Ўзбекистон биз борган ўнинчи постсовет мамлакати
Жамият
−
07 Апрель 2022
27242Аввалроқ, америкалик ёзувчи ва журналист, оммавий ахборот воситалари, матбуот ва сўз эркинлиги бўйича халқаро тадқиқотчи Шерил Л. Рид QALAMPIR.UZ интернет нашрида иш бошлагани ҳақида хабар берган эдик. Шерил Л. Рид аллақачон ишга киришиб, биринчи мақоласини ҳам ёзишга улгурди. Унинг илк мақоласида Ўзбекистонга сафари, илк ҳафталарида ёдда қолган хотиралар, Ўзбекистон, унинг пойтахти Тошкент ва тошкентликлар хусусида шаклланган илк хулосалар ҳақида сўз боради.
Ўзбекистон биз борган ўнинчи постсовет мамлакати
Кўзларимиз ҳорғин боққанча тунги соат 2:00 да Тошкентга етиб келдик ва бу ҳақида хабар бердик. Аэропорт биз учган бошқа кўплаб постсовет аэропортларига ўхшайди. Олтита сумкамиз билан аэропорт чиқиш йўлагидан ўтиб борар эканмиз, Шарқий Европадаги сон-саноқсиз темир йўл вокзаллари ва аэропортларидан ташқарида учратганимиз каби шовқин солувчи ва меҳмонхонамизгача бўлган йўл ҳақининг икки ёки беш бараварини ундиришга тайёр такси ҳайдовчилари томонидан кутиб олиндик. Аммо биз сиз ўйлагандек Шимолий Америкадан ташқарига саёҳатга чиқиб, Лондон, Париж ёки Рим каби жойларга борадиган оддий америкаликлар эмасмиз.
Ўзбекистон биз борган ўнинчи постсовет мамлакатидир. Эрим ва мен бу ерда АҚШ Давлат департаментининг Фулбрайт гранти доирасида бўлиб турибмиз. Ҳукуматим матбуот эркинлиги ҳали мурғаклик палласида бўлган ёки айримларида умуман мавжуд бўлмаган постсовет мамлакатларидаги мустақил оммавий ахборот воситалари бўйича тадқиқотимни қўллаб-қувватламоқда. Мен бу ерга Ўзбекистон бу спектрда айнан қайси категорияга тушишини кўриш учун келдим.
Турли университетларда журналистик суриштирувдан дарс бериш ва собиқ Совет Иттифоқи бўйлаб журналистик суриштирув соҳасидаги журналистлар билан улар ҳақиқатни ошкор қилишда дуч келаётган қийинчиликлар ҳақида изланиш асносида эрим ва мен, Украинада деярли икки йил яшаганимиздан сўнг, мазкур мақола навбати етиб келди. Ўша журналистларнинг баъзилари ҳозир Украинадаги урушдан репортажлар қилмоқда, бошқалари Беларусдаги қамоқхоналарда, бир қанчаси эса Грузия ва Озарбайжонда яшириниб юрибди.
Ҳозир Тошкентда турмуш ўртоғим билан Украинадаги тўқнашувлар ҳақидаги хабарларни томоша қилиб боряпмиз. Бизнинг фикр-у хаёлимизда Киев. Украина ва Беларусда эримнинг урушда қатнашган қариндошлари истиқомат қилади. Мен Украинадаги собиқ талабаларимни кузатиб бораман ва иккаламиз ҳам собиқ қўшниларимиз, дўстларимиз ва бомбада ухлаб, кунларини аскарларга овқат пишириш билан ўтказадиган ёки тиббий буюмларни етказиб бериш учун ўқлардан қочишига тўғри келаётган оилалар билан хабарлашиб турамиз.
Тошкент менга кўп тарафдан Киевни эслатади – совет архитектураси, кенг кўчалар ва ер ости йўлаклари, турли этник гуруҳлар ҳамоҳанглиги, рус ва инглиз тилларидаги белгилар ва очиқкўнгил одамлар.
Мен Тошкентда Ленин ҳайкаллари бузиб ташланганини ва Ўзбекистон Президенти мамлакатни модернизация қилишга интилаётганини олдинги изланишларимдан билардим. Шаҳар озода ва яхши эътибор қаратилган. Мен барча дарахтларни ёқтираман. Лекин Шевченко кўчасидаги ранг-баранг совет даври мозаикаси олдидаги украин шоири Тарас Шевченко ҳайкалига дуч келганда, ҳайратда қоламан. Яқиндаги Зулфия боғида эса Тошкентда бор-йўғи уч йил яшаган беларусь шоири Якуб Коласнинг ҳайкали ўрнатилган. Унинг сиймоси боғга номи берилган ўзбек шоираси ва журналисти Зулфия ҳайкалининг ўрнини эгаллаганини биламан. Кўплаб давлатлар тарихида шарафлагулик ҳурматга сазовор аёлларни топишга қийналаётган бир пайтда, нега бу аёл ҳайкали олиб ташланиши керак? Нега украин ва беларусь шоирлари Тошкентда шарафланмоқда? Ажабланарли!
“Бу ҳали ҳам эски совет шаҳри”, тушунтирди маҳаллий мухбир.
Украина, Беларусь, Қозоғистон ва бошқа мамлакатларда биз гувоҳ бўлган бюрократик тизимларга бу ерда қайта дуч келганимизда, мухбирнинг сўзлари қулоқларим остида янграрди. Кўплаб ҳужжатлар, рўйхатга олишлар, муҳрлар талаб қиладиган ва ойна ортидан одамлар билан гаплашиб, узоқ вақт навбатда туришни талаб этадиган ўша таниш тизимлар. Худди ўша олдинги талаблар, хусусан, почта бўлимидаги аёл мен ва эримдан ҳеч қандай тушунтиришсиз сирли сарф-харажатларни талаб қилади, лекин навбатдаги бошқа ҳеч кимдан сўрамайди.
Ўзбекларни хотиржамлиги билан танилган деб айтишганди. Улар албатта хотиржам кўринади. Аммо ўтган якшанба куни эрим ва мен икки эркакнинг машинадан тушиб, бир-бирини дўппослаганига гувоҳ бўлдик, боиси ҳайдовчилардан бири чорраҳадан етарлича тез ўтиб кетмаган эди. Бошқа бир йигит эса чорраҳанинг ўртасида машинасини тўхтатиб, жанжални бошлаб юборди.
Умуман олганда, Тошкентда одамларни хушмуомала ва меҳнаткаш деб биламан. Баъзан бу алмашинувлар кулгили бўлиши мумкин. Худди капучино билан “корица” хоҳламайсизми деб сўраган қаҳвахона официанти каби:
"Сиз мендан қаҳва билан товуқ хоҳлайсизми, деб, сўраяпсизми?"
У жилмайиб, бош ирғади. Кейин у кумуш идишни бурнимга тутди.
"Оҳ, долчин", дедим мен. "Ҳа, бу яхши."
Google таржимондан фойдаланиб, товуқ гўшти “курица”, долчин эса “корица” деб талаффуз қилинишини билиб олдим. Билиб олган яхши. Энди мен озиқ-овқат дўконида тасодифан бир фунт долчин сўраб қўйишимдан хавотирдаман.
Бошқа кутилмаган ҳайратланарли нарсалар ҳам бор. Санкциялар ортидан бу ерга қочиб келган барча рус ва беларусь муҳожирлари туфайли квартира топиш, айниқса, қийин бўлди. Биз ижара учун расмий белгиланганидан 30 фоиз кўпроқ тўлашимизга тўғри келди. Озиқ-овқат дўконларидаги маҳсулотлар Украинада бўлган вақтимдагидан уч баравар қиммат. Ўртача, мен озиқ-овқат дўконида ҳафтасига 100 доллардан кўпроқ пул сарфлаяпман ва Қўшма Штатларда ҳафтасига 200 доллар сарфлардим. Ресторанлар ҳам қиммат. Мазали палов арзон ва сероб бўлса-да, Таиланд, Италия, Корейс ва бошқа миллат таомлари тайёрланадиган ресторанлар ғарбдаги билан бир хил нарх талаб қилади. Тошкентда уяли алоқа ва таксилар арзон, аммо уй-рўзғор буюмлари ҳаддан ташқари қиммат. Мен штатларда одатда 35-50 доллар турадиган принтер сотиб олишга ҳаракат қилдим. Бу ерда мен топган энг арзон принтер 300 доллар эди. Чойшаб ва қаҳва майдалагич каби бошқа нарсалар учун ҳам худди шундай, иккаласи ҳам Штатларда ўртача нархдан икки баравар юқори.
Мен ўзбек тилини билмаганим учун кўпчилик рус тилида гаплашаётганини кўриб мамнун бўлдим. Бу ерда мен кутганимдан ҳам кўпроқ оқ сочли европаликлар бор эди. Шунга қарамай, мен ҳали ҳам ажралиб тураман. Мен чор-ночор рус тилида гаплашмоқчи бўлганимда, ё официант ёки дўкон ходими, ёки қаршимда турган йигит кўп маротаба номукаммал бўлсада, инглиз тилида жавоб беришга ҳаракат қилади.
"Қаерликсиз?" деб ҳар доим сўрашади. Мен Америка деганимда, улар ҳайрон бўлиб, бир кун келиб у ерга боришни орзу қилишларини айтишади. Мен буни жуда кўп мамлакатларда эшитганман ва уларнинг Америкада биз қандай фароғатда яшаётганимиз ҳақидаги тасаввурларига ҳар доим қизиқаман. Мен ҳар доим украиналик талабаларимни бу тушунчадан воз кечишлари учун ҳаракат қилдим. Мен уларга Америка 60 соатлик иш ҳафтаси, икки ҳафталик таътил ва соғлиқни сақлаш учун тўловлар ойлик автомобиль тўловидан кўпроқ бўлган мамлакат эканлигини кўп бора айтганман.
Аммо Америкада ҳаёт қиммат бўлса ҳам, менинг мамлакатим сўз эркинлиги тамойили асосида барпо этилганидан мамнунман. Оммавий ахборот воситаларимиз асрлар давомида мустақил фаолият олиб бормоқда. Биз жуда кўп хатоларга йўл қўйдик, лекин нималарнидир ўргандик. Биз журналистларни ҳимоя қилиш учун қонунлар ишлаб чиқдик ва манфаатлар тўқнашуви юзага келганда аниқлик киритиш учун ахлоқ қоидалари тўпламини яратдик.
Шунинг учун сизники каби мамлакатдаги янги оммавий ахборот воситалари мен учун қизиқ.
Уч ҳафта олдин бу ерга келганимдан бери бир қанча мустақил оммавий ахборот воситалари журналистлари билан суҳбатлашдим. Кейинги ҳафта мен Фарғонада бўлиб, у ерда журналистлардан интервью оламан. Вақти билан Ўзбекистоннинг кўпгина йирик шаҳарларига саёҳат қилишни умид қиламан. Мен топилмаларимни шу ерда хабар қиламан. Шунинг учун бизни кузатиб боринг.
Шерил Л. Рид,
ёзувчи ва журналист
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15