Ўзбек-қирғиз чегарасидан контрабанда учун фойдаланилган тоннель топилди
Олам
−
13 Июнь 2022
12114Қирғизистон ва Ўзбекистон чегарасида яна бир яширин тоннель аниқланди. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабар берган.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 11 июнь куни махсус хизмат ходимлари ва чегарачилар Ўш вилояти Қора-Сув шаҳарчасидаги уйдан тоннель топишган. Тоннелга кириш қисми ахлат бўлган.
Дастлабки тергов маълумотларига кўра, уй эгаси М.И.М. 2014 йилда Рустам исмли Ўзбекистон фуқароси билан учрашган. 2021 йил сентябрда эса улар Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган тоннел қазишган. Тоннелдан улар товарлар ва пул ўтказмасида фойдаланишган.
Қўлга олинган Қирғизистон фуқароси айбини тан олган ва тергов билан ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирган.
Айтиш жоизки, Қирғизистон ва Ўзбекистонни боғлайдиган тоннель биринчи маротаба топилаётгани йўқ. Бундан аввал ҳам Қирғизистоннинг Ўш вилоятида мамлакатни Ўзбекистон билан боғловчи иккита махфий тоннель аниқланганди.
Биринчи тоннель Ўш вилояти Қора-Сув тумани Тельман қишлоғида топилган бўлиб, чуқурлиги 15 метр, кириш қисми 1,8 метр, эни 1,5 метр, кириш жойидан чегара чизиғигача 40 метр, киришдан чиқиш қисмигача 270 метрни ташкил этади.
Иккинчиси эса Ўш вилоятининг Қора-Сув шаҳридаги турар-жой қўшимча биносининг бетон қопламаси остидан топилган.
LiveБарчаси