UzAuto Motors бир кишига 10 та автомобиль сотдими? Компания изоҳ берди
Жамият
−
07 Ноябрь 2023
36595Ижтимоий тармоқларда Chevrolet автомобиллари учун шартнома тузиш билан боғлиқ бир нечта тасдиқланмаган материаллар кенг тарқалди. Мазкур ҳолатлар юзасидан UzAuto Motors расмий муносабат билдирди.
Қайд этилишича, тармоқларда биргина Д.К. исмли харидор томонидан камида 10 дона автомобилга шартнома тузилгани акс этган сурат сиздирилган. Расмий муносабатда айтилишича, жорий йилнинг 3 ноябрь санасида ушбу суратда исми келтирилган фуқаро билан Chevrolet автомобилини сотиб олиш бўйича ҳеч қандай шартнома тузилмаган.
3 ноябрь куни шартномалар Chevrolet Lacetti’нинг фақат L-Stile АТ Plus модели учун мавжуд бўлган. Аммо расмда бир вақтнинг ўзида Lacetti автомобилининг камида 4 та комплектацияси, механик узатмалар қутиси билан жиҳозланган моделини кўриш мумкин.
Бундан ташқари, аввалроқ ҳам, яъни, 28-30 октябрь кунлари бир қатор Тelegram-каналларда 30 октябрдан бошлаб оммабоп автомобиллар сотуви бошлангани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Оқибатда аҳоли Chevrolet дилерлик марказларида шартнома очилмасдан аввал сабабсиз тўпланган.
Шу жумладан, айни кунларда аҳоли ўртасида автомобиль шартномаларини тузиш билан боғлиқ шов-шувларни кўтаришга уриниш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Бунга мисол тариқасида, гўёки дилерлик маркази ходимлари ёпиқ эшиклар ортидан автомобиль сотиб олиш бўйича 50 та шартнома тузганлиги акс этган видеотасвирларнинг кенг тарқалганини ҳам келтириш мумкин.
“Ушбу видео бўйича шуни айтмоқчимизки, Chevrolet автосалонлари билан боғлиқ мазкур ҳодиса бир неча муддат аввал содир этилган бўлиб, жорий йилнинг ноябрь ойида оммабоп автомобиллар учун очилган шартномаларга алоқаси йўқ. Буни видео тасвирлардаги аҳолининг ҳозирги мавсумга мос кийимда эмасликларидан билиш мумкин. UzAuto Motors бундай ҳолатларга жуда жиддий ёндашади ҳамда компанияга ушбу ҳодиса тўғрисидаги маълумот келиб тушиши биланоқ, ушбу дилерлик марказида шартнома тузиш тизими дарҳол узилган. Бундан ташқари, ушбу салон раҳбариятига нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилди”, дейилади компаниянинг расмий муносабатида.
Шунингдек, муносабатда харидорлардан Chevrolet автомобиллари учун контрактация бошлангани ҳақидаги маълумотларни олишда фақат расмий манбаларга таяниш кераклигини, дилерлик марказларида қонунга зид ҳолатларга учраганлар дарҳол компаниянинг расмий алоқа каналлари билан боғланиши сўралган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь