Уят сизларга! Чемпион Абдусатторовни аэропортда кутиб олишга расмийлардан ҳеч ким келмади

Спорт

image
0:00
0:00
download

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 декабрь куни ўзбекистонлик шахматчи Нодирбек Абдусатторов Польша пойтати Варшавада ўтказилган жаҳон чемпионатида тезкор шахмат бўйича энг ёш жаҳон чемпиони бўлди.

Унинг ўйинини самолётдан томоша қилган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Нодирбекни “Мард ўғлон” давлат мукофоти ва икки хонали уй билан тақдирлади.

Аммо Ўзбекистон расмийлари дунёдаги энг ёш чемпионни кутиб олишни эплай олмади. Гап шундаки, Нодирбек Абдусатторов 1 январдан иккинчи январга ўтар кечаси Тошкентга қайтди.

Энг ёш чемпионни кутиб олишга эса на Туризм ва спорт вазири – Ўзбекистон шахмат федерацияси раиси Азиз Абдуҳакимов, на бошқа расмийлар чиқди.

“Шахматчиларимизни Туризм ва спорт вазирлиги ва Ўзбекистон шахмат федерацияси масъул ходимлари, кенг спорт жамоатчилиги, шахматчиларнинг оила аъзолари ва оммавий ахборот воситалари ходимлари тантанали равишда кутиб олишди”, дея хабар берган вазирлик ўзининг расмий саҳифасида.

Маълумот учун, Жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида 17 ёшли Нодирбек Абдусатторов классик шахмат бўйича амалдаги жаҳон чемпиони норвегиялик Магнус Карлсенни мағлубиятга учратиб, рапид йўналишида энг ёш жаҳон чемпионига айланди.

Мусобақа давомида Нодирбек Карлсендан ташқари Фабиано Каруана (АҚШ), Ян Непомняший (Россия), Левон Аронян (Арманистон) каби замонамизнинг энг номдор ва етакчи шахмат усталарини ҳам мағлуб этди.

Шу ўринда, Ўзбекистонда катта-катта фан олимпиадаларида улкан ютуқларни қўлга киритган, нафақат мамлакатда, балки жаҳонда тенгсиз деб топилган иқтидорли болаларни, шунингдек, спортнинг шахмат каби турларида чемпион бўлганларни кутиб олишда шу аҳвол бот-бот такрорланади.

Ваҳонланки, ўтган йили Токиода ўтказилган Олимпия ва Паралимпия ўйинлари иштирокчиларини кутиб олиш маросимида Сенат раисидан тортиб, Бош вазиргача турли даражадаги амалдорлар қатнашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Нодирбек Абдусатторов

Баҳолаганлар

3328

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made