Ўзбекистонда уран ишлаб чиқариш икки баравар оширилади
Жамият
−
18:48 739 3 дақиқа
Ўзбекистонда 2030 йилгача уран ишлаб чиқариш ҳажмини жорий йилдаги 7,5 минг тоннадан 15 минг тоннага, аниқланган захиралар ҳажмини эса 200 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда бугун, 5 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев танишган “Навоийуран” корхонаси ва “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” акциядорлик жамиятининг 2026 йилдаги устувор вазифалари ҳамда келгуси режалари юзасидан тақдимотда сўз боради.
Қайд этилишича, тақдимотда дастлаб “Ўзбекистон технологик металлар комбинати” фаолияти ва уни ривожлантириш режалари кўриб чиқилган. Комбинатда геология-қидирувдан тортиб, қазиб олиш, бойитиш, чуқур қайта ишлаш ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришгача бўлган тўлиқ технологик занжирни шакллантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Жорий йил якунига қадар 12 та инвестиция лойиҳасини ишга тушириш, маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар турини кўпайтириш, юқори софликдаги селен ва теллур ишлаб чиқаришни кенгайтириш режалаштирилган.
Давлат раҳбари муҳим минераллар бўйича истиқболли лойиҳаларни тезлаштириб, мавжуд 5 турдаги маҳсулотга (вольфрам, молибден, селен, теллур, рений) қўшимча равишда яна 11 турдаги маҳсулот (никель, кобальт, графит, сурма, қалай, марганец, платина, ванадий, симоб ва мис) ишлаб чиқаришни ўзлаштириш вазифасини қўйган. Шунингдек, соҳага илм-фан ютуқларини кенг жалб этиб, қўшимча минерал захираларни аниқлаш муҳимлиги таъкидланган.
Режага кўра, 2030 йилгача 16 турдаги муҳим металлар бўйича ишлаб чиқариш ҳажмини 2,7 миллиард доллардан ошириш кўзда тутилмоқда.
Айниқса, вольфрамни чуқур қайта ишлаш бўйича йирик лойиҳалар ишлаб чиқилган. Уларни амалга ошириш учун 1,1 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш, 2030 йилга бориб, ушбу йўналишда ишлаб чиқариш ҳажмини қарийб 2,2 миллиард долларга етказиш мўлжалланган.
Шунингдек, ноёб ва камёб ер элементларига бой истиқболли майдонларни ўзлаштириш, комбинатнинг ресурс базасини кенгайтириш ва инвестиция лойиҳаларини жадаллаштириш юзасидан таклифлар кўриб чиқилган.
Тақдимотда “Навоийуран” корхонасининг жорий йилдаги фаолияти ва ишлаб чиқаришни ривожлантириш режалари ҳам муҳокама қилинган.
Сўнгги йилларда жаҳон бозорида уран хомашёсига талаб 15-20 фоизга ошган. 2030 йилгача эса яна 28 фоизга ўсиши кутилмоқда.
Бундай шароитда мамлакатда уран қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш, янги конларни ўзлаштириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш ва уран саноатини зарур ресурслар билан барқарор таъминлаш муҳим аҳамият касб этмоқда.
Шу мақсадда жорий йилда геология-қидирув ва технологик бурғилаш ишларини кенгайтириш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш, қўшимча сорбция қурилмаларини ишга тушириш ҳамда 250 та янги иш ўрни яратиш режалаштирилган.
Корхонанинг ишлаб чиқариш ҳажмларини оширишда зарур кимёвий реагентлар таъминоти муҳим ўрин тутади. Шу боис, маҳаллий саноат корхоналари ўртасидаги кооперацияни кучайтириш, техник олтингугурт, сульфат ва нитрат кислотасини етказиб бериш ҳажмларини кўпайтириш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан ахборот берилган.
Президент ишлаб чиқаришда муқобил технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, 2030 йилгача сульфат кислотаси ўрнини босувчи реагентлар улушини 40 фоизга етказиш зарурлигини қайд этган.
Умуман, ушбу чора-тадбирлар ва янги ишлаб чиқариш қувватлари ҳисобига 2030 йилгача уран ишлаб чиқариш ҳажмини жорий йилдаги 7,5 минг тоннадан 15 минг тоннага, аниқланган захиралар ҳажмини эса 200 минг тоннага етказиш режалаштирилмоқда.
Тақдимот якунида мутасаддиларга инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш, корхоналарнинг минерал-хомашё базасини мустаҳкамлаш, янги технологик қувватларни ишга тушириш, юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ва экспорт ҳажмини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилган.
Live
Барчаси