“Ўзагрокимёҳимоя” АЖ тугатилади. Президент уни ваколатларини тақсимлашни маъқуллади

Жамият

image

Бугун, 25 май куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ўсимликларни ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари бўйича йиғилиш ўтказди.

Ўсимликлар ҳимояси – озиқ-овқат маҳсулотлари сифати ва хавфсизлигини таъминлаш, экспорт ҳажмларини оширишда жуда муҳим тизим.

Илгари бу ишлар биргина “Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятига юклатилган эди. Охирги йилларда минерал ўғит ва кимёвий воситалар етказиб бериш билан кластер ва фермер хўжаликлари, тадбиркорлик субъектлари ҳам эркин шуғулланмоқда. “Ўзагрокимёҳимоя” хизматларига талаб эса кундан-кунга камайиб бормоқда.

Шу боис йиғилишда ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича янги тизим ташкил этиш, ҳудудларда бу борадаги хизматларни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

“Ўзагрокимёҳимоя” акциядорлик жамиятини тугатиб, унинг ваколат ва вазифаларини бошқа тузилмаларга ўтказиш таклифи билдирилди. Бунда, ўсимликларни ҳимоя қилиш ва чигирткага қарши курашиш вазифаси Ўсимликлар карантини давлат инспекцияси ўтказилади. Тут парвонасига қарши курашиш Ипакчилик уюшмаси ва унинг таркибидаги кластерлар ҳамда туман ҳокимларига юклатилади. Минерал ўғитлар ва кимёвий воситалар билан таъминлаш эркин бозор тамойиллари асосида тўлиқ хусусий секторга берилади. Шунингдек, ўсимликларга кимёвий ишлов бериш хизматлари ҳам танлов асосида тадбиркорлар томонидан амалга оширилади.

Давлат раҳбари мазкур таклифни маъқуллаб, бу ислоҳотларни амалга ошириш учун Бош вазир ўринбосари раҳбарлигида республика комиссияси ва жойларда вилоят ҳокимлари бошчилигида ҳудудий комиссиялар тузишга кўрсатма берди.

Биолаборатория ва “ўсимликлар клиникалари”ни ташкил этиб, малакали агроном ва энтомологларни жалб этиб, далагача етиб борадиган хизматлар тизимини йўлга қўйиш зарурлигини таъкидлади.

Бунда ҳар бир ҳудуднинг иқлими ва шароитидан келиб чиқиб, иш тутиш талаби қўйилди. Масалан, Сурхондарёда “беда қандаласи”, Бухорода “вилт”, бошқа вилоятларда “помидор куяси” тарқалган.

Шунингдек, ўсимликларни ҳимоя қилиш бўйича хориж тажрибасини ўрганиш, кимёвий воситаларни меъёрида ва муддатида ишлатиш бўйича методология яратиш муҳимлиги айтилди. 

Соҳа ривожини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга “Агробанк” масъул этиб белгиланди. Замонавий лабораториялар ташкил этиш, ускуна ва техникалар сотиб олиш ҳамда хизмат кўрсатувчи корхоналарнинг айланма маблағи учун биринчи босқичда 150 миллиард сўмлик кредит линияси очиш вазифаси қўйилди.

Ўсимликларни ҳимоя қилиш соҳасида хусусий секторни қўллаб-қувватлаш масаласига ҳам тўхталиб ўтилди. Тадбиркорлар харид қиладиган лаборатория жиҳозлари ва бошқа ускуналар бўйича кредит фоизининг асосий ставкадан ошган қисми бюджетдан қоплаб берилиши ҳамда Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш жамғармасидан 50 фоизгача бўлган қисмига кафиллик ажратилиши қайд этилди.

Шунингдек, тадбиркорлар томонидан тупроқ таркиби ва ўсимликларни лабораторияларда таҳлил қилиш бўйича фермер ва деҳқонларга кўрсатилаётган хизматларнинг 30 фоизи бюджетдан қоплаб берилади. Биологик ва кимёвий хизмат кўрсатадиган тадбиркорларга амалдаги солиқ ставкалари 50 фоизга камайтирилади.

Президент соҳада илм-фанни ривожлантириш ва кадрлар тайёрлаш масаласига алоҳида эътибор қаратди. Ўсимликларни ҳимоя қилиш илмий-тадқиқот институтининг моддий-техника базасини яхшилаб, малакали кадрлар ва хорижий мутахассисларни жалб қилиш зарурлигини таъкидлади.

Тошкент давлат аграр университети ва унинг филиалларида соҳа мутахассисларини тайёрлаш тизимини кучайтириш, илмий салоҳиятни ошириш ва замонавий ўқув-лаборатория ускуналари билан таъминлаш бўйича ҳукумат қарори ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Мамлакатда ишлаётган чет эллик агрономларни жалб қилиб, қишлоқ хўжалиги коллежларида ўрта бўғин мутахассисларини қайта тайёрлашни йўлга қўйиш бўйича топшириқ берилди.

Шаҳарлардаги мевали ва манзарали дарахтлар, бута ҳамда гулларни ҳимоя қилиш хизматларини кенгайтириш зарурлиги ҳам айтиб ўтилди.

Соҳа мутасаддилари ва вилоят ҳокимлари янги тизимни самарали ташкил этиш чора-тадбирлари юзасидан ҳисобот берди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев

Баҳолаганлар

149

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг