Ўзбекистон Буюк Британия, Германия ва Канада билан виза тартибини соддалаштиради
Жамият
−
07 Декабрь
12439Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия ва Янги Зеландия каби мамлакатлар учун виза тартибини соддалаштириш топширилди. Бу ҳақда бугун, 7 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган аҳолини талаб юқори касбларга ўқитиш ва даромадли иш билан таъминлаш чора-тадбирлари бўйича кенгайтирилган йиғилишда маълум қилинди.
Қайд этилишича, сўнгги беш йилда саноат корхоналарига 24 миллиард долларлик ускуналар олиб келиниб, 63 мингта янги қувват ишга туширилган, 1 миллион 500 мингта доимий иш ўрни яратилган. Ҳозирда иқтисодиёт тармоқларида 200 мингдан ортиқ малакали мутахассисга талаб бор.
Келгуси уч йилда инвестиция дастурлари доирасида ишга тушадиган корхоналарда яна 500 минг нафар ишчига талаб юзага келади. Янги ускуналар ва технологияларда ишлаш учун малакали кадрлар сув ва ҳаводек зарур.
“Мамлакатимизда салоҳиятли кадрлар тайёрлаш учун техникумлар билан корхоналарни боғлаб, дуал таълим тизимини ривожлантириш бўйича ижобий тажрибалар бор. Хусусан, Асака транспорт ва машинасозлик техникуми, Бухоро шаҳар энергетика, нефть ва газ саноати техникуми, Ширин энергетика техникуми, Ғузор тумани ва Шаҳрисабз шаҳри 1-сон техникумларида маҳаллий ва хорижий корхоналар билан ҳамкорликда замонавий мутахассислар тайёрланмоқда”, дейилади хабарда.
Шу билан бирга, хусусий корхоналарни қўллаб-қувватлаш, уларга манфаатли шароит қилиб бериш орқали дуал таълим қамровини ошириш бўйича чора-тадбирлар белгилаб берилди.
Германия билан ҳамкорликда 14 та техникумда талаб юқори касбларга ва немис тилига ўқитиш йўлга қўйилмоқда. Ҳокимлар ва тармоқ раҳбарларига ҳар бир ҳудудда камида 5 тадан техникумда ушбу тажрибани жорий қилиш топширилди.
Замонавий касбларда хорижий тилларни билиш жуда муҳим. Шу боис мактаблар ва касб-ҳунарга ўқитиш марказларида бундай дарсларни кўпайтириш, техникумларга хориждан ўқитувчилар олиб келиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги тизимидаги 65 та касбий кўникма марказида ўқитиш сифатини ошириш, грантлар жалб этиб, замонавий касбларга мос ускуналар билан жиҳозлаш кераклиги айтилди.
Вилоятлардаги 13 та қурилиш касбига ўқитиш маркази дастурлари ҳам меҳнат бозоридаги талаб юқори касбларга мослаштирилади. Қабул тизими рақамлаштирилиб, йилига 20 минг фуқаро касбга тайёрланади.
Касбларни мустақил ёки шогирдликка тушиб ўрганганларга халқаро тан олинадиган сертификатлар бериш йўлга қўйилади. Бунинг учун ҳудудларда 5 та Касбий малакани баҳолаш маркази ташкил қилинади.
Ташқи ишлар вазирлигига Буюк Британия, Германия, Канада, Словакия, Австралия, Янги Зеландия каби мамлакатларда ўқиш ва малака ошириш, замонавий корхоналарда ишлаш истагида бўлган фуқароларга енгиллик бўлиши учун виза тартибини соддалаштириш бўйича зарур чоралар кўриш топширилди.
“Маълумки, ривожланган давлатларда талабалар учун “Work and Travel” каби кўплаб дастурлар бор. Жумладан, ўзбекистонлик ёшлар таътил вақтида чет элга бориб, ҳам билим оляпти, ҳам даромад топяпти. Бу дастурлардан фойдаланиш имкониятини ошириш мақсадида, келгуси йилдан Ёшлар ишлари агентлиги томонидан талабаларнинг йўлкира харажатлари учун ссуда ажратиш йўлга қўйилиши айтилди”, дейилади хабарда.
Бундан ташқари, чет элда меҳнат қилаётган Ўзбекистон фуқаролари билан мулоқотни кучайтириш, уларнинг кўпроқ ойлик олишига шароит яратиш ҳамда ижтимоий ва ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш лозимлиги қайд этилди.
LiveБарчаси