Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон чегаралари туташган нуқта кўрсатилди (видео)

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари – Вазирлар Маҳкамаси раисининг ўринбосари Қамчибек Ташиев Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтасини аниқлаш бўйича уч томонлама музокаралар 2007 йилдан бошланганини айтиб, чегаралар туташган нуқтани намойиш қилди. Бу ҳақда у бугун, 19 март куни Жогорку Кенешнинг 6 қўмитаси қўшма йиғилишида сўз очди.  

Унинг сўзларига кўра, шу кунгача ҳукумат делегациялари бу масала бўйича 6 марта учрашув ўтказган.

“Томонлар чегара туташ нуқтасини аниқлаш борасида якдил қарорга кела олишмаган. 2025 йил март ойида Қирғизистон-Тожикистон чегараси бўйича келишув имзолангач, Душанбе шаҳрида уч томонлама учрашув бўлиб ўтди. Унда уч давлат келишувга эришди ва чегара туташ нуқтаси аниқлаб олинди”, деди Ташиев.

У харитада ушбу нуқта жойлашган жойни кўрсатди.

“Уч давлат чегараларининг туташ нуқтаси кўк ранг билан белгиланган. Олдинроқ бу жой учун Ўзбекистон яшил рангда, Тожикистон эса қизил рангда бошқа ҳудудларни туташ нуқта сифатида таклиф қилган эди. Агар биз рози бўлганимизда, барча йўллар мамлакатимиз ташқарисида қолган бўлар эди. Натижада Қирғизистон ҳудудида тахминан 100 гектар ер қолди, бу ҳам бизнинг ютуғимиз. Ушбу ҳудудда аҳоли яшамайди, аммо бу бизнинг еримиз ва у орқали бизнинг йўлимиз ўтади”, дея маълумот берди Ташиев.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан учрашув якунлари бўйича берган қўшма баёнотида Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон давлат чегараларининг туташ нуқтаси бўйича шартнома имзолашини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ушбу ҳужжат 31 март куни Хўжанд шаҳрида имзоланиши режалаштирилган. Ўша куни Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Хўжанд шаҳрида Наврўз байрамини биргаликда нишонлаши кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон чегара Қамчибек Ташиев Қирғизистон ва Тожикистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг