Ўзбекистон қайси давлатлардан кўп нарса сотиб олмоқда?
Жамият
−
07 Октябрь 2025 8911 1 дақиқа
Ўзбекистон импортида 2025 йилнинг январь-август ойларида Хитой ва Россия етакчилик қилди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси маълум қилди.
Қайд этилишича, юқоридаги давр мобайнида Ўзбекистоннинг умумий импорт ҳажми 28,5 миллиард АҚШ долларига етган. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 11,8 фоизга кўп. Ҳисобот даврида Ўзбекистон 170 дан ортиқ давлатлардан турли хил товар ва хизматларни импорт қилган.
Импорт ҳажми бўйича Хитой биринчи ўринни эгаллаб, Ўзбекистонга 8,5 миллиард долларлик маҳсулот етказиб берган. Иккинчи ўринда Россия – 5,4 миллиард доллар, учинчи ўринда эса Қозоғистон – 2,1 миллиард доллар билан қайд этилган.
Шунингдек, Туркия (1,2 млрд), Корея Республикаси (1,1 млрд), Германия (774 млн), Ҳиндистон (734,3 млн), Туркманистон (581,6 млн), Беларусь (478,5 млн) ва АҚШ (416,3 млн) ҳам Ўзбекистоннинг асосий импорт ҳамкорлари қаторида бўлди. Қолган давлатлар билан амалга оширилган импортнинг умумий қиймати 7,2 миллиард долларни ташкил этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Марказий Осиё мамлакатлари Форс кўрфазидан импорт қилинадиган товарлар ҳажмини оширгани хабар қилинди. Ўтган йили минтақа ва Форс кўрфази мамлакатлари ўртасидаги ўзаро савдо ҳажми 3,3 миллиард долларни ташкил этган. Марказий Осиёнинг беш давлати: Қувайт, Баҳрайн, Қатар, БАА, Уммон ва Саудия Арабистони билан савдо ҳажми 2020 йилга нисбатан 4,2 баробарга ошган.
Live
Барчаси