Уй учун тўловларни олиб, фирибгарлик қилган шахслар қидирувга берилди
3-саҳифа
−
28 Апрель
14858Тошкент шаҳар ИИББга бир нечта фуқаролар ариза билан мурожаат қилиб, янги қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонлар учун тўловни амалга оширгани, бироқ МЧЖ томонидан шу кунга қадар хонадонлар топширилмагани сабабли уларга нисбатан қонуний чора кўришни сўраган. Бу ҳақда ИИББ матбуот хизмати хабар берди.
Ўтказилган текширув жараёнида аниқланишича, 1977 йилда туғилган Обид Арипович Шарипов “MAX-HOUSE-GROUP” МЧЖни ташкил қилиб, ўзининг шериклари 1982 йилда туғилган Ахтам Ахмадович Осимов ва 1989 йилда туғилган Азизбек Алижонович Самандаровлар билан бирга бир нечта фуқароларга нисбатан фирибгарлик содир этган.
Билдирилишича, Шарипов МЧЖ номидан Учтепа ва Чилонзор туманларида қурилаётган кўп қаватли уйлардаги хонадонларни сотишини маълум қилиб, фуқаролардан хонадонлар учун тўловларни қабул қилиб олган.
“Ваҳоланки, ушбу кўп қаватли уйлар қурилиши учун ҳеч бир мутасадди ташкилотлардан рухсат олмасдан ва уй қуришга керакли бирон-бир ҳужжатларга эга бўлмасдан, кадастр ҳужжатлари йўқ бўлган хонадонларни фуқароларга сотишини билдириб, алдов йўли билан жуда кўп миқдордаги пулларни ўзлаштириб олишган”, дейилади хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми ("Фирибгарлик") билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов жараёнида Шариповга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланган. Гумонланувчилар Самандаров ва Осимовлар терговдан қочиб яширинганлиги сабабли, улар қидирувга берилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
“Агар сиз ушбу шахслардан жабр кўрган бўлсангиз ёки қидирувдаги шахсларнинг қаерда эканлиги ҳақида бирор маълумотга эга бўлсангиз, Тошкент шаҳар ИИББнинг 71-206-42-28, 71-206-49-46 ёки 102 рақамларига мурожаат қилишингизни сўраймиз”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент шаҳрида 40 ёшли аёл фирибгарлик йўли билан 83 кишининг номига кредит эвазига маҳсулотларни харид қилгани маълум бўлган ва у 5 йилу 2 ойга озодликдан маҳрум қилинганди.
LiveБарчаси