Уйларни котлован босқичида сотиш ва реклама қилиш тақиқланди. Қирғизистонда!

Олам

−

image

Қирғизистонда қурилиш компаниялари энди бинонинг пойдевори ва ер ости қисмидаги ишлар тўлиқ битмасдан туриб, ундаги квартираларни сотиши ёки харидорлардан маблағ жалб қилиши мумкин эмас. Бундай чеклов Қурилиш, архитектура ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири Нурдан Орунтаев имзолаган буйруқ билан белгиланди. 

Янги тартибга кўра, тақиқ қурилишнинг “нолинчи цикли” деб аталадиган босқич якунлангунига қадар амал қилади. Ушбу босқич пойдеворни барпо этиш ва ер остидаги барча қурилиш ишларини тугаллашни қамраб олади.

Шунга қадар қурилиш ташкилотлари бир нечта фаолият туридан тийилиши лозим. Хусусан, улар:

  • янги бинолардаги квартиралар ва нотурар жойларни сотиши;
  • фуқаролар ёки юридик шахсларнинг маблағларини қурилишга жалб қилишга қаратилган улушли иштирок этиш, дастлабки ва бошқа фуқаролик-ҳуқуқий шартномаларни тузиши;
  • қурилаётган объектларни реклама қилиши мумкин эмас.

Ушбу қоидалар бажарилишини Давлат архитектура-қурилиш назорати кузатиб боради. Талаблар бузилгани аниқланса, идора ўз ваколатлари доирасида қоидабузарларга нисбатан чора кўради.

Қирғизистон Қурилиш вазирлиги эса янги тартибни амалиётга жорий этишдан олдин қурилиш компанияларига унинг мазмун-моҳиятини тушунтирмоқда. Компания раҳбарларига белгиланган чекловлар ҳақида маълумот берилган, шунингдек, уларни бузиш жавобгарликка сабаб бўлиши огоҳлантирилган.

Вазирлик мазкур қарор орқали, биринчи навбатда, уй-жой сотиб олувчиларнинг маблағлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишни мақсад қилган. Бундан ташқари, харидорларнинг ҳали дастлабки қурилиш босқичида турган объектларга пул киритиш билан боғлиқ эҳтимолий молиявий хавфларини камайтириш ҳам кўзда тутилган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг