Ўшдаги даҳшатли ёнғинда уч қизалоқ ҳалок бўлди (видео)
Олам
−
13:19 706 1 дақиқа
Қирғизистоннинг Ўш шаҳрида юз берган даҳшатли ёнғинда уч нафар қизалоқ ҳалок бўлди, уларнинг отаси танасининг 60 фоизи куйиш жароҳати билан шифохонага ётқизилди. Бу ҳақда мамлакат Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, фожиа кеча, 15 ноябрь куни содир бўлган. Уста Абдуҳалил кўчасидаги хусусий уйда аланга соат 04:00 атрофида бошланган, бироқ ёнғин хизматига қўнғироқ орадан 40 дақиқа ўтгачгина келиб тушган. Оловни 3,5 соатдан сўнг ўчиришга муваффақ бўлинган. Ёнғин майдони 120 квадрат метрни ташкил этган.
Билдирилишича, ёнғин жойида 2013, 2016 ва 2018 йилларда туғилган уч нафар боланинг жасади топилган, шунингдек, 1991 йилда туғилган эркак танасининг 60 фоизи куйиш жароҳати билан вилоят шифохонасига ётқизилган.
ФВВнинг дастлабки маълумотларига кўра, ёнғинга ошхонадаги электр симларининг қисқа туташуви ёки электр иситгичдаги носозлик сабаб бўлган бўлиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланд жанубидаги Пхукет курорт оролида жойлашган савдо биносида ёнғин содир бўлганди. Оқибатда 11 киши ҳалок бўлиб, яна 16 киши жароҳатланган эди.
Live
Барчаси