Уруш бошлангандан бери илк бор Европа кемаси Ҳормуз бўғозидан ўтди

Олам

image

Франциянинг CMA CGM компаниясига тегишли кема Ҳормуз бўғозидан ўтган биринчи Ғарбий Европа кемаси бўлди. Бу воқеа Эрон билан уруш бошланганидан бери илк марта қайд этилди. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.

Мальта байроғи остида ҳаракатланган CMA CGM Kribi Дубай яқинидан шарқ томонга йўл олган. Кема Эрон қирғоқлари бўйлаб ҳаракатланиб, Қешм ороли ва Ларак ороли орасидаги махсус йўлак орқали ўтган.

Маълум қилинишича, уруш сабаб март ойидан бери кўплаб хорижий кемалар Форс кўрфазида тўхтаб қолган эди. Ушбу кема эса эҳтимол Эрон денгиз идоралари билан олдиндан келишув асосида ўтган.

Кема Пуант-Нуар томон йўл олган бўлиб, у Ҳиндистон-Форс кўрфази-Африка йўналишида қатнайди. Бу транзитдан олдин фақат Хитой билан боғлиқ кемалар муваффақиятли ўтган эди. Энди бу ҳолат бошқа компанияларни ҳам қатновларни қайта бошлашга ундаши мумкин.

Шу билан бирга, Эрон ва Уммон Ҳормуз бўғозидан хавфсиз ўтиш бўйича янги тартиб ишлаб чиқаётгани айтилди. Эрон томони айрим кемалардан бож (1 доллар/баррель атрофида) олишни ва ҳисоб-китобни юань ёки криптовалюта орқали қилишни ҳам кўриб чиқмоқда.

Яна бир муҳим ҳолат – Sohar LNG ҳам бўғозга кирган. Агар у муваффақиятли ўтса, бу уруш бошланганидан бери биринчи газ ташувчи танкер ҳаракати бўлади.

Умуман олганда, бу воқеалар ҳудудда кемалар ҳаракати аста-секин тикланаётганини кўрсатмоқда. Аммо ҳозирча нефть ва газ ташувчи йирик танкерлар хавф юқори бўлгани учун бу йўналишдан эҳтиёткорлик билан фойдаланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Президенти Эммануэль Макрон Ҳормуз бўғозини ҳарбий йўл билан очишга уринишни реал эмас деб баҳолаганди. Унга кўра, Франция ҳеч қачон бу масалани куч ишлатиб ҳал қилиш тарафдори бўлмаган. Макроннинг сўзларига кўра, бўғозни ҳарбий операция орқали очиш ғояси амалда ишламаслиги мумкин, чунки бу қанча вақт олиши номаълум ва шу ҳудуддаги давлатлар қирғоқлари хавф остида қолади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ҳормуз Sohar LNG CMA CGM

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг