Уруш майдонида қолаётган ўзбекистонликлар қай аҳволда? Улар қандай қайтмоқчи? (интервью)

Интервью

Украинадаги вазият дақиқа сайин жиддий тус олмоқда. Анчадан буён мамлакат теварагида кузатилаётган таҳликали вазият 24 февралдан унинг ичига ҳам дахл қилишни бошлади. Украинанинг энг йирик шаҳарлари – Харьков ва Киев даҳшатли манзара қамровида қолган. Одамлар сумкаларини олиб уёқдан буёққа қочмоқда. Яшириниш учун энг мақбул жой – метро станцияси ва ертўлалар бўлмоқда. Бироқ бу ҳам қўрқувни аритаётгани йўқ. Мамлакат аллақачон озиқ-овқат муаммоси юзага келган. 

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлигига ишонилса, Украинада 4300 дан ортиқ фуқаролар бор. Уларнинг аксарияти талабалар. QALAMPIR.UZ воқеаларнинг асосий нуқтаси бўлган Харьковда қолаётган ўзбекистонликларни топди. Харьков миллий техника университети 4-босқич талабаси Хушнуд Ўткиров билан суҳбатни аслида кеча, 24 февраль куни тақдим этишимиз керак эди. Бироқ суҳбатга тайёргарлик кўраётганимизда Хушнуддан "Узр. бизни зудлик билан эвакуация қилишяпти, метро станциясига кириб кетяпман", деган SMS келди. Шунг сўнг, Хушнуд алоқага чиқмади. Бугун, 25 февраль куни соат 06:00 да у яна ётоқхонага қайтди ва QALAMPIR.UZ билан метрода ўтган тун тафсилотларини бўлишди. 

Ушбу видеоинтервьюни юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.

Қуйида эса интервьюнинг матни билан танишиш мумкин. 

Қамариддин Шайхов, журналист: — Украинада вазият қандай?

Хушнуд Ўткиров, Украинадаги ўзбекистонлик талаба: — Ҳозир Харьковда аҳвол жуда ёмон деб бўлмайди. Биз айни дамда ётоқхонамизга қайтганмиз.

Қ.Ш.: — Ўзбекистонликлар билан вазият қандай?

Х.Ў.: — Ҳозир Харьков миллий техника университетида ўқийдиган барча ўзбекистонлик талабалар ва бошқа университетда ўқийдиган ўзбеклар ҳам бизнинг ётоқхонамизда.

Қ.Ш.: — Кеча сиз билан интервью қилишимиз керак эди. Сизларни зудлик билан метрога эвакуация қилишаётгани ҳақида айтдингиз. Кеча метро станциясида тунадингизми?

Х.Ў.: — Кеча Ўзбекистон вақти билан 15:30 ларда бизга барча талабалар ётоқхонамизга яқин бўлган Пушкин метро бекатига эвакуация қилиниши кераклиги ҳақида хабар беришди. Эвакуация хавфни олдини олиш мақсадида амалга оширилган эди. Ҳамма талабалар тонггача метро бекатида қолдик.

Қ.Ш.: — Пушкин бекатида сиз билан бирга қанча ўзбекистонлик талабалар бор эди?

Х.Ў.: — 25 га яқин.

Қ.Ш.: — Сизлар билан маҳаллий аҳоли вакиллари ҳам бормиди? Ёки фақат чет эл фуқаролари эвакуация қилиндими?

Х.Ў.: — Албатта, нафақат талабалар, балки маҳаллий аҳоли ҳам бор эди. Эвакуация жараёнлари ҳам мажбурий амалга оширилмади. Ҳатто, ётоқхонада тунаганлар ҳам бўлди. Метрода бир мунча ҳимояда бўламиз деб курсдошлар билан шу ерда қолишни тўғри деб билдик.

Қ.Ш.: — ОАВга кўра тинч аҳоли вакиллари озиқ-овқат маҳсулотларини ғамлашни бошлаган. Банкларда ҳам нақд пул олиш учун турнақатор навбатлар юзага келган. Вазият ҳақиқатан ваҳималими?

Х.Ў.: — Озиқ-овқат маҳсулотлари харид қилиш, банкоматдан пул ечиш билан боғлиқ навбатлар мавжуд. Лекин навбатлар ваҳима қиладиган даражада эмас. Кўпчилик ўзига керак маҳсулотни харид қилиш билан кифояланяпти. Бугун Украинада чиройли ҳолат бўлмаса-да, маҳаллий фуқаролар, қолаверса, чет эл фуқаролари ҳам тартиб билан иш кўришяпти.

Қ.Ш.: — Кеча QALAMPIR.UZ’га йўллаган видеоларингиздан аён бўлишича одамлар чамадонлар, йирик-йирик сумкалар билан метро станциясида қолишган. Сиз ҳам ўзингиз билан керакли буюмлар озиқ-овқат маҳсулотларини олгамидингиз ёки озиқ–овқатлар ҳукумат томонидан тарқатиляптими?

Х.Ў.: — Озиқ-овқат маҳсулотлари ҳукумат томонидан берилмаяпти. Кимдир қўл сумкаси, кимдир чамадондан билан метрога тушган. Ҳамма биринчи навбатда энг зарур буюмларини олганди. Бу – паспорт ва бошқа керакли ҳужжатлар, шу билан бирга, озиқ-овқат, зарур кийимлар ва гигиеник воситалар

Қ.Ш.: — Эвакуация талабми ёки ихтиёрий жараён? Балки бу фуқаро мудофааси томонидан қўйилган талабдир.

Х.Ў.: — Эвакуация жараёни икки марта амалга оширилди. Кеча сизлар билан боғланолмай қолган вақтимизда ҳақиқатан ҳам эвакуация қилиш масаласида буйруқ келди. Метрода 4 соатча бўлдик ва портлаш овозлари эшилмаганидан сўнг, юқорига чиқдик. Бу аслида ҳимояланиш учун эди. Аслида шаҳарда ижтимоий тармоқлардаги каби ваҳима мавжуд эмас.

Қ.Ш.: — Талабалар ва маҳаллий аҳоли метродан бошпана излаган бир вақтда, метролар ўз фаолиятини давом этирдими?

Х.Ў.: — Йўқ. Бу ҳолатда метро умуман юргани йўқ. Аксинча, метрода тунаганлар учун шароит яратилди.

Қ.Ш.: — Ўзбекистон элчихонаси, консуллик қандай ишлар билан банд? Улар сизлар билан боғланиб, ҳуқуқий ёки бирор воситалар учун ёрдам беришяптими?

Х.Ў.: — Бу ҳолат юзага келгач, биз Ўзбекистон элчихонасига алоқага чиқдик. Элчихона Киевда жойлашган. Харьков ва Киев ўртасидаги масофа ўртача 500 км. Йўлдаги тирбандликлар сабабли элчихона вакилларининг Харьковга етиб келишлари озгина қийин бўлди. Бошқа университет талабалари билан суҳбатда бўлиб, талабалар Львов ҳудудига етиб боришса, элчихона вакиллари барчани Польша давлатидан Ўзбекистонга юбориш режаси борлигини айтишган.

Қ.Ш.: — Ҳозир элчихона билан мулоқот қиляпсизларми? Хавф Украина остонасига етиб келаётганда кўп мамлакатлар аҳолисини огоҳлантирди. Элчихонадаги дипломатларни олиб чиқиб кетишди. Фуқароларга эса Украинага бормаслик ёки у ерни тарк этиш тавсия этилган эди. 30 га яқин мамлакатлар шу каби ҳаракатларни икки уч ҳафта олдиндан бошлаганди. Ўзбекистон жуда вазминлик билан вазиятга баҳо бераётганди. Бирданига уруш бошланиб кетди. Бу вазиятда ҳам элчихонадагилар вазминми?

Х.Ў.: — Бундай бўлишини ҳеч ким билмаган эди.

Қ.Ш.: — Бу уруш хавфи ҳақида дунё бонг ураётган эди.

Х.Ў.: — Элчихона олдиндан Украинани тарк этишимиз кераклиги ҳақида айтмади. 23 февраль куни ким хоҳласа Украина ҳудудини тарк этиши мумкинлиги ҳақида айтишди ва биз улгурмай қолдик. Сабаби 24 февраль куни уруш бошланиб кетди ва ҳаво йўллари ёпилиб қолди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия-Украина уруши Украинага босқин

Баҳолаганлар

119

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг