Уруш юзига айланган аёлнинг расми 100 минг долларга сотилди
Олам
−
31 Март 2022
11244Америкалик рассом Женя Гершманнинг Украинадаги уруш рамзларидан бирига айланган аёл сурати акс этган асари кимошди савдосида 100 минг долларга сотилди. Рассом ижодига мансуб асарнинг асли фотосурат бўлиб, у “Анадолу” ахборот агентлигининг Украинадаги фотомухбири Волфганг Шван томонидан туширилган.
АҚШнинг йирик аукцион ташкилоти Heritage Auctions маълумотларига кўра, рассом Гершман “Анадолу” ахборот агентлиги фотомухбири Шваннинг томонидан 24 февраль куни туширилган суратни чизган. Суратда Россия Қуролли кучлари томонидан навбатдаги ўққа тутилиши натижасида яраланган ва боши боғланган, юзида яралар, қон излари бўлган харьковлик Елена Курило акс этган.
“Урушнинг биринчи юзи: Украина ўқитувчисининг самимий портрети, 2022 йил”, деб ном олган санъат асари 100 минг АҚШ долларига сотилган. Сотувидан тушган маблағ Украина Қизил Хоч жамиятига ўтказилади.
“Тинч аҳоли можаро гувоҳи ва бошқаларга қараганда кўпроқ азоб чекмоқда. Ҳар қандай можарода жангларда фаол иштирок этмайдиган одамларнинг азоб-уқубатларини таъкидлаш муҳимдир. Бу тинч аҳолининг азоб-уқубатларини кўришга ёрдам беради”, дейди Шван ўзи туширган суратга изоҳ бераркан.
Рассом Гершман ўз навбатида санъат кучига ишонишини айтди.
“Мен ҳақиқатни тасвирлаш каби оддий ҳаракат дунёни ўзгартириши мумкинлигига ишонаман. Мен идеалистман ва бундан яхши нарса чиқишини билардим”, дейди у.
LiveБарчаси