Ўзбекистон Эрон билан ўйинга тайёрми?

Спорт

Азалий рақиб Эрон билан ўйинга қизиқиш ҳар доимгидан-да баланд. Буни миллий терма жамоанинг машғулотларига келган ОАВ сонидан ҳам билиш мумкин. “Оқ бўрилар”нинг биринчи кунги машғулотларида кўпгина легионер футболчилар таркибда йўқ эди, иккинчи машғулотлар кунида эса барча хорижда ўйнайдиган терма жамоа аъзолари жамоа сафида кўриниш берди. Жумладан, Россия чемпионатини ёндираётган Аббосбек Файзуллаев, Францияда топ ҳужумчиларга кун бермаётган Абдуқодир Ҳусанов, Туркия чемпионатида тўп тепадиган Азиз Турғунбоев ҳамда Ҳусниддин Алиқулов ва бошқа легионер футболчилар ҳам машғулотларга етиб келди.

Хабарингиз бор, терма устози словениялик мутахассис Сречко Катанец соғлигидаги муаммолар сабабли шогирдларини бўлажак баҳсга шахсан ўзи тайёрлай олмаяпти. Футболчиларга Эрондек кучли рақибга Катанецсиз тайёргарлик кўриш қийинчилик туғдирмайдими? Бу борада терма жамоа сардори ва Италиянинг “Рома” клуби футболчиси Элдор Шомуродовнинг фикрлари қизиқ бўлди.

“Албатта, Катанецнинг биз билан бирга эмаслиги нохуш хабар, бироқ ёрдамчи мураббийлар Катанецнинг керакли кўрсатмаларини етказиб турибди. Катанец билан биринчи йил ишламаяпмиз, анчадан бери унинг қўл остида ўйнаб келяпмиз, шунинг учун Сречко биздан нима талаб қилишини яхши биламиз”, дейди Шомуродов.

Маълумки, Ўзбекистон Эронга қарши яхши статистикага эга эмас. Жамоалар шу вақтга қадар 12 марта тўқнаш келган, баҳслардан 9 тасида Эрон, атиги 1 тасида Ўзбекистон ғалаба қозонган. Яна 2 та учрашувда дуранг қайд этилган. Шунингдек, Ўзбекистон терма жамоаси шу вақтга қадар ўз уйида форсларни мағлуб этмаган. Ягона ғалаба 2014 йилда “Озоди” стадионида қўлга киритилган.

Демак, Ўзбекистон терма жамоасини доимгидек ўта муҳим баҳс кутиб турибди. Ҳозирда А гуруҳида айнан Ўзбекистон ва Эрон пешқадамлик қилмоқда. 10 октябрь куни бўладиган баҳс ғолиби гуруҳ пешқадамига айланади. Форслар устидан қозонилган ғалаба Ўзбекистон миллий терма жамоасини Америка мундиалига анчагина яқинлаштиради. Юқорида айтганимиздек, бу учрашувга қизиқиш ҳар қачонгидан-да баланд. Чунки аллақачон ўйин учун чиқарилган чипталар сотиб бўлинган. Кўрамиз, “оқ бўрилар” форслар билан ўз уйидаги салбий анъанасига барҳам бера олармикан. 10 октябрь куни соат 20:00 да “Бунёдкор” стадионида саволимизга жавоб топамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

Элдор Шомуродов Сречко Катанец Ўзбекистон-Эрон учрашуви Азалий рақиб “Оқ бўрилар”

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made