш зарурлигини таъкидлаган.
Билдирилишича, Шимолий Орол денгизига ҳам 1,8 миллиард куб метрга яқин сув юборилган. Бу прогноз қилинганидан 120 миллион куб метрга кўп. Шунингдек, “Дўстлик” давлатлараро канали орқали Қозоғистонга 490 миллион куб метр сув етказиб берилган.
Маълумот учун, кеча, 4 апрель куни Самарқанд халқаро иқлим форуми бошланди. Форум ишида Европа кенгаши Президенти Антониу Кошта, Европа комиссияси Президенти Урсула фон дер Ляйен, Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров, Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон, Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов, Европа тикланиш ва тараққиёт банки раҳбари Одиль Рено-Бассо, Европа иқтисодий комиссияси ижрочи котиби Татьяна Молчан, Аҳоли пунктлари бўйича дастур ижрочи директори Анаукладия Россбах, Чўлланишга қарши курашиш конвенцияси ижрочи котиби Иброҳим Тиав ва бошқалар иштирок этди. Форум бугун, 5 апрель куни якунланади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича қўшма ишчи гуруҳнинг XII йиғилишида Нуржан Нуржигитов ва Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев 2024 йил октябрдан 2025 йил октябргача Қозоғистонга 16 миллиард куб метрдан ортиқ сув юбориш бўйича келишувга эришгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси