Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Файзуллаев вафот этди

Жамият

image

Бутун ҳаёти ва меҳнат фаолиятини қишлоқ хўжалиги ривожига бағишлаган таниқли агроном ва ташкилотчи раҳбар, Ўзбекистон Қаҳрамони, меҳнат фахрийси Иброҳим Файзуллаев кеча, 25 февраль куни 89 ёшида вафот этди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Сенат раиси Танзила Норбоева, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси раиси Нурдинжон Исмоилов, Бош вазир Абдулла Арипов ва Фанлар академияси раиси Беҳзод Йўлдошев марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди. Унда шундай дейилади:

Иброҳим Файзуллаев 1933 йил 25 августда Сурхондарё вилоятининг Денов туманида туғилди. Ўрта мактабни тугатиб, меҳнат фаолиятини 1949 йилда жамоа хўжалигида оддий ишчи сифатида бошлади. Кейинчалик Самарқанд қишлоқ хўжалиги институтини агроном мутахассислиги бўйича тамомлаб, Денов туманининг Собир Раҳимов номидаги жамоа хўжалигида энтомолог-агроном, бош агроном ҳамда хўжалик раиси, Сурхондарё вилояти қишлоқ ва сув хўжалиги бошқармаси бош агрономи каби лавозимларда фидокорона меҳнат қилди.

Деҳқончилик соҳасининг сирларини чуқур эгаллаган, бой билим ва ҳаётий тажрибаси, бор куч-ғайратини эл-юрт ишига бағишлаган миришкор инсон умрининг охиригача ўз касбига содиқ қолиб, сўнгги йилларда ҳам Денов туманида ғалла-уруғчилик хўжалиги бошлиғи лавозимида самарали ишлаб, кўпчиликка ибрат ва намуна бўлди.

И.Файзуллаев кўп йиллик меҳнат фаолияти давомида ўзини ер илмининг ҳақиқий билимдони, замонавий агротехнологиялар ва хўжалик юритиш усулларини пухта эгаллаган ташкилотчи раҳбар, меҳнатсевар, камтарин ва ватанпарвар инсон сифатида намоён этиб, бутун мамлакатимизга танилди.

У республикамизда қишлоқ хўжалиги соҳасидаги кенг кўламли ислоҳотларни амалга ошириш, фермерлик ҳаракатини ривожлантиришга ўзининг ҳалол меҳнати, амалий ташаббуслари билан муносиб ҳисса қўшди.

Хусусан, Денов туманининг ижтимоий-иқтисодий ривожини таъминлаш, аҳолининг турмуш шароитларини яхшилаш, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари қуриш ва обод қилиш, янги боғ ва хиёбонлар барпо этиш, ёшларни она юртга муҳаббат ва садоқат руҳида тарбиялашда жонбозлик кўрсатди.

Иброҳим Файзуллаев мамлакатимизнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этиб, Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати сифатида ҳам самарали фаолият олиб борди.

Иброҳим Файзуллаевнинг давлатимиз ва халқимиз олдидаги улкан хизматлари юксак даражада эътироф этилиб, у 1993 йили “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” ҳамда 1996 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвонлари билан тақдирланган эди.

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги соҳасининг улкан намояндаси, меҳрибон устоз, самимий ва камтарин инсон Иброҳим Файзуллаевнинг ёрқин хотираси қалбларимизда ҳамиша сақланиб қолади.


Мақола муаллифи

Теглар

ҳамдардлик Иброҳим Файзуллаев

Баҳолаганлар

118

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг