“Хўлу қуруқ баробар ёнмасин”: Усмонов россиялик спортчиларни ҳимоя қиляпти
Олам
−
09 Декабрь 2019
7531Россиялик миллиардер, Халқаро қиличбозлик федерацияси президенти Алишер Усмонов тақиқланган моддаларни истеъмол қилмаган росссиялик спортчиларни ҳимоя қилди. Бу ҳақда “Российская газета” хабар берди.
Бутунжаҳон аксилдопинг агентлиги (WADA) раҳбари Крейг Ридига йўлланган мактубда Усмонов халқаро мусобақаларда барча россиялик спортчиларни ўз байроғи остида иштирок этишини тақиқлашни қоралаган. Мактуб нусхаси Халқаро олимпия қўмитаси президенти Томас Бахга юборилган.
Усмонов “допингга қарши аёвсиз кураш судсиз жазолашга ва бир қоидабузарликнинг такрорланиши учун янги санциялар қўллашга айланмаслиги кераклигин” маълум қилган.
“Айбдорларни жазолаш айбсизларни оддий инсоний ҳуқуқларидан маҳрум қилмаслиги лозим. Ушбу мақсаддан келиб чиқиб, айбсиз россиялик спортчиларни камситиш ва асоссиз чекловларсиз халқаро мусобақаларда иштирок этиш ҳуқуқини таъминлашни таклиф қиламан”, деб ёзган Усмонов.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ (WADA) Россияни тўрт йилга йирик халқаро мусобақалардан четлашишни тавсия қилгани хабар қилинган эди.
WADA ижроия қўмитаси якуний қарорни бугун, 9 декабрда қабул қилиши керак.