Навоий ҳайкали бузилиши ортидан Ўзбекистон “Толибон”дан изоҳ сўради

Жамият

image

Аввалроқ, Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоийнинг ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабар берилганди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан билан боғланди. Бу ҳақда вазирлик матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов хабар берди. 

Олинган маълумотларга кўра, Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой буюк аллома хотирасига етарлича муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир учун янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги боис ёдгорлик маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташланган. Шу билан бирга, ушбу бузиш ишлари Афғонистон Маданият ва ахборот вазирлиги ҳамда кенг жамоатчилик билан келишилмагани алоҳида таъкидланиб, афғон тарафи ҳолат юзасидан таассуф билдирган. 

Бундан ташқари, Афғонистондаги муваққат ҳукумат вакиллари нафақат Ўзбекистон, балки Афғонистон халқи учун мўътабар бўлган Алишер Навоий хотирасини муносиб тарзда абадийлаштирилишини тасдиқлаб, буюк шоир ва мутафаккир шарафига алоҳида ёдгорлик барпо этишга ваъда берган. 

“Жумладан, Афғонистон вакиллари ҳудудни ободонлаштириш, шоир ҳаёти ва ижодий меросига оид маълумотларни ўз ичига олган ёзувларни тиклаш, амалдаги қарорларга мувофиқ янги ёдгорлик барпо этиш ҳамда у жойлашган майдонга буюк шоир Алишер Навоий номи қўйилиши режалаштирилганини маълум қилди. Афғонистон томони бутун минтақа учун бирдек қадрли бўлган буюк мутафаккир хотирасини асраб-авайлаш борасидаги қатъий содиқлигини билдирган ҳолда унинг номини муносиб эъзозлаш учун барча зарур чоралар кўрилишини таъкидлади”, дейилади хабарда. 

Маълумот учун, Алишер Навоийнинг бузиб ташланган ҳайкали 17 йил аввал Мозори Шариф шаҳри ҳокимияти томонидан унинг хотирасини ёдга олиш мақсадида ўрнатилган эди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Алишер Навоийнинг Мозори Шарифдаги ҳайкали бузиб ташланганди. Ўшанда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирининг матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов ҳолатга муносабат билдириб, бу ишни “вандализм” деб атаганди. Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Афғонистон вакилларига таяниб, Навоий ҳайкалини бегона кишилар вайрон қилганини айтган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Толибон Алишер Навоий ҳайкали Мозори Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг