“Ўзавиация” ўзбошимча Россия авиакомпаниясининг Наманган–Москва рейсини бекор қилди
Жамият
−
14 Октябрь 2022
13723Ижтимоий тармоқларда “Ямал” авиакомпаниясининг Москва – Наманган – Москва йўналиши бўйича LLM9205/9206 авиақатнови бекор қилингани ҳақида маълумотлар тарқалди. “Uzbekistan Airports” мазкур вазиятга изоҳ берди.
Кеча, 13 октябрь куни Россиянинг “Ямал” авиакомпаниясининг бортида 220 йўловчи бўлган ҳаво кемаси Москва вақти билан соат 15:40да “Домодедово” аэропортидан Наманганга учиши режалаштирилган эди. Авиакомпания авиақатновни амалга ошириш учун назорат қилувчи орган – “Ўзавиация” агентлигига тегишли сўровнома юбормаганлиги боис, ушбу чартер рейси амалга оширилмади.
Наманган халқаро аэропортининг ушбу авиақатновни бекор қилинишига хеч қандай алоқаси йўқ. Аэропорт ходимлари Тошкент вақти билан соат 23:00 да Намангандан Москвага учиши керак бўлган йўловчиларга юзага келган вазият бўйича атрофлича маълумот тақдим этган.
Ўзбекистон Транспорт вазирлиги ҳам ҳолат юзасидан тушунтириш берди.
Қайд этилишича, йўловчиларнинг ҳуқуқлари ва ташувчининг мажбуриятларига риоя этишни таъминлаш мақсадида “Ўзавиация” агентлиги томонидан авиакомпанияларга Ўзбекистон аэропортларига чартер рейсларини амалга ошириш учун ваколатли орган “Ўзавиация”дан тегишли рухсатнома олмасдан туриб авиачипталарни сотиш амалиётини тугатиш тўғрисида огоҳлантириш хати юборилган.
“Ямал” авиакомпанияси ушбу огоҳлантиришга қарамай тегишли рухсатномани олмасдан туриб, қўпол равишда талабларни бузиб, жорий йилнинг 13 октябрь кунига Москва – Наманган – Москва йўналишларида чартер парвозлари учун авиачипталар сотувини ташкил этган.
Натижада авиачиптада кўрсатилган вақтда йўловчилар аэровокзалларга келишган ва белгиланган йўналишда парвознинг бажарилмаслиги йўловчилар ўртасида ижтимоий кескинликка олиб келган.
Шунга қарамай, вазиятни инобатга олган ҳолда “Ўзавиация” агентлиги авиакомпанияга зудлик билан ушбу рейсни амалга оширишга рухсат олиш учун сўровнома беришни таклиф қилган, бироқ авиакомпания экипажнинг иш вақти тугагани ва бошқа экипажлар йўқлиги сабаб парвозни амалга оширишдан бош тортган.
Шу муносабат билан “Ўзавиация” агентлиги томонидан “Ямал” авиакомпаниясига чартер парвозларни ташкиллаштиришда Ўзбекистон Республикаси талабларига катъий риоя этилиши шартлиги тўғрисида огоҳлантириш юборилган. Таъкидланишича, авиакомпания томонидан бундай ҳолат такрорланган тақдирда “Ўзавиация” агентлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида белгиланган чоралар кўрилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь