Ўзбек-Хитой вакцинаси билан эмланган журналист яна коронавирусга чалинди
Жамият
−
14 Июль 2021
14346Ўзбекистонда коронавирусга қарши ўзбек-хитой вакцинаси билан эмланганларда яна коронавирус аниқланаётгани маълум бўлди. Бу ҳақда журналист ва ёзувчи Рустам Жабборов ўзининг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида хабар қолдирган.
Маълум қилинишича, Жабборов жорий йилнинг январь ойида ўзбек-хитой вакцинаси – ZF-UZ-VAC2001 билан синов тариқасида эмланган. Орадан олти ой ўтиб, унда яна коронавирус аниқланган.
“Январь ойида Ўзбикистон-Хитой вакцинаси билан синов тариқасида эмланганим ҳақида хабар қолдиргандим. Вакцинанинг учала босқичини ҳам олдим. Шу пайтгача вакцинанинг бирор ножўя таъсирини сезмадим. Бироқ куни кеча тест топширсам, менда вирус борлиги аниқланди”, деб ёзади у ўзининг Facebook’даги саҳифасида.
Куни кеча ижтимоий тармоқда ва интернет оммавий ахборот воситаларида дунёнинг кўплаб бурчакларида эмланиш учун мурожаат қилганларга вакцина ўрнига сув ва бошқа моддалар юборилаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Журналист Рустам Жабборов ҳам сўзида давом этаркан, эмлаш жараёнидаги шундай ҳолатларга ишора берган:
“Айтиш керакки, синов учун эмланганларнинг ҳаммасига ҳам ҳақиқий вакцина қилинмайди. Уларнинг бир қисмига плацебо, яъни одамга фойдаси ҳам, зиёни ҳам тегмайдиган сохта препарат юборилади. У билан эмланганлар вакцина олганман, деб хотиржам юраверади. Мақсад – ана шу хотиржамликнинг одам иммунитетига таъсирини ўрганиш. (Ҳар қалай тушунганим шу) Қолаверса, ҳеч қайси вакцина вирусдан юз фоиз ҳимоя қилолмайди. Ким билсин, менга ҳам плацебо қилишгандир. Ёки вакцина ҳимоя қилолмаган камчилик сафидадирман. Хуллас, менда барибир COVID чиқди”.
Рустам Жабборов фикрлари якунида вакцинани инкор қилмаслигини алоҳида урғулаб, сўнгги вақтларда хотиржамликка берилиб қолгани, охирги бир ойда ниқоб тақмаганини тан олган.
Маълумот ўрнида, Ўзбекистонда 13 июль ҳолатига кўра, жами қўлланилган вакциналар сони 5,1 миллион дозани ташкил этмоқда. Шу кунгача тўлиқ эмланганлар эса 938 минг 529 нафарга етди.
Айни вақтда Ўзбекистонда уч турдаги – AstraZeneca (CovieShield), “Спутник V” ҳамда ўзбек-хитой вакциналаридан фойдаланилмоқда.