Усмонхон Алимов билан учрашув талаб қилган икки шахсга суд ҳукми эълон қилинди

Жамият

image

Жорий йилнинг 8 апрель куни Ўзбекистон Мусулмонлар идораси раиси муфтий Усмонхон Алимов билан учрашувни ташкиллаштиришни қўпол тарзда талаб қилган Рустамбек Каримов ва Тулкун Астанов устидан шу йилнинг 6 сентябрь куни Тошкент шаҳар судида очиқ суд иши бошлангани ҳақида хабар берган эдик. Бугун, 18 октябрь куни суд иши ниҳоясига етди ва ҳукм эълон қилинди. 

Мазкур жиноят иши жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Ориф Қличев раислигида кўриб чиқилди.

Эълон қилинган суд ҳукмига кўра,

Рустамбек Каримов (1975 йилда Тошкент шаҳрида шаҳрида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта, муқаддам судланган, вақтинча ишсиз) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. 

Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 1-қисми билан 2 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 59-моддаси (бир неча жиноят содир этганлик учун жазой тайинлаш) 8-қисми тартибида жиноят ишлари бўйича Сирғали туман судининг 2019 йил 16 майдаги ҳукми билан тайинланган жазонинг ўталмаган қисмини қисман қўшиш йўли билан узил-кесил ўташ учун 3 йил 1 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазо манзил колонияларда ўтаттириш белгиланди.

Тулкун Астанов (1971 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, миллати - ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти – ўрта-махсус, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз) Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 244-1-моддаси (жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисми “г” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилди. 

Унга Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 244-1-моддаси 3-қисми “г” банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 72-моддаси (шартли ҳукм қилиш) тартибида, тайинланган 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартли деб ҳисобланиб, 2 йил синов муддати белгиланди. Синов муддати ҳукм чиқарилган кундан бошлаб ҳисобланиши кўрсатилди.

Мазкур жиноий иш бўйича судга раислик қилувчи томонидан судланувчиларга ва бошқа томонларга ҳукм устидан шикоят қилиш тартиби ва муддати тушунтирилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

204

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг