Ўзбекистон инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтади – Президент фармони

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев кеча, 18 ноябрь куни “Инфляцион таргетлаш режимига босқичма-босқич ўтиш орқали пул-кредит сиёсатини такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонни имзолади. 

Унга кўра, Марказий банк инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказади. Фармоннинг тўлиқ матни билан қуйида танишишингиз мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони

Инфляция даражасини янада пасайтириш борасидаги чора-тадбирларнинг амалга оширилиши аҳоли турмуш даражасини яхшилаш ва барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратишга қаратилган иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлашнинг муҳим омили ҳисобланади.
Халқаро тажриба бозор иқтисодиёти шароитида пул-кредит сиёсатини юритишнинг самарали усулларидан бири инфляцион таргетлаш режими эканлигини кўрсатмоқда, бунда пул-кредит бозоридаги марказий банкнинг фаол иштироки, шунингдек, иқтисодий ривожланишнинг мунтазам таҳлили ва давлат сиёсати режаларининг кенг ёритиб борилиши инфляциянинг миқдорий мақсадларига эришишни таъминлайди.

Шу билан бирга, инфляцион таргетлаш режимини жорий этиш Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ва Вазирлар Маҳкамасининг қуйидаги йўналишларга қаратилган мувофиқлаштирилган тайёргарлик ишларини талаб этади:

•    инфляциянинг номонетар омиллари ролини босқичма-босқич пасайтириш, шу жумладан, тарифларни тартибга солишни ислоҳ қилиш, иқтисодиётнинг реал секторида таркибий иқтисодий ислоҳотлар самарадорлигини таъминлаш ва ички бозорни истеъмол товарлари билан тўлдириш;

•    Марказий банкнинг макроиқтисодий таҳлил ва коммуникация сиёсати сифатини ошириш;

•    регуляторнинг кредит бозорига самарали таъсир этишини таъминлаб берувчи, пул бозорини тартибга солишнинг янги инструментларини жорий этиш.

Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш учун иқтисодиётни тартибга солишнинг бозор механизмлари ва инструментларини қўллашни кенгайтириш, шунингдек, пул-кредит сиёсати самарадорлигини тубдан ошириш мақсадида:

1. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки инфляция даражасини 2021 йилда 10 фоизгача пасайтириш ҳамда 2023 йилда 5 фоиз даражадаги доимий инфляцион мақсадни (таргет) ўрнатиш йўли билан 2020 йилнинг 1 январидан бошлаб пул-кредит сиёсати механизмларини босқичма-босқич инфляцион таргетлаш режимига ўтказишни таъминласин.

2. Қуйидагилар Ўзбекистон Республикаси Марказий банки пул-кредит сиёсатининг асосий тамойиллари этиб белгилансин:

•    инфляциянинг доимий амал қиладиган мақсадини белгилаш ва уни кенг жамоатчиликка етказиш;

•    пул бозоридаги фоиз ставкаларини тартибга солиш ва инфляцион жараёнларни бошқариш мақсадида пул-кредит сиёсатининг кенг қамровли инструментларини қўллаш;

•    пул-кредит сиёсати соҳасида объектив қарорлар қабул қилиш мақсадида ички ва ташқи бозорларда мавжуд бўлган очиқ маълумотларни ҳисобга олган ҳолда батафсил макроиқтисодий таҳлил ва прогнозларни амалга ошириш;

•    пул-кредит сиёсати мақсадларини кенг жамоатчиликка етказиш, макроиқтисодий ҳолатнинг олдиндан кўра билинишини таъминлаш ва бозор иштирокчилари ишончини шакллантириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг коммуникация сиёсатини такомиллаштириш.

3. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки инфляцион таргетлаш режимига тўлиқ ўтиш учун шароитлар яратиш бўйича комплекс чора-тадбирлар амалга оширилишини таъминласин, хусусан:

•    мувофиқлаштирилган монетар-фискаль ва монополияга қарши сиёсат юритиш;

•    рақобатдош бозор иқтисодиётига ўтишни тезлаштириш, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар рақобатбардошлигини ошириш ҳамда товарлар ва хизматларнинг тўлақонли бозорларини шакллантириш орқали иқтисодиёт тармоқларида таркибий ислоҳотларни амалга оширишни давом эттириш;

•    монополияга қарши курашиш ва нархларни тартибга солишнинг замонавий усулларига ўтишга, шунингдек, ишлаб чиқариш инфратузилмасини кенгайтиришга йўналтирилган тартибга солинадиган нархларни босқичма-босқич эркинлаштириш;

•    жамғармаларни инвестицияларга трансформация қилиш учун молиявий воситачилик институтларини ривожлантириш мақсадида банк тизими ҳамда молия бозорларини ислоҳ этиш, шунингдек, молиявий оқимларни узоқ муддатли режалаштириш учун имконият яратиш.

4. Қуйидагилар:

•    Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банкининг инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича биргаликдаги ҳаракатлари концепцияси (кейинги ўринларда – Концепция) 1-иловага мувофиқ;

•    2020 йилда инфляцияни пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича “Йўл харитаси” (кейинги ўринларда – “Йўл харитаси”) 2-иловага мувофиқ маъқуллансин.

5. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки қуйидагиларни жорий этиш орқали пул-кредит сиёсати инструментлари, механизмлари ва жараёнларини инфляцион таргетлаш режими стандартларига мувофиқлаштириш чораларини кўрсин:
•    2020 йилнинг 1 январига қадар пул бозори фоиз ставкаларига таъсир кўрсатувчи бозор инструментлари, шу жумладан, Марказий банк облигациялари, овернайт депозитлар, доимий тусдаги депозит аукционлари, давлат қимматли қоғозлари ва хорижий валюта гарови остида кредит аукционлари ва овернайт кредитлари;

•    2020 йил давомида фоиз ва валюта хатарларини бошқаришда ҳосилавий инструментлар (своп, опцион ва фьючерслар) ва тижорат банкларининг валюта курси шаклланишидаги ролининг босқичма-босқич ошириб борилиши;

•    бир ой муддатда Марказий банкнинг банклараро пул бозорига мунтазам интервенцияси орқали мослашувчан фоиз сиёсатини амалга оширишда асосий фоиз ставкасининг фоиз коридори механизми;

•    2020 йилнинг 1 апрелига қадар халқаро молия институтларининг техник кўмаги ҳамда илғор халқаро тажриба асосида эконометрик моделлаштириш инструментларини ривожлантиришни назарда тутувчи макроиқтисодий таҳлил ва прогнозлаш тизими;

•    икки ой муддатда Марказий банк томонидан иқтисодиётдаги жорий ҳолат, инфляцион жараёнларнинг асосий омиллари ва пул-кредит сиёсати чораларининг ўз вақтида ёритилишини кўзда тутувчи коммуникацион сиёсатнинг замонавий тамойиллари;

•    инфляция ва инфляцион кутилмалар омилларини доимий ўрганиб бориш, халқаро молия институтлари ва бошқа давлатлар марказий банклари техник кўмагини жалб этиш орқали илғор хорижий тажрибани ўрганиш.

6. Инфляция даражасини пасайтириш ва нархлар барқарорлигини таъминлаш борасидаги чора-тадбирларни мувофиқлаштириш бўйича комиссия (кейинги ўринларда – Комиссия) 3-иловага мувофиқ таркибда ташкил этилсин.

Қуйидагилар Комиссиянинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

•    инфляция омиллари ва нархлар ошишига олиб келаётган сабабларни бевосита жойига чиққан ҳолда таҳлил этиш ва танқидий баҳолаб бориш;

•    барча вазирлик ва идоралар саъй-ҳаракатларини иқтисодиётда инфляция даражасини пасайтириш ҳамда амалга оширилаётган сиёсатнинг ўзаро мувофиқлигини таъминлашга қаратиш;

•    республика пул-кредит сиёсатини инфляцион таргетлаш режимига ўтказишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва самарали ижро этилишидаги камчилик ва муаммоларни аниқлаш, шунингдек, уларни бартараф этиш ҳамда ушбу соҳадаги ваколатли орган ва ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

•    ваколатли орган ва ташкилотлар раҳбарлари ва бошқа вакиллари иштирокида ҳар ойда камида икки марта ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва инфляцияни пасайтиришга қаратилган чора-тадбирлар ижросини муҳокама қилишни ташкиллаштириш, шунингдек, амалга оширилган ишлар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентига ахборот киритиб бориш.

7. Белгилансанки:

•    2020 йил 1 январдан бошлаб тижорат банклари томонидан (миллий валютада) янгидан бериладиган барча турдаги кредитлар, шу жумладан, давлат дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар бўйича фоиз ставкалари Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкасидан кам бўлмаган даражада белгиланади, ипотекани кредитлаш бўйича давлат дастурлари ҳамда пахта хомашёси ва бошоқли дон экинларини етиштириш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхоналарга ажратиладиган кредитлар бундан мустасно;

•    2021 йил 1 январдан, зарур ҳолларда, фоиз харажатларининг маълум бир қисмини компенсация қилиш механизмларини жорий этиш орқали тижорат банкларига фоиз ставкаларини мустақил белгилаш ҳуқуқини берган ҳолда кредитларни имтиёзли фоиз ставкаларида бериш амалиёти бекор қилинади.

8. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги:

•    2020 йилнинг 1 февралига қадар Энергетика вазирлиги, Монополияга қарши курашиш қўмитаси, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2020-2021 йилларда тартибга солинадиган нархлар (тарифлар)ни инфляция мақсадларига таъсирини ҳисобга олган ҳолда эркинлаштириш графигини ишлаб чиқсин ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига тасдиқлаш учун киритсин;

•    умумий фискаль баланс тақчиллигини 2022 йилда 1,5 фоиздан ошмайдиган даражагача босқичма-босқич камайтиришни таъминласин;

•    Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг белгиланган параметрлар доирасидаги қатъий ижросини, шунингдек, Марказий банк билан биргаликда солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати мувофиқлигини таъминласин.

9. Ўзбекистон Республикаси Капитал бозорини ривожлантириш агентлиги Молия вазирлиги ва Марказий банк билан биргаликда 2020 йилнинг 1 июлига қадар норезидентларга молия бозорига киришга рухсат бериш шартлари, механизмлари ва муддатлари бўйича таклифларни юзага келиши мумкин бўлган салбий оқибатларини бартараф қилишнинг аниқ механизмлари ва инструментларини ишлаб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига киритсин.

10. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва Марказий банки:

•    Концепция ва “Йўл харитаси”нинг сифатли ва ўз вақтида ижро этилишини;

•    “2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасида таркибий ислоҳотлар асосий йўналишларининг “Йўл харитаси”ни амалга оширишни таъминлаш бўйича Иқтисодий кенгаш йиғилишларида солиқ-бюджет ва пул-кредит сиёсати мувофиқлиги ҳамда таркибий ислоҳотларнинг амалга оширилиши ҳолати масалаларини кўриб чиқиш ва муҳокама қилишни;

•    жаҳон бозорларидаги реал вазиятнинг ривожланиши ва таркибий иқтисодий ислоҳотларнинг амалий натижаларидан келиб чиққан ҳолда мослашувчан макроиқтисодий сиёсат юритиш, шунингдек, инфляциянинг узоқ муддатли мақсадли кўрсаткичи (таргети) даражасигача пасайишини;

•    "Йўл харитаси"нинг амалга оширилиши ва нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича кўрилаётган чоралар самарадорлиги тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек, инфляция бўйича қўйилган мақсадга эришиш омиллари ва хатарларини кўрсатган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига ҳар чоракда маълумот киритиб боришни таъминласин.

11. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Молия вазирлиги ва Монополияга қарши курашиш қўмитаси билан биргаликда 2020 йилнинг 1 апрелига қадар Жаҳон банкининг техник кўмаги асосида ишлаб чиқилаётган Молиявий оммабопликни ошириш миллий стратегияси доирасида молиявий саводхонликни оширишга йўналтирилган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқсин ва тасдиқласин.

12. Ўзбекистон Республикаси Марказий банки Молия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳамда бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда икки ой муддатда қонун ҳужжатларига ушбу Фармондан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритсин.

13. Мазкур Фармоннинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси М.Б.Нурмуратов зиммасига юклансин.

Ўзбекистон Республикаси Президенти   
Шавкат Мирзиёев 

Тошкент шаҳри,
2019 йил 18 ноябрь


Мақола муаллифи

Теглар

Президент фармони инфляцион таргетлаш

Баҳолаганлар

17

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг