Ўзбекистон IQ кўрсаткичи рейтингида юқорилади
Бу қизиқ
−
06 Январь
3630Ўзбекистон IQ (Intelligence Quotient - интеллектуал коэффициент) рейтингида 127 мамлакат ичида 69 ўринни эгаллади. Бу ҳақда Халқаро IQ реестри эълон қилган ҳисоботда келтирилган.
Қайд этилишича, ҳисоботда 2025 йил 1 январь ҳолатига мамлакатлар бўйича ўртача IQ кўрсаткичлари тақдим этилган. Ушбу тадқиқот 2024 йилда бутун дунёда бир хил тестни топширган 1 393 066 кишининг маълумотларига асосланган.
Тестда Ўзбекистондан 8986 киши иштирок этган ва уларнинг кўрсаткичи 2023 йилда иштирок этган 7033 кишининг натижасидан 2,17 баллга кўпроқ бўлган. Шу тариқа Ўзбекистон 127 давлат ўрин олган рейтингда 69-поғонага жойлашган.
Шунингдек, Марказий Осиё давлатлари:
- Қозоғистон – 97,27 (66-ўрин);
- Ўзбекистон – 96,98 (69-ўрин);
- Қирғизистон – 95 (84-ўрин);
- Тожикистон – 93,75 (96-ўрин);
- Туркманистон ҳақида маълумотлар қайд этилмаган.
Шунингдек, дунё бўйича IQ кўрсаткичлари минтақавий фарқларга эга. Хусусан, Шарқий Осиё мамлакатларида ўртача IQ даражаси одатда юқорироқ. Европа, Ғарбий Осиё, Океания, Шимолий Америка ва Шимолий Африкада кўрсаткичлар ўртача даражада. Марказий ва Жанубий Африка, шунингдек, Лотин Америкасида эса IQ кўрсаткичлари ўртачадан пастроқ.
Рейтингда 85,56 кўрсаткич билан энг қуйи ўриндан Габон жой олган.
Қайд этилишича, соғлиқни сақлаш тизими ривожланган, тўғри озиқланишни тарғиб қиладиган ва аҳолининг интеллектуал фаоллигини қўллаб-қувватлайдиган давлатлар одатда юқорироқ IQ кўрсаткичига эга бўлади. Генетика инсоннинг ақлий қобилиятларини ривожлантириш учун асос яратади, лекин қулай муҳит ушбу салоҳиятни тўлиқ амалга оширишга ёрдам беради.
Дунё бўйича ўртача IQ кўрсаткичи аста-секин ошиб бормоқда. Масалан, 2014 йилда ўтказилган тадқиқот IQ ҳар ўн йилда 2,31 баллга кўтарилаётганини кўрсатди. Бу ҳодиса Флинн эффекти деб номланади. Шу билан бирга, халқаро IQ тести алгоритмлари мазкур кўтарилишни ҳисобга олиб, ўртача қийматни 100 да сақлаб туриш учун мослаштирилади.