Ўзбекистон депутати россиялик мавқедошига ўрнини кўрсатиб қўйди

Жамият

image

Россиянинг “Адолатли Россия” (“Справедливая Россия”) партияси етакчиси Сергей Миронов Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистонни Украинадаги урушда қатнашган ўз фуқароларини жиноий жавобгарликка тортишни назарда тутувчи қонунчилиги сабаб танқид қилди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса бунга жавобан россиялик депутатга “ўз давлатининг қонунчилиги билан ишлаш”ни тавсия қилди. 

Гап шундаки, Сергей Миронов Twitter'даги саҳифасида қуйидагича пост қолдирган:

“Ўтган йилнинг сентябрь ойида уч давлат – Ўзбекистон, Қирғизистон ва Қозоғистон агар уларнинг фуқаролари Россия томонида “махсус ҳарбий операция”да қатнашса, уларни жиноий жавобгарликка тортишга қарор қилди. Шу ерда савол туғилади: биз бир ташкилотнинг аъзоларимиз ва агар ЕОИИга кирувчи давлат фуқароси ушбу ҳамжамиятнинг бир қисми бўлган бошқа давлатга ёрдам беришни истаса, нима учун у ўз мамлакатида жиноий жавобгарликка тортилади? Менимча, бу борада давлатлараро қарор қабул қилиш керак. Агар гап иштирокчи давлат манфаатларини ҳимоя қилиш ҳақида кетаётган бўлса, унда жиноий таъқиб бўлиши мумкин эмас”, дея иддао қилган Миронов.

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов ўз Telegram-каналида пост қолдириб, Мироновга бу масалага салбий муносабат билдиргандан кўра, ўз қонунчилиги билан ишлашни маслаҳат берди.

“Россия Федерациясининг ўзида ёлланганлик учун жиноий жавобгарлик бор. РФ Жиноят Кодексининг 359-моддасида ёлланиш учун жиноий жавобгарлик кўзда тутилган. Ва унда ҳарбий низода иштирок этаётган давлатнинг фуқароси бўлмаган ва бу давлат ҳудудида доимий яшамайдиган шахснинг  моддий манффатдорлик йўлида ҳаракат қилиши ёлланиш деб топилиши белгиланган”, деб ёзган Бобур Бекмуродов.  

Унинг тушунтиришича, Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати бошқалар билан бирга куч ишлатмаслик ёки куч билан таҳдид қилмаслик приципига асосланади.

Шунингдек, Олий Мажлис депутати Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 154-моддасида ўзга давлат ҳудудида ёки унинг тарафини олиб қуролли тўқнашувда ёхуд ҳарбий ҳаракатларда қатнашиш мақсадида ёлланганлик учун жиноий жавобгарликка тегишли норма 1994 йилда қабул қилингани, Ўзбекистон фуқаросининг чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга кирганлик учун жиноий жавобгарликни назарда тутувчи 154-1-модда эса 2003 йилда киритилганини эслатган.

“Ўзбекистон суверен мамлакат ва биз геосиёсий ва айниқса, бошқа давлатлардаги ҳарбий вазиятга қараб қонунчилигимизни мослаштирадиган, бошқалар учун қулай қонунлар қабул қиладиган давлат эмасмиз. Ўзбекистон Республикаси давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан тинчликсевар ташқи сиёсатни амалга оширади. Мироновнинг ЕОИИга аъзо эмаслигимизни билмаслиги ҳақида гапирмадик”, дея хулоса қилади Бобур Бекмуродов.

Маълумот учун, Евроосиё Иқтисодий Иттифоқи 2014 йилда ташкил этилган. Ушбу ташкилотга Россия, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон ва Арманистон давлатлари аъзо. Ўзбекистон эса 2020 йилнинг 11 декабрида ташкилотда кузатувчи мақомига эга бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Бобур Бекмуродов Сергей Миронов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made