“Уруш иқтисодиёти режими”. ЕИ ҳарбий саноатни ислоҳ қилиш бўйича улкан режани тақдим этди
Олам
−
06 Март
3683Еврокомиссия кеча, 5 март куни Европа Иттифоқи тарихида мудофаа саноати соҳасида биринчи стратегия ва бу соҳадаги 1,5 миллиард евролик янги қўллаб-қувватлаш дастурини тақдим этди. Ушбу маблағлар ЕИ бюджетидан 2025 йилдан 2027 йилгача бўлган даврда ажратилиши кутилмоқда. Бу ҳақда Еврокомиссия матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, дастурнинг мақсадларидан бири Европа Иттифоқи доирасида мудофаа саноати соҳасида ҳамкорлик доирасини мустаҳкамлашдан иборат. Режа биргаликда молиялаштириш ва қуролларни буюртма қилиш, Европа Иттифоқи ҳарбий-саноат комплексини модернизация қилиш мудофаа компанияларини мустаҳкамлаш бўйича бошқа чора-тадбирларни назарда тутади. Дастур бюджети, шунингдек, Европа Иттифоқининг Украина билан мудофаа саноати ҳамкорлигини ва Украина мудофаа секторининг саноат ва технологик базасини ривожлантиришни қўллаб-қувватлайди.
“Биз парадигмани ўзгартиришимиз ва уруш иқтисодиёти режимига ўтишимиз керак. Бу Европа мудофаа саноати кўпроқ таваккалчиликларни ўз зиммасига олиши кераклигини англатади. Юқори шиддатли урушнинг чегарамизга қайтишига қарши туриш учун биз юқорида шунга ўтишга қарор қилдик”, дейди Европа Иттифоқининг ички бозор бўйича комиссари Тьерри Бретон.
Европа мудофаа саноати стратегияси узоқ муддатли истиқболда европалик қурол ишлаб чиқарувчиларни инвестицияларни кўпайтиришга, ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга ва биринчи марта ўзларида мавжуд бўлган қуролларни биргаликда каталоглаштиришга, рағбатлантиришга қаратилган.
"Биз хавфсизлигимиз учун кўпроқ масъулиятни ўз зиммамизга олишимиз, шу билан бирга, албатта, НАТОдаги иттифоқимизга тўлиқ содиқлигимизни сақлаб қолишимиз керак", дейди Европа Комиссияси вице-президенти Маргрет Вестагер.
Тьерри Бретон томонидан тақдим этилган таклифлар орасида ўқ-дорилар, қурол-яроғ ва ҳарбий техникани марказлаштирилган тарзда сотиб оладиган агентлик яратиш орқали харидлар тизимини такомиллаштириш ҳам бор. Янги стратегия Европа Иттифоқи мамлакатларини 2030 йилга бориб камида 40 фоиз мудофаа ускуналарини биргаликда сотиб олишга ва 2030 йилга келиб Европа Иттифоқи ичидаги мудофаа савдоси қиймати Европа Иттифоқи мудофаа бозори қийматининг камида 35 фоизини ташкил этишини таъминлашга чақиради.
Бретон ислоҳот тақдимотини эълон қилганида айтган яна бир таклиф – инқироз даврида қурол сотиб олиш бўйича тендерларда Европа компанияларига устуворлик берилиши керак. Франциянинг “Le Monde” газетаси Европадаги аноним амалдорнинг изоҳига таяниб, Европадаги ҳарбий харидларнинг асосий қисми қитъадан ташқарида амалга оширилаётганини ёзди.
“2022 йилдан бери қурол ва ҳарбий техника харидларининг 75 фоизи ноевропалик фирмаларга, 68 фоизи эса Америка компанияларига тўғри келади”, дейди нашр суҳбатдоши.
Унинг сўзларига кўра, европаликлар Европада харидлар улушини камида 50 фоизга оширишга интилмоқда. Янги стратегияда кўрсатилишича, Европада харидларнинг 50 фоизига 2030 йилгача эришиш режалаштирилган ва 2035 йилга келиб бу кўрсаткич 60 фоиз бўлиши керак.