Ўтган йили Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилди

Жамият

image

Ўтган йили Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етди. Бу ҳақда бугун, 2 февраль куни Президент Шавкат Мирзиёев кўмир ва уран саноатида амалга оширилаётган ишлар ҳамда яқин истиқболга мўлжалланган режалар юзасидан тақдимот билан танишиши чоғида маълум қилинди.

Кўмир ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, соҳада рақобат муҳитини кучайтириш ва мавжуд захиралардан самарали фойдаланиш масалалари муҳокама қилинган.

Қайд этилишича, 2025-2026 йиллар куз-қиш мавсумида 10 миллион тонна кўмир қазиб олиш режалаштирилган бўлиб, бу ўтган мавсумга нисбатан 1,3 миллион тоннага кўп. Ҳозиргача 9 миллион тонна кўмир қазиб олинган, ўсиш 590 минг тоннани ташкил этган. Кейинги мавсумда ишлаб чиқариш ҳажмини 11 миллион тоннага етказиш зарурлиги қайд этилган.

Бунинг учун Тошкент ва Жанубий ҳудудларда жойлашган конларни ўзлаштиришни жадаллаштириш, селектив қазиб олишни кенгайтириш, аутсорсинг асосида қўшимча экскаватор ва техникалар жалб қилиш муҳим экани таъкидланган. Хусусий тадбиркорлар иштирокини кенгайтириш орқали 2026 йилда қўшимча 2,5 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш режалаштирилган.

Ангрендаги Нишбош кўмир конини ўзлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратилган. Захираларининг ҳажми 233 миллион тонна ва қиймати қарийб 500 миллион долларга баҳоланаётган ушбу инвестиция лойиҳаси доирасида 2026 йилда қазиб олиш ишларини бошлаш ҳамда 1 миллион тонна кўмир қазиб чиқариш, келгусида йиллик қувватни 10 миллион тоннага етказиш кўзда тутилган. Лойиҳа доирасида 880 та доимий иш ўрни яратилади.

Тақдимотда кўмирни чуқур қайта ишлаш асосида янги турдаги саноат маҳсулотларини ишлаб чиқаришга қаратилган лойиҳа ҳам кўриб чиқилган. “Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти ташаббуси билан кўмирни кимёвий қайта ишлаш орқали полимер маҳсулотлар олишни ташкил этиш режалаштирилган. Лойиҳа қиймати 5 миллиард доллар бўлиб, унинг натижасида йилига 8-9 миллион тонна кўмирни қайта ишлаш ва 1,18 миллион тонна полимер маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари барпо этилади.

Ўтган йили Ўзбекистонда 7 минг тонна уран ишлаб чиқарилиб, аниқланган захиралар эса 139 минг тоннага етган.

Жорий йилда Арнасой, Ғарбий Қизилқоқ, Жанубий Жонгелди, Шарқий Ағрон конларини ўзлаштиришни бошлаш режалаштирилган.

Хомашё қазиб олиш ҳажмининг кўпайиши муносабати билан уни қайта ишлаш қувватларини ҳам ошириш зарурлиги қайд этилган.

Уранни қайта ишлаш қувватларини сульфат кислотаси ҳамда уни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган техник олтингугурт билан барқарор таъминлаш чора-тадбирлари белгилаб олинган.

Президент кўмир ва уран саноатида режалаштирилган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли бажариш, ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш, иқтисодий самарадорликни кучайтириш юзасидан мутасаддиларга тегишли топшириқлар берган.


Мақола муаллифи

Теглар

кўмир уран

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг