Ўзбекистон Афғонистондан 1 миллион тонна кўмир олмоқчи
Жамият
−
17 Май
6319Ўзбекистон Афғонистондан бир миллион тоннадан ортиқ кўмир сотиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Афғонистоннинг "Толибон" бошчилигидаги муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазирлиги томонидан тарқатилган баёнотда сўз борган.
Гап шундаки, жорий йилнинг 12 май куни Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ва Президентнинг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев бошчилигидаги делегацияси Афғонистонга бориб, Ташқи ишлар вазири Мавлавий Амирхон Муттақий билан музокаралар ўтказган.
Учрашувда икки томонлама сиёсий, иқтисодий алоқалар, минтақавий алоқалар, транзит лойиҳалари, қўшма сармоявий имкониятлар ҳамда Афғонистон ва Ўзбекистоннинг минтақадаги транзит роли муҳимлиги қайд этилган.
Аввалига Ўзбекистонни сиёсий ва иқтисодий соҳаларда қўллаб-қувватлаётгани учун юксак қадрлар экан, Ташқи ишлар вазири Муттақий бу каби ҳамкорликни давом эттириш ва кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратган.
Ўзбекистон транспорт вазири Илҳом Маҳкамов самимий қабул учун Ташқи ишлар вазирлигига миннатдорлик билдириб, бу гал делегацияга хусусий сектор, жумладан темирйўл, геология ва тоғ-кон саноатидан иборат кучли техник гуруҳ ҳамроҳлик қилаётганини айтиб, Ўзбекистон Афғонистоннинг минтақада транзит маркази бўлишга интилиш сиёсатини қўллаб-қувватлашини билдирган.
Маҳкамов Афғонистон-Транс лойиҳасини амалий бошлаш ва амалга ошириш учун муҳандислар гуруҳи билан келганини, бир неча ҳафтадан сўнг Афғонистонга Афғонистон темирйўли қурилиши учун ускуналар билан яна бир делегация келишини қўшимча қилган.
Бундан ташқари, геология ва конлар техник гуруҳи Афғонистонда нефть ва газни қидириш ва қазиб олиш, шунингдек, бошқа имкониятларни ўрганиш бўйича Афғонистон Кон ва нефть вазирлиги масъуллари билан учрашувлар ўтказади.
Ўзбекистон Президентининг махсус вакили Исматилла Эргашев яқинда рўй берган сув тошқинлари ва қурбонлар учун ҳамдардлик билдириб, Ўзбекистон биродар ва қўшни сифатида қўлидан келганча ёрдам беришини айтган. Унинг билдиришича, Ўзбекистон Афғонистон Ислом Амирлигининг минтақада иқтисодий фаровонликка эришиш учун иқтисодиётни сиёсийлаштирмаслик кераклиги ҳақидаги баёнотини қўллаб-қувватламоқда.
Бундан ташқари, у Афғонистондан бир миллион тоннадан ортиқ кўмир сотиб олиш учун яқин кунларда техник гуруҳ Қобулга келишини қўшимча қилган. Шунингдек, Эргашевга кўра, яқин орада Мозори Шарифда Имом Ал-Бухорий мадрасаси қурилишини бошлаш учун муҳандислар гуруҳи Афғонистонга боради.
Қолаверса, Президентнинг махсус вакили Ўзбекистон Афғонистон Ахборот ва маданият вазирлиги билан тарихий масканлар ва зиёратгоҳларни қуриш ва таъмирлашда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини қўшимча қилган.
LiveБарчаси